
Доллар билан нима бўляпти? Бугун АҚШ доллари қиймати кетма-кет учинчи кун пасайиши кутилмоқда. Агар шундай бўлса, умумий тушиш 170 сўмни, яъни 1,3 фоизни ташкил этади. Банкир телеграм каналининг ёзишича, расмий курс 12 770 сўмга тушади — бу 2024 йил октябридан бери энг паст кўрсаткич бўлади.
Ҳа, тўғри ўйладингиз: 2025 йил бошидан бери ўзбек сўми АҚШ долларига нисбатан мустаҳкамланмоқда.
Bankir таҳлилига кўра, бу бир нечта омиллар билан изоҳланади:
- Доллар индекси дунёда бир неча йиллик энг паст даражада. Бу эса глобал даражада доллар қадрсизланаётганидан далолат беради ва сўмни мустаҳкамлайди.
- Пул ўтказмалари сезиларли даражада ўсди. 2025 йилнинг I чорагида улар 32%га кўпайиб, 3,3 млрд долларга етди. Бу ҳам ички валюта захираларига ижобий таъсир кўрсатмоқда.
- Рублнинг долларга нисбатан мустаҳкамланиши ҳам ўз навбатида пул ўтказмаларига ва долларнинг қадрсизланишига таъсир қилмоқда.
- Хорижий инвестициялар 2024 йилда 53%га ўсиб, 11,9 млрд долларни ташкил этди.
- Сўмнинг барқарорлигини таъминловчи яна бир омил — олтин нархининг ошиб бориши, мамлакат валюта захираларининг рекорд даражадаги ўсиши, ҳамда импортнинг экспортга нисбатан секинроқ ўсиши бўлиши мумкин.
Хулоса қилиб айтганда, сўм мустаҳкамланиши ортида нафақат маҳаллий, балки глобал иқтисодий ўзгаришлар ҳам турибди, деб ёзмоқда Банкир телеграм канали. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг