18:50 / 12.02.2022
2 169

TikTok ва Instagram’ни портлатаётган «акробат келин» — Асал билан интервью

TikTok ва Instagram’ни портлатаётган «акробат келин» — Асал билан интервью
Ижтимоий тармоқларда ўзбек миллий либосларини кийиб, мураккаб трюкларни бажараётган қизни кўрган бўлсангиз керак? У атлас кўйлак ва бошда рўмол билан машҳур хориж фильмларидаги мураккаб трюкларни ҳам бажаришга муваффақ бўлди. Асл исми Асал Сапарбоева бўлган спортчи-блогер билан яқиндан танишиш мақсадида, интервью ташкиллаштирдик. У суҳбат давомида профессионал спортдан кетиб блогерликни танлагани, соҳадаги муаммолар ва шахсий ҳаёти ҳақида гапирди.

Нега айнан Littos?

Фото: Instagram / @yaroslav_nikolenko
Littos — инглиз тилидаги «Love in the times of sport» сўзининг қисқартмасидан олинган. Спортни севганим учун ҳам айнан шу номни танлаганман. Ҳаётим спорт билан боғлиқ. Турмуш ўртоғим ҳам худди мендек спортни севади. Шу боис Littos тахаллуси билан фаолият юритишни маъқул кўрганман.

Спортга неча ёшимдан қизиққанимни аниқ билмайман. Чунки мен гимнастика билан шуғулланмасимдан аввал, кўприкча бўлиб туриш, шпагат очиш каби ҳаракатларни бажаролардим. Баъзан телевизорда кўрсатилган гимнастикачиларнинг хатти-ҳаракатларини бажаришга ҳаракат қилардим. Шу боис, мени 5 ёшимда спорт гимнастикасига олиб боришди. Мана шундан кейин ҳаётим спорт билан билан боғланди. Аммо гимнастика мен ўйлагандек батутдан сакраб юришдек мароқли эмас экан. Унинг ҳам ўзига яраша қийинчиликлари бор.


«Кўп миллатли оилада туғилганман»

Фото: Instagram / @yaroslav_nikolenko
Оилам у қадар катта эмас. Онам, холам ва жиянларим бор. Уларнинг бари Тошкентда яшайди. Онам узоқ йиллардан бери ветеринар-шифокор бўлиб ишлайди. Яқинларим мени ҳамиша қўллаб-қувватлайди. Бирор марта қизиқишларимга қарши чиқиб, спортни чеклашмаган. Аксинча, иккиланиб, бир қарорга келолмай қолган пайтимда «Сен буни уддалайсан, қўлингдан келади», деб куч бағишлашади. Аммо баъзан онам интернетдаги мураккаб трюкларимни кўриб, хавотирга тушади. Шунда ҳавотир олманг, ҳаммаси режа асосида, ўйламасдан иш қилаётганим йўқ, деб овутаман.

Кўпчилик қайси миллат вакиласи эканлигимга қизиқади. Кўп миллатли оилада дунёга келганман. Менда татар, қозоқ, ўзбек ва араб қонлари бор. Шундай бўлса-да, Ўзбекистон фуқаросиман
.

«Ҳар бир куним спорт залида ўтди»

Фото: «Afisha.uz»
Мен 5 ёшимдан 17 ёшимга қадар узлуксиз спорт билан шуғулланганман. Шу йиллар оралиғидаги ҳар бир куним спорт залида ўтган. Баъзан фақат таътил кунлари дам олишга рухсат беришган холос. Ундан кейин институтга кириш арафасида спортдан бирозгина узилишимга тўғри келди. Кўп эмас, бор-йўғи бир ой залга бормадим. Аммо жуда зерикдим. Спортни қанчалик яхши кўришимни англадим. Шундан кейин ҳаваскор спортчи сифатида фаолиятимни давом эттиришга қарор қилдим.

Хитой циркидаги фаолияти...

