Тошкент туманида хизмат вазифасини бажараётган газ таъминот бўлими ходимига дайди ўқ келиб тегади. Экспертиза жанговар ўқ Миллий гвардия Жамоат хавфсизлиги университетининг ўқув машғулотларини ўтказаётган курсантлари томонидан “СВД” мерганлик қуролидан отилганини тасдиқлади. Жиноят аломатлари йўқ деган важ билан ишни тугатган ҳарбий прокуратура Kun.uz суриштируви даврида уни қайта кўришни бошлади.
2022 йил 15 март куни Тошкент туман газ таъминот бўлими ходими Даврон Носиров тумандаги Бунёдкор маҳалласида фуқаронинг уйига хизмат кўрсатиш учун борган. У газ ҳисоблагичга пломба ўрнатаётган вақтда белига ўқ келиб теккан.
Жабрланувчи дарҳол Тошкент тиббиёт академияси шошилинч жарроҳлик бўлимига олиб келинади. Лекин 16 мартга қадар ҳам шифокорлар унинг танасидаги ўқни олишолмаган. Шундан сўнг бемор Мудофаа вазирлигининг Марказий ҳарбий госпиталига олиб келинади. У ерда бемор танасидан ўқ олиб ташланади.
Бемор танасидан олинган металл жисм
Тайинланган суд-баллистик экспертиза хулосасига кўра, Даврон Носировнинг танасидан олинган металл жисм (ўқ) Драгунов мерганлик қуроли (СВД)нинг 7,62 калибрли ўқ қисми бўлиб чиқади. Маълум бўлишича, ундан 15 март куни Даврон Носиров хизмат кўрсатаётган маҳалла яқинида жойлашган Жамоат хавфсизлиги университетининг ўқув машғулотлари жараёнида фойдаланилган. Бу ҳақда прокуратура томонидан жабрланувчи ишлайдиган Тошкент туман газ таъминот бўлими ва у сиртқи таълимда ўқийдиган Миллий университет раҳбариятига юборилган маълумотномада айтилади.
Фото: Getty Images
7,62 мм калибрли Драгунов мерганлик милтиғи – 1957-1963 йилларда Евгений Драгунов бошчилигидаги конструкторлар гуруҳи томонидан ишлаб чиқилган. 1963 йилдан бошлаб СССР армиясида фойдаланиш бошланган. Ҳозиргача МДҲ давлатлари, Яқин Шарқ, Ҳиндистон ва Хитой каби йирик давлатлар армиясидаги асосий мерганлик қуроллари сирасига киради.
Якка жонли нишонларни йўқ қилишга мўлжалланган қурол оптик нишонга олиш қурилмаси билан 1300 метргача, очиқ нишонга олиш орқали 1200 метргача мўлжалга олади.
Самарали отиш масофаси – 800 метр, нишонларни самарали йўқ қила олиши мумкин бўлган масофа – 3800 метр.
Қуролнинг оғирлиги 4,3 кг. узунлиги 1220 мм, патрон сиғими 10 дона ўқ.
Маълум қилинишича, ҳодисадан икки ҳафта ўтиб, 2022 йил 29 март куни ҳолат юзасидан Тошкент ҳарбий прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 297-моддаси (Атрофдагилар учун катта хавф манбайи бўлган қурол-яроғ, шунингдек модда ва буюмлар билан муомалада бўлиш қоидаларини бузиш) 1-қисми билан жиноий иш қўзғатилади. Носировнинг айтишича, терговчи унга 2,3 км узоқликдан дайди ўқ келиб текканини айтган.
Харитада Носиров яраланган жой ва Миллий гвардияга қарашли таълим муассасаси ўртасидаги тўғридан тўғри масофа 2 кмга яқин эканини кўриш мумкин.
“Дастлабки экспертиза хулосасида енгил жароҳат деб ёзиб беришган экан, лекин анча вақтгача оғриқ қолмади. Бир оёғимдаги оғриқ иккинчисига ҳам ўта бошлади. Кейин марказий ҳарбий госпиталда яна экспертиза қилишга тўғри келди”, – дейди Носиров.
Қуролли Кучлар Марказий Суд-тиббий экспертиза маркази томонидан ўтказилган кейинги текширувда мутахассислар ўқотар қурол таъсирида Давронбек Носировнинг ўтирғич нерви зарарланганини, ўқнинг механик ва контузион таъсири остида жароҳатлар ва унинг асоратлари юзага келганини тасдиқлайди.
Шунингдек, бу жароҳатлар, кейинчалик қолдиқ асоратлар кечмаса, фуқарони 10 фоиздан 33 фоизгача бўлган меҳнат қобилиятини турғун йўқотишига олиб келадиган ўртача оғирликдаги тан-жароҳати сифатида баҳоланади.
Экспертиза хулосаси
Орадан бир ҳафта ўтиб, 24 май куни Тошкент ҳарбий прокуратураси иш доирасида, Жамоат хавфсизлиги университетида ўтказилган машғулотларга масъул мансабдор-офицерлар ҳаракатида ЖКнинг 207-моддасида (Мансабга совуққонлик билан қараш) ҳамда 2-курсантлар батальони 4-взвод 242-ўқув гуруҳининг бир нечта курсантлари ҳаракатида ЖК 297-моддасида содир этилган жиноят таркиби мавжуд эмас деб топади.
Жиноий иш ЖПКнинг 83-моддаси 2-бандига асосан ҳаракатдан тугатилади.
