23:07 / 08.09.2017
5 314

Эксперт: «Нақд валюта сотилмаётгани – вақтинчалик чора»

Эксперт: «Нақд валюта сотилмаётгани – вақтинчалик чора»
Марказий банк 4 сентябрда АҚШ долларининг бозор механизмларига мувофиқ шакллантирилган расмий курсини ўрнатди. Бу чора кўплаб хавотирлар, миш-мишлар, шарҳлар ва тахминларни туғдирди. Kommersant.uz нашри эксперт фикри билан танишиш мақсадида иқтисодчи Юлий Юсуповга мурожаат қилди.

– Марказий банк белгилаган курсни қандай баҳолайсиз? У бозор курсига мувофиқми?

– Бозор курси талаб ва таклиф мутаносиблигидан келиб чиқади, шу сабабли, бозор тўлақонли ишлай бошлаганидан кейингина бозор курси қандай бўлишини айтиш мумкин. Тахминимизча, курс валюта биржасида ўрнатилади. Бу жараён энди бошланяпти. Бозор курси яхшигина тебраниши мумкин, чунки талаб ҳам, таклиф ҳам кўп турли омиллар таъсирида ўзгариши мумкин. Албатта, ақл доирасидаги диапазон бор, курс ўшанинг чегарасида ўйнайди. Мен бу 7000–8000 сўм даражасида бўлади, деб тахмин қилгандим. Курсни ушбу диапазоннинг юқори чегарасида (8000–8100 сўм) белгилаб, МБ, наздимда, жуда тўғри қарор қабул қилди ва долларга ажиотаж уйғонишининг олдини олди.

– Яқин вақт ичида АҚШ доллари курсининг сезиларли ўсишини кутиш керакми?

– Талаб ва таклиф мутаносиблиги ўзгаришига қараб курс тебранади. МБ фақат кескин тебранишлар бўлмаслиги учунгина аралашишини айтди. Ҳозирда одамлар банкларга долларни алмаштиргани боришмоқда, белгиланган курс уларни қониқтиради. Шу сабабли тижорат банкларида доллар ортиқчалиги юзага келиши ва курс бироз тушиши мумкин. Масалан, 7500 сўмгача. Шунингдек, ажиотажли талаб уйғониб, курс бироз кўтарилиши, мисол учун, 8300 га чиқишини ҳам кутса бўлади. Лекин яқин вақт ичида долларнинг кескин, масалан, 9000 сўмгача кўтарилиши учун сабабларни кўрмаяпман. Бинобарин, қисқа муддатли истиқболда курс тебранишининг энг эҳтимоли катта диапазони: 7500–8300.

– Истеъмол товарлари ва хизматлари нархи ҳақида нималар дея оласиз? Уларнинг кўтарилиши кутиладими?

– Истеъмол товарлари ва хизматларига нархлар қачон кўтарилиши мумкин? Импорт нархи ошганда, яъни импорт товарлар ва хизматлар олиб келинадиган курс девальвацияси рўй берганда. Икки-уч ой олдин бизда расмий курс ($1 учун тахминан 4000 сўм), қора бозор курси ($1 учун тахминан 8000 сўм) ва биржа курси ($1 учун 10 000 сўм) бор эди. Бозордаги импорт товарлар нархлари икки курс бўйича шакллантириларди: нақдсиз ҳисоб-китобда – биржа курсидан келиб чиқиб, нақд савдода – бозор курсига таянган ҳолда. Ҳатто, импортчи расмий курс бўйича валюта харид қилганда ҳам, барибир товарларни 8000–12 000 сўмлик курсга боғлаб сотарди. Демак, аксарият импорт товарлар янги курсда ошмаслиги керак. Баъзилари ҳатто арзонлашиши ёки, ҳар ҳолда, анча вақт нархи кўтарилмай туриши мумкин. Бу – инфляция бўлмайди, дегани эмас. Афтидан, инфляция давом этаверади, чунки унинг юзага келиши сабаблари бартараф этилмаган. Лекин инфляция валюта бозори либераллашувидан қатъи назар рўй беради.

– Мобил операторлар, провайдерлар, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК ва GM Uzbekistan нархларни эски курс бўйича сўмда қайд этишга ўтдилар. Бу чора долларизацияга қарши курашда самара берадими? Ушбу даражада қанчалик узоқ вақт нархларни ушлаб тура оладилар, деб ўйлайсиз?

