
Ўзбекистон Президентининг жорий йил 22 ноябрдаги «Аграр соҳани давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ аграр соҳада давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмларини такомиллаштириш мақсадида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузурида Аграр соҳада тўловлар агентлиги ташкил этилди.
Президент Шавкат Мирзиёевга пахтачилик ва ғаллачиликни молиялаштиришни самарали ташкил этиш ҳамда аграр соҳада субсидиялар ажратиш янги тизими юзасидан қилинган тақдимотда агентликка юклатилган вазифалар ижроси қандай ташкил этилиши кўриб чиқилди.
Ҳозирги вақтда қишлоқ хўжалигида 52 турдаги субсидия ажратилмоқда. Янги тизимда ушбу жараён тубдан соддалаштирилиб, инсон омили тубдан қисқартирилиб, бюрократия камайтирилади, аризаларни кўриб чиқиш тўлиқ рақамлаштирилади ва барча жараёнлар «Агропортал» орқали амалга оширилади.
Бунинг учун, «Агросубсидия» ахборот тизимига 10 дан ортиқ вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимлари интеграция қилинади.
Жумладан, 2026 йил учун мўлжалланган 1,3 триллион сўмлик субсидияларни талабгорлар иштироки зарур бўлмаган ҳолда давлат идоралари томонидан проактив тарзда, қолган субсидиялар айрим келишиш, хулоса олиш ва ҳужжатларни расмийлаштириш босқичларини чиқариб ташлаган ҳолда соддалаштирилган тартибда, ортиқча оворагарчиликсиз берилади. Натижада субсидия ажратиш муддатлари кескин қисқаради.
Давлатимиз раҳбари молиялаштириш механизмларини янада такомиллаштириш, субсидияларнинг манзиллилиги ва тезкорлигини таъминлаш, барча жараёнларни рақамлаштириш ва фермерлар учун қулай шароит яратиш юзасидан мутасаддиларга аниқ топшириқлар берди.
Маълумот учун, жорий йилда соҳага 2,35 триллион сўм субсидиялар йўналтирилган бўлиб, жумладан, ўз маблағидан пахта етиштирган хўжаликларга пахта қийматининг 10 фоизи миқдорида субсидия ажратилиши натижасида 3 430 фермер ва кластерлар 151 минг гектар майдонда ўз маблағи ҳисобидан пахта етиштирган ва 1,9 триллион сўм ресурс тежалган.
Ёки, пахта етиштиришга олинган кредитни жорий йил якунига қадар тўлиқ қайтарган фермерларга фоиз тўловининг 4 фоиз бандини қайтариб бериш имконияти туфайли 9 002 та фермер 2,5 триллион сўм имтиёзли кредитларни муддатидан олдин қайтарган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.