Шавкат Мирзиёев ҳузурида 1 июнь куни соғлиқни сақлаш соҳасидаги вазифалар ижроси ҳамда келгусидаги режалар кўриб чиқилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.
2022 йилнинг 18 март куни давлат раҳбари тиббиёт ходимлари билан очиқ мулоқот ўтказган ва унда айтилган муаммо ва таклифлар асосида, замонавий даволаш амалиётларини татбиқ қилиш, тиббий хизматларни аҳолига яқинлаштириш, соҳа ходимларининг ойлик маошларини ошириш каби кўплаб вазифалар белгиланган эди. Йил бошидан буён жойларда 85 та оилавий шифокор пункти ва поликлиникалар очилиши натижасида 700 мингдан зиёд аҳолига тиббий хизматлар яқинлашган. Ҳудудларда хирургия йўналишида қўшимча 27 турдаги, эндокринологияда 7, кардиологияда 14 турдаги юқори технологик амалиётлар жорий қилинган.
Ўтган ойларда Давлат суғурта жамғармасидан 25 минг нафардан зиёд эҳтиёжманд аҳолига тиббий ёрдам кўрсатилган. Қорақалпоғистон, Жиззах, Қашқадарё, Наманган, Сурхондарё ва Фарғонада 87 минг аҳоли манзилли тиббий кўрикдан ўтказилган. Бугундан тиббиёт ходимларининг ойлик маоши 30 фоизгача оширилган. Йиғилишда шу каби амалий ишлар билан бирга галдаги вазифалар ҳам муҳокама қилинган.
«Инсон қадри тамойилини инобатга олиб, охирги йилларда тиббиёт соҳасида ҳам кўп фармон ва қарорлар қабул қилдик. Глобал синовларга қарамасдан, тиббиёт ходимларининг ойликларини кўтариш чораларини кўрдик. Ҳамма жойда, энг чекка қишлоқда ҳам тизим намоён бўлиши керак. Ҳар бир фуқаронинг соғлиғи назоратда бўлиши керак», — деган давлат раҳбари.
Йиғилишда мутасаддилар соҳада бошқарув ва моддий шароитларни яхшилаш, даволаш протоколларини ўзгартириш, тиббий суғурта тизимини кенгайтириш, тиббий таълимни ривожлантириш йўналишлари бўйича ахборот берган. Аввало, бирламчи бўғинга эътибор қаратилиб, жорий йил якунигача яна 51 та оилавий шифокор пункти ва поликлиникаларни ишга тушириш, мингта маҳаллада тиббий пунктлар ташкил қилиш, аҳолини манзилли скринингдан ўтказиш вазифалари белгиланган. Тез тиббий ёрдам сифатини яхшилашга қаратилган ишларнинг бориши кўриб чиқилган.
Фото: Президент матбуот хизмати
Ҳудудий шифохоналарда юқори технологик амалиётлар турини 250 тага етказиш, бунинг учун улардаги тиббиёт ходимлари малакасини ошириш, янги имтиёзли даволаш тизимини тўлиқ жорий этиш бўйича кўрсатмалар берилган. Президент соҳани рақамлаштириш масаласига алоҳида тўхталиб ўтган. Йиғилишда соғлиқни сақлашнинг барча бўғинларини босқичма-босқич рақамлаштириб, ўзаро боғлаш, муассасаларни замонавий жиҳозлаш, пуллик хизматлар ҳажми ва турларини кўпайтириш муҳимлиги таъкидланган.
Таъкидланишича, 25 апрель куни президентнинг «2022—2026 йилларда оналик ва болаликни муҳофаза қилишни кучайтириш тўғрисида»ги қарори қабул қилинган. Унга мувофиқ, 191 та туман ва шаҳар марказий шифохоналарида болалар реанимация бўлимлари, 208 та кўп тармоқли поликлиника ҳамда Тошкент шаҳридаги 71 та оилавий поликлиникада болалар бўлимлари ташкил этилган.
Давлат раҳбари бундай бўлимларни қолган туманларда ҳам очиш, Акушерлик ва гинекология, Аҳоли репродуктив саломатлиги ҳамда Скрининг марказлари фаолиятини ривожлантириш зарурлигини таъкидлаган. Санитария-эпидемиология тизимини трансформация қилиш, санитария қоидалари ва стандартларини янгилаш, юқумли касалликларнинг олдини олиш юзасидан ҳам топшириқлар берилган,
Соғлиқни сақлаш вазирининг ҳар бир ўринбосарига ўзлари масъул бўлган йўналишлар бўйича «йўл хариталари» ишлаб чиқиш вазифаси қўйилган. “Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Пашинян Арманистоннинг Мустақиллик декларацияни энг катта муаммо ва фожиа деб атади
Буйрак саломатлиги учун энг фойдали сабзавот...
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
Яхши пишган ва мазали анор танлашга ёрдам берадиган тавсиялар