Фото: Instagram / @yaroslav_nikolenko
Шу кунгача дунёнинг 18 та давлатида бўлганман. 2008 йилгача ўз ҳисобимиздан чет давлатларига чиққанмиз. У пайтларда ҳомийлар деярли йўқ эди. Ундан кейин устозимиз Оксана Чусавитина спорт мактабларига бориб, иқтидорли ёшларни терма жамоага қабул қиладиган бўлди. Мен ҳам янги жамоага қабул қилиндим. Шундай кейин кўплаб мамлакатларга бориб, спорт мусобақаларида иштирок этдик. Ҳаётим профессионал спорт гимнастика билан узвий боғланди. Профессионал спортчининг ҳаёти фақат машғулот майдонида ўтади. Мен бундан бироз зерикдим, ҳаётдан завқ олишни, эркин яшашни истадим. Жароҳатлар сабаб тиззам, тўпиғим ва елкам тез-тез оғриб турадиган бўлиб қолди. Булардан чарчаганим учун 2015 йил профессионал спортдан кетишга қарор қилдим.

Фото: Instagram / @yaroslav_nikolenko
Продюссерим билан оила қургач, ўз жамоамиз билан дунё бўйлаб шоу-дастурини ўтказишга қарор қилдик. 2015 йилнинг ўзида Хитойдаги цирк раҳбарияти билан шартнома туздик. Жамоамиз билан оловли халқаларда сакраб кўрсатадиган томошамиз кўпчилик маъқул келарди. Афсуски, пандемия сабаб оммавий томошалар чекланди. Шундан кейин Ўзбекистонга қайтиб, бор эътиборимизни ижтимоий тармоқларга қаратдик.

«Омадли инсонман»
Спортнинг ўзига яраша қийинчиликлари бор. Энг тажрибали спортчи ҳам кутилмаганда жароҳат олиши мумкин. Кўз тегмасин, мен бу борада жуда омадлиман. Шу кунгача бирор марта жиддий жароҳат олмаганман. Аммо менда ҳам лат ейиш, пай чўзилиши билан боғлиқ ҳолатлар бўлиб туради. Шу боис, ҳаракатларни режа асосида амалга ошираман.

«Ўзбекистондаги спорт заллари қониқарсиз»

Фото: Instagram / @yaroslav_nikolenko
Етти йилдан буён ҳаваскор спорт билан шуғулланаман. Шу боис менга профессионал спорт ҳақида гапириш бироз ноқулай. Яхши ўзгаришлар ҳам бор, аммо муаммолар ҳам йўқ эмас.

Очиғини айтиш керак, Ўзбекистонда айнан гимнастикачилар учун спорт заллари жуда кам. Борлари ҳам қишда жуда совуқ. Спортга ажратилаётган маблағлар етарли эмаслиги сабаб шароитлар у қадар қониқарли эмас. Мен жуда кўп давлатларга саёҳат қилганман ва у ердаги спортчиларга яратилган шароитларни кўрганман. Баъзан икки муҳитни бир-бири билан солиштираман. Чемпионлар сонининг ортиши машғулот залидаги шароитга ҳам боғлиқ.

Совуқ ҳавода бу ерда болалар ҳам, профессионал спортчилар ҳам машғулот ўтишга қийналишади. Тананинг совуқ қотиши ҳам қайсидир маънода жароҳат олишига сабаб бўлиши мумкин. Спортчи махсус кийимда бўлиши керак, ортиқча кийим унинг эркин ҳаракатланишига ҳалал беради
.

