15:59 / 10.05.2022
1 433

Харидор чекни олмаса, тадбиркор жарима тўлайдими?

Харидор чекни олмаса, тадбиркор жарима тўлайдими?
Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда тадбиркорлар томонидан бир турдаги шикоятлар кўпайди, яъни улар чекни беради, аммо харидор қасддан, атайлаб чекни олишдан бош тортади ва кўчага чиқиб, «менга чек бермади», деб солиққа хабар қилади. Бошқача айтганда туҳматчилар кўпайгани, бунақа ёлғон хабарлар ортидан тадбиркорлар жарима тўлаётгани айтилмоқда.

Хўш, аслида вазият қандай?

Солиқ қўмитаси қандай ҳолларда тадбиркор жаримага тортилишини тушунтирувчи ролик тайёрлаган. Видеодан кўриниб турибдики, агар тадбиркор ҳақиқатда чек берса, харидор ўша чекни олган ёки олишдан бош тортганидан қатъи назар, ЖАРИМАГА ТОРТИЛМАЙДИ. Чунки чиқарилган чек базада сақланиб қолади ва исталган пайти буни исботлаш мумкин. Пастдаги видеони кўрсангиз, жараён янада тушунарли бўлади. Битта тадбиркорни жарима тортиш учун 3 босқичли қайта-қайта текширув ўтказилади, ҳеч ким ўзидан-ўзи битта ёлғон қўнғироққа ишониб, тадбиркорни жаримага тортмайди, дейилади ДСҚ хабарида.

Унутманг: жарима чек чиқарилмагани учун қўлланилади, харидор чекни олмагани учун эмас. Бу оддий мантиқ.

Бундан ташқари бугунги кунда деярли ҳар бир савдо ва хизмат кўрсатиш нуқталарида видео-камералар ўрнатилган, шу сабабли тадбиркор ўзининг ҳақлигини жуда осон исботлаб бера олади.

Демак, хулоса шундаки, тадбиркорлар ростдан қонунларга бўйсуниб, чек бериб, солиқлардан қочмасдан ҳалол ишлаётган бўлса, бунақа ёлғончилардан сира қўрқмаса ҳам бўлади. Мабодо 1-2 та ҳолатларда ноҳақ айбланган бўлса, унда бемалол тегишли суд тартибида буни бекор қилиш мумкин.

ТАКЛИФ: агар айрим виждонсиз харидорлар чекни атайлаб олмасдан, ёлғон хабар бераётган бўлса, унда видеоёзувлар буни исботлаган тақдирда, ўша харидорларни туҳмат қилиш моддаси билан маъмурий жавобгарликка тортиш керак. Токи бу бошқаларга ҳам дарс бўлсин. Калтак фақат тадбиркор бошида эмас, ёлғончи харидор бошида ҳам синиш керак. Ўйин қоидалари икки томонга тенг бўлсин.

Аммо шу ўринда яна бошқа гап. Юртимизда бунақа ёлғон хабар берувчи виждонсиз харидорлар сони чек бермасдан, ноқонуний савдо қиладиган тадбиркорлар сонидан юз баробар, балки минг баробарга кам. Балки юз минг баробаргадир, ким билсин. Яъни чек бермаслик ва солиқдан қочиш муаммоси аслида жуда катта. Лекин бу пул учун ёлғон хабар бериш, кимгадир туҳмат қилишни оқламайди.

Яна бир гап: тадбиркорларнинг мурожаатларида онлайн назорат касса машиналарининг яхши ишламаслиги, тез-тез техник носозлик юзага келиши, шу сабабли ҳам кўпинча ўзларига боғлиқ бўлмаган ҳолатда харидорга чек бера олишмаётгани, бундан ташқари ушбу онлайн-НКМ нархи асл таннархидан анча қимматга сотилиши, касса машиналари учун монополия ўрнатилгани, тадбиркорлар фақат битта жойдан сотиб олишга мажбурлиги ҳақида ҳам мурожаатлар кўп. Вазият тўлақонли холисона ўрганилиши учун Солиқ қўмитаси масаланинг шу томонига ҳам изоҳ бериши мақсадга мувофиқ бўларди.

Хушнудбек Худойбердиев

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Харидор чекни олмаса, тадбиркор жарима тўлайдими?