– Ушбу товарлар ва хизматлар сўмда сотилса ҳам, тарифлар долларда, расмий курс бўйича олиб бориларди. Компаниялар сўмда тарифлашга ўтдилар. Бунда девальвацияга қадар бўлган курсда нархларни қайта кўриб чиқишгани жуда оқилона иш бўлди, акс ҳолда аҳоли икки баробар кўп ҳақ тўлашига тўғри келарди. Компаниялар сўмнинг расмий курси девальвациялангани учунгина тарифларни икки баробар кўтара олмасликлари фактини тан олдилар. Шу сабабли, нархлар қайд этиб қўйилган, деганда улар расмий курс билан бирга кўтарилмаслиги назарда тутилади. Лекин бу – ушбу товар ва хизматлар учун нархлар мутлақо ўзгармайди, дегани эмас. Улар талаб ва таклиф ўзгариши, шунингдек умумий инфляция сабабли ўзгаради.

– Божхона божларига янги курс ва сўм девальвацияси қандай таъсир кўрсатади?

– Божхона божлари ва бошқа божхона тўловлари сўмда, расмий курс бўйича тўланади. Яъни, уяли операторлар ва провайдерлар тарифларида бўлиши кутилганидек, улар ҳам сўмда икки баробарга ўсиши керак бўларди. Бу эса, импорт товарларда, кўплаб йўналишларда анчайин сезиларли даражада, нарх кўтарилишини англатади. Аммо Президент фармонида бир ҳафта муддатда ҳукумат божхона тўловларини нархларга таъсир кўрсатмайдиган қилиб оптималлаштириш таклифини тайёрлаши кераклиги айтилган. Эътиборли жиҳати шундаки, ҳукумат либераллашув чораларидан олдинроқ божхона тўловларини кўриб чиқиш жараёнини бошлаб юборганди: улар ё пасайтирилган ёки, ҳатто, бир қатор асосий истеъмол товарлари учун бекор ҳам қилинганди. Яқин кунларда бошқа божхона тўловларини пасайтириш бўйича ҳам қарорлар қабул қилинишини кутиш мумкин.

– Эркин конвертацияга ўтиш самарали ва оғриқсиз ўтиш учун яна қайси жиҳатларни инобатга олиш керак? Расмий бозор курсига эгамиз, конвертация очилган. Кейинги қадам қандай бўлиши керак?

– Ҳукумат либераллашувда юзага келиши мумкин бўлган асосий оғриқли нуқталар эҳтимолини ҳисобга олишга ҳаракат қилди: божхона тўловларини сўмдаги ифодаси ўсиб кетиши, тарифлари долларда белгиланадиган товар ва хизматларга нархлар кўтарилиши. Буларнинг бари тўғри қилинди. Лекин яна бир муаммо бор: қатор импорт товарлар етказиб берилиши монополиялашган. Бу монополиялар, асосан, имтиёзлар: расмий курс бўйича конвертациядан фойдаланиш, солиқ тўловларидан озод қилиш ёки маъмурий ресурс ишга солиниши туфайли шаклланган. Алмашинув курсларининг бирхиллаштирилиши ва божхона тўловларининг кескин қисқариши баъзи мана шундай тармоқлардаги монополияларни парчалаб юбориши мумкин. Лекин бу тез кечадиган жараён эмас. Монополиялар бартараф этилмаган экан, монополчилар ўз бозорларида нархларни кўтаришга уринишлари мумкин. Мана шундай сунъий монополиялар шаклланган тармоқлар ва бозорларда рақобатни кучайтириш учун шу ҳақда мулоҳаза қилиш керак. Бу ҳам инфляцияни жиловлаш, ҳам рақобатни ривожлантириш нуқтаи назаридан муҳимдир.

– Қора бозор қандай муносабатда бўлади? Валютачилар расмий курсдан юқорироқ нархни ушлаб турадиларми?

– Бугунга келиб тадбиркорлар банклар орқали валютани эркин сотишлари ва муайян мақсадлар: импорт, валютада олинган (масалан, жиҳоз харид қилиш учун олинган) қарзни тўлаш, фойдани репатриация қилиш (бу чет эллик инвесторлар учун керак) учун валюта олишлари мумкин. Булар бари жорий амалиётлар учун конвертация деб аталади. Аҳоли валютани сотиши мумкин, лекин ҳозирча нақд хорижий валютани сотиб ололмайди – фақат карточкага тушириб берилади. Нақд валюта харид қилишга чеклов ҳақидаги фикрим – бу вақтинчалик чора деб ўйлайман.

Шу тариқа, бозорнинг асосий иштирокчилари валюта олди-сотдиси бўйича ўз эҳтиёжларини банклар орқали қондира оладилар. Фақат аҳолининг нақд валютага талаби қондирилмай қолади. Шу сабабли қора бозорга нақд доллар керак бўлганлар борадилар.