«Акробат келин — тасодифий образ эмас»

Фото: Instagram / @yaroslav_nikolenko
Ижтимоий тармоқлардаги акробат келин образи шунчаки тасодифий образ эмас. Ундан аввал бир мусиқий гуруҳ ўзларининг клипларини реклама қилиш учун мурожаат қилди. Ва реклама миллион марта кўрилса яхши бўларди, дейишди. Бу илтимосдан кейин қандай образ танлаш ҳақида жуда кўп ўйладик. Қўшиқ ўзбекча, демак ижро ҳам шунга мос бўлиши керак, деган қарорга келдик. Оддий ўзбекона кўринишдаги келиннинг бироз ҳийла ва юморга бой хатти-ҳаракати одамлар эътиборини тортишига умид қилдик. Биринчи видео миллион марта кўрилиб. Одамларда илиқ таассурот уйғотганидан сўнг бу ажойиб йўналиш эканлигини англадик. Шундан кейин уни давом эттиришга қарор қилдик.

Келин образини танлашимнинг яна бир сабаби бор. Хориж давлатларига кўп бораман ва кузатувчиларимнинг ҳам кўпчилигини чет элликлар ташкил этади. Баъзан қаердансиз, деб сўрашади. Ўзбекистондан десам Қозоғистон, Тожикистон деган ҳолатлар кўп бўлган. Шу боис, келин образи уларга оз бўлса-да, Ўзбекистон ҳақида маълумот беради, деб ҳисоблайман. Ҳозир бу образ интернетда анча оммалашган. Ҳатто уни Хитойда ҳам томоша қилишади. Бунга оз бўлса-да, ҳиссам қўшилаётганидан хурсандман.

Асосий даромадим блогерликдан, рекламалар орқали пул топаман. Қанча кўп ишласам, реклама берувчиларнинг ҳам сафи ортади. Ҳозирча ойига ўртача ҳисобда 1 000 АҚШ доллари топяпман.


«Турмуш ўртоғим мени қўллаб-қувватлайди»

Фото: Instagram / @yaroslav_nikolenko
Турмуш ўртоғим Ярослав Николенко Littos жамоасининг асосчиси ва раҳбари ҳисобланади. Карантин сабаб хорижга кетолмаганимиздан кейин шу ерда қолиб, фаолиятимизни ривожлантиришимиз кераклигини англадик. У билан янги ғоялар устида ишлаймиз, кераксизларидан воз кечамиз. Турмуш ўртоғим спортни тушунади ва мени ҳамиша қўллаб-қувватлайди.

«Дубайдаги таклифни рад этдим»

Фото: Instagram / @yaroslav_nikolenko
Нега мураббийлик қилмайсиз, деб кўп сўрашади. Мураббийлик қилиш яхши, аммо ҳозирча буни истамайман. Биринчидан, ҳозир кучим бор, ўз устимда ишлашим керак. Иккинчидан, мураббийларнинг ойлиги жуда кам. Бундан ташқари, мураббийликнинг ўзига яраша масъулияти бор. Яқинда Дубайдан мураббийлик қилиш бўйича таклиф тушди. Аммо рад этдим. Ҳозир блогерлик фаолиятимни ва ўз брендимни ривожлантириш устида ишламоқчиман.

Эслатиб ўтамиз, Асал Сапарбоева 1994 йилда таваллуд топган. У бадиий гимнастика бўйича халқаро тоифадаги спорт устаси, Осиё ўйинлари ғолиби (Хитой), Марказий ва Жанубий Осиё чемпиони (Ҳиндистон), Жаҳон кубоги ғолиби (Португалия), кўп карра Ўзбекистон чемпиони бўлган. У Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институтини мураббийлик ихтисослиги бўйича тамомлаган. Асал Сапарбоева блогерликдан аввал акробат-аниматор, трамполин бўйича мураббий ва биринчи тоифали цирк артисти бўлиб ишлаган.

Айни вақтда Асалнинг TikTok’да 2 миллионта, Instagram’да 500 мингдан ортиқ кузатувчиси бор.

Наргизахон Муродова ва Севара Мирзараҳимова тайёрлади

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » TikTok ва Instagram’ни портлатаётган «акробат келин» — Асал билан интервью