14:00 / 26.10.2021
1 454

Ўзбекистон ва Жанубий Корея эркин савдо тўғрисидаги битимни имзолашни режалаштирмоқда

Ўзбекистон ва Жанубий Корея эркин савдо тўғрисидаги битимни имзолашни режалаштирмоқда
Фото: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги
Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасида эркин савдо тўғрисида битим лойиҳасини тайёрлаш юзасидан ишлар олиб борилмоқда. Бу ҳақда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги хабар қилди.

Қайд этилишича, 25 октябрь куни Ўзбекистон бош вазири ўринбосари ¬– инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умрзоқов ҳамда Корея Республикаси бош вазири ўринбосари – иқтисодиёт ва молия вазири Хонг Нам Ки ўртасида видеоконференция шаклида музокаралар бўлиб ўтди.

Мулоқотда инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш имкониятлари кўриб чиқилди. Икки мамлакатнинг тегишли вазирлик ва идоралари экспертлари томонидан ҳозирги вақтда ўрганилаётган ўзаро манфаатли янги инвестициявий лойиҳалар шакллантирилгани маълум қилинди.

Корея Эксимбанки, Иқтисодий тараққиёт жамғармаси ва Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги билан ҳамкорликда ҳаётга татбиқ этилаётган лойиҳалар ижросини янада жадаллаштиришга доир навбатдаги тадбирлар режалаштирилди. Ўзбекистонда истиқболли лойиҳаларни суверен кафолатларни тақдим этмасдан амалга ошириш мақсадида Иқтисодий тараққиётга кўмаклашиш жамғармаси билан ҳамкорликни йўлга қўйиш имкониятлари ҳам кўриб чиқилди.

Ўзбекистон ва Корея ўртасида эркин савдо тўғрисида битим лойиҳасини тайёрлаш юзасидан олиб борилаётган ишлар муҳокама қилинди. Томонлар юзага келаётган масалалар бўйича келишувга эришиш ҳамда ҳужжатни яқин вақтда имзолашга тайёрлаш бўйича ҳаракатларни фаоллаштириш ниятида эканликларини билдирган.

Жорий йил охиригача Сеул шаҳрида икки мамлакат бош вазирлари ўринбосарларининг кенгаши ҳамда савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Корея ҳукуматлараро қўмитаси йиғилишлари, шунингдек, Ўзбекистон ва Корея ишбилармон доиралари иштирокида бизнес-форум ўтказиш билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилди.

Музокаралар якунида икки мамлакат тегишли вазирлик ва идораларини жалб этган ҳолда, муҳокама қилинган йўналишлар бўйича қўшма тадбирларни фаоллаштиришга оид келишувга эришилди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » Ўзбекистон ва Жанубий Корея эркин савдо тўғрисидаги битимни имзолашни режалаштирмоқда