Қора бозор сақланиб қолади, фақат расмий ва қора курслар ўртасидаги фарқ арзимас бўлади.

– Қора бозорни йўқ қилиб, валюта бозорини тўлиқ легаллаштириш учун нима қилиш керак?

– Бу фарқни йўқ даражага келтириш учун аҳолига нақд долларни ҳам харид қилиш имконини бериш керак. Менимча, қанчадир вақт ўтгач, бу амалга ошади. МБ эҳтиёткорлик кўрсатиб, аҳоли учун эркин конвертацияни босқичма-босқич жорий этишга қарор қилди. Қора бозорга келсак, у яна узоқ вақт, лекин қиёслаб бўлмайдиган даражада кичик миқёсда давом этади ва алмашинув курсларида ҳам фарқ арзимас бўлади.

– Ўқувчилар саволларидан: “Юридик шахслар, мижозлар ва жисмоний шахсларга валюта сотиш учун банкларни валюта билан молиялаштириш механизми қандай ишлайди? Банкларга ликвидлик берувчи ишчан бозор бўлмагач, банкларда етарлича валюта бўлмаслиги хатари юзага келади”.

– Фармонда ва МБ баёнотида келтирилганидек ишлар амалга оширилса, валюта етишмаслиги хатари мутлақо бўлмайди. Бу ерда ҳам, бошқа бозорларда бўлгани каби, талаб ва таклиф қонуни ишга тушади. Бозорга валютани ким олиб киради? Биринчи навбатда, экспортчилар. Улар, ишчиларга маош тўлаш, хом ашё харид қилиш, электр энергияси ва бошқа хизматлар ҳақини тўлаш, фойдани Ўзбекистонда ишлатиш учун валютани сотишлари керак. Иккинчидан, меҳнат мигрантлари. Учинчидан, мамлакатимизда заводлар қурадиган, ишчилар ёллайдиган, жиҳозлар харид қиладиган хорижий инвесторлар. Улар валютани сўмга айлантирадилар. Мана, шулар – валюта таклифининг асосий манбалари.

Валютага талаб бор. У кимга керак? Импортчиларга. Чет элга дам олишга бориш ниятидаги инсонларга. Жамғармаларини хорижий валютада сақламоқчи бўлганларга (чунки миллий валютага ҳозирча ишончимиз кам).

Талаб ҳам, таклиф ҳам алмашинув курсига боғлиқ: агар доллар кўтарилса, валюта таклифи ортади, талаб камаяди ва аксинча. То талаб ва таклиф ўртасида мувозанат ўрнатилмагунича, алмашинув курси тебраниб бораверади – бу ҳолат ҳар қандай бошқа бозорда (картошка, пойабзал, сартарошлар хизмати ва б.) ҳам кузатилади. Агар талаб таклифга мувофиқ келса, валюта қандай қилиб етмаслиги мумкин?

– Конвертация киритилганидан кейин иқтисодиётнинг долларизацияси кучаймайдими?

– Иқтисодиётимиз айнан конвертация йўқлиги ва валюта доимо етишмаслиги сабабли кучли даражада долларлашган. Уй сотиб олиш каби йирик битимлар ҳалигача долларда амалга оширилади. Кўплаб товарлар расман долларда сотилган: авиачипталар, пахта, тола ва бошқалар. Уяли алоқа операторлари ва интернет-провайдерлар тарифларининг доллардалиги – бу ҳам долларизация юқори даражада бўлганлигининг белгисидир. Қўшни Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистонда уяли ва интернет-алоқа миллий валютада тарифланади. Долларизациянинг юқори бўлганлиги айнан валюта танқислиги, уни олишнинг мураккаблиги билан боғлиқ эди. Эркин конвертация долларлашувнинг кўплаб сабабларини бартараф этади. Лекин ҳаммасини ҳам эмас.

Доллардан жамғарма воситаси сифатида фаол фойдаланишнинг асосий сабаби – нисбатан юқори инфляция ва банк тармоғининг кучсиз тижоратлашганлигидир. Нарх ўсиши миллий валютани қадрсизлантиради ва аҳоли жамғармаларини чет эл валютасида сақлашни афзал билади. Банклар эса миллий валютада пул қўйишнинг фойдали вариантларини таклиф қилмайдилар. Фикримча, кутилаётган банк ислоҳоти (у яқин орада бошланишини тахмин қиламан) банкларнинг имкониятларини кенгайтиради, банк тармоғида рақобатни кучайтииради ва банкларни аҳолига ва бизнесга янада фойдалироқ сўмдаги молиявий воситаларни таклиф этишга мажбур қилади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » Эксперт: «Нақд валюта сотилмаётгани – вақтинчалик чора»