17:15 / 24.05.2022
987

Хусусий сектордаги аёлларга декрет пулини бюджетдан тўлашга ўтилади

Хусусий сектордаги аёлларга декрет пулини бюджетдан тўлашга ўтилади
Фото: Fotolia
2022 йил 1 сентябрдан бошлаб, хусусий сектордаги аёл ходимларга ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси қисман давлат бюджетидан тўланади. Бунда давлат ҳисобланган нафақанинг фақат минимал истеъмол харажатлари миқдорига тенг қисмини тўлайди, қолгани иш берувчининг зиммасида қолади. 2024 йилдан бошлаб ҳомиладорлик ва туғиш нафақалари иш берувчининг зиммасидан тўлиқ олинади.

Молия вазирлиги 2022–2030 йилларда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш миллий стратегияси лойиҳасини эълон қилди.

Лойиҳага кўра, Ижтимоий суғурта жамғармаси ташкил этилиши кутилмоқда. Жамғарма маблағлари, жумладан, ҳомиладорлик ва туғиш нафақаларини тўлашга йўналтирилади.

Биринчи босқичда, 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб бюджет ташкилотларидан ташқари барча юридик шахсларда охирги 6 ой давомида узлуксиз иш стажига эга бўлган аёлларга ҳар ой учун минимал истеъмол харажатлари миқдоридан келиб чиққан ҳолда Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси тўланади. Бунда, ишловчи аёлларга ҳомиладорлик ва туғиш нафақасининг унинг меҳнат стажи ва иш ҳақидан келиб чиқиб белгиланган миқдорининг қолган қисмини тўлаш иш берувчилар ҳисобидан амалга оширилади.

Иккинчи босқичда, 2024 йилдан бошлаб хўжалик корхоналарида расмий ишловчи аёлларга умумий иш стажи ва суғурталанган стажи ҳамда ўртача иш ҳақи миқдоридан келиб чиқиб, ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини тўлаш ва бу орқали ушбу харажатлар иш берувчи зиммасидан тўлиқ олинади.

Учинчи босқичда, 2025-2030 йилларда вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси, ишсиз қолиш нафақаси, ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликлари оқибатидаги суғурта тўловлари амалга оширилади.

Ижтимоий суғурта жамғармаси:
  • дастлабки босқичда давлат бюджети маблағларидан;
  • кейинги босқичда ходимлар томонидан тўланадиган мажбурий ижтимоий ажратмалар, ижтимоий солиқ тушумининг бир қисми ва давлат бюджети маблағлари ҳисобидан шакллантирилади.

Ижтимоий суғурта жамғармасига жорий йилда бюджетдан 170 миллиард сўм ажратилади.

Маълумот учун, Ўзбекистонда норасмий секторда аёллар улуши 57 фоизни ташкил қилади. Президент ҳузуридаги йиғилишда бунинг сабаби сифатида айтилгандики, кўплаб иш берувчилар ҳомиладорлик нафақасини тўлашда ортиқча харажат қилмаслик учун аёлларни расмий ишга олмасликка ҳаракат қилади.

Масъулларга 1 августга қадар “декрет” пулларини тўлаш жараёнини тўлиқ рақамлаштириш топширилган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Хусусий сектордаги аёлларга декрет пулини бюджетдан тўлашга ўтилади