Тошкент ҳарбий прокуратураси хабарномаси
Қуролли Кучлар Марказий Суд-тиббий экспертизасининг юқоридаги хулосасида фуқаро Даврон Носировга теккан ўқ айнан Жиноят кодексининг 297-моддасида назарда тутилган атрофдагилар учун катта хавф манбайи бўлган қурол-яроғ, шунингдек, ўқ-дори билан муомалада бўлиш қоидалари бузилиши натижасида баданга ўртача оғир шикаст етказилганини тасдиқланган эди.
Шунингдек, тергов хулосасида ўқотар қуролдан жароҳатланган фуқарога саломатлигини тиклаш учун сарфланган моддий харажатлар ва маънавий зарарни ундириш учун фуқаролик судига мурожаат қилиши мумкинлиги айтилади.
Айни вақтда ҳам Тошкент тиббиёт академияси клиникасида даволанаётган жабрланувчи иш ёпиб юборилганидан ҳамда соғлиғини тиклаш учун тинимсиз сарфланаётган моддий зарарлар қопланмаётганидан норози эканини айтмоқда.
“Оиламда ёлғиз боқувчиман, лекин 2,5 ойдан бери деярли ётибман, ортиқча ҳаракат қилолмайман. “ТошМИ”, ҳарбий госпиталь ва бошқа касалхоналарда ўз ҳисобимдан ётдим, уйда дорилар олиб даволандим. Жами 7 минг доллар атрофида пул кетди, соғлигимни тиклайман деб дўстларимдан қарз бўлиб қолганман.
Жабрланувчи Даврон Носиров
Касалхонага тушганимдан бери бирор марта Миллий гвардиячилар келиб кўришмади. Тинч замонда снайпердан ўқ еб меҳнатга яроқсиз бўлиб ётибман, бу ерда жиноят аломатлари йўқ, деб ишни ёпворяпти. Терговчи охирги хулосани бериб, ўша ерда фамилияси келган хоҳлаган бирортасининг устидан судга ариза бер, қуролни ким ишлатганини билмаймиз, дейди. Қандай қилиб билмаслик мумкин, ахир қурол кимгадир бириктирилган бўлади-ку”, – дейди Даврон Носиров.
Kun.uz билан гаплашган Миллий гвардия Жамоат хавфсизлиги университети проректори Икромжон Маҳмудов жабрланувчига ёрдам берилганини маълум қилди.
“Бу ҳолатда экспертиза томонидан отилган ўқ айнан бизнинг университетдан чиққани тасдиқлангач, биз ўша оилага 3 марта бордик. Ходимларимиз ўртада 10,5 миллион сўм пул йиғиб, оиласига ташлаб келдик. Кейин соғлиги туфайли боролмагани учун ўқиётган жойи – Миллий университетда муаммолари бор экан. ЎзМУ ректорига вазиятни тушунтириб, масалани ҳал қилишга ёрдам бердик.
Ўқ масаласига келсак, тир – ўқ отиш жойимиз чуқурликда жойлашган ва хавфсизлик чоралари кўрилган. Тепа қисми очиқ бўлса ҳам, нишонларнинг орқасида бетон тўсиқлар бор. 30 йилдан буён шу ерда машғулотлар қилинади, лекин ҳеч қачон бунақа ҳолат бўлмаган. Ўқ қандай қилиб чиқиб кетганини ҳеч ким билмайди.
Шу ўқни айнан ким отганини ҳам аниқлашнинг иложи йўқ. Чунки тирда курсантлар бирданига 8 та йўлакдан ўқ отади. Даврон Носировга ўқ теккан вақтда ҳам шундай бўлган. Патроннинг фақат гильза қисмида рақам бўлади, учиб чиқадиган ўқ қисмида эса ҳеч қандай ёзув бўлмайди.
Биз жабрланувчига қонун доирасида ҳар қандай ёрдам беришга тайёрмиз. Олдиларига борганда ҳам айтдик, судга мурожаат қилинглар, деб. Суд қарори билан етказилган моддий ва маънавий зарарни тўлаб берамиз, биз бундан қочмаймиз”, – деди Жамоат хавфсизлиги университети проректори.
Даврон Носировнинг иш берувчиси ҳисобланган “Ҳудудгазтаъминот” АЖ матбуот котиби Меҳрибон Маметова у билан содир бўлган воқеадан хабардор эканини айтди.
“Ҳудудий касаба уюшмаси бошлиғи туман бўлими раҳбарлари уни олдига бориб ҳолидан хабар олишган. Шунингдек, унга тегишли ҳужжатларни тақдим қилганда қонунчиликда кўрсатилган ёрдамларни олиши ҳақида тушунтиришлар берилган. Ҳозир у расман “болничний”да, ишдан бўшатилмаган. Биз ходимларимизни ташлаб қўймаймиз”, – деди у.
Ҳарбий прокуратура матбуот котиби Kun.uz мухбири билан суҳбатда жабрланувчининг онаси ёзган ариза асосида Тошкент ҳарбий прокуратураси томонидан ишни қайта кўриш бошланганини маълум қилди. «Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Россия армияси Купянскка киргани айтилмоқда
Туркиянинг Harper’s Bazaar нашри йил аёлини аниқлади (фото)
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
Буйрак саломатлиги учун энг фойдали сабзавот...
Организм ўзини токсинлардан қандай тозалайди?
КХДР етакчиси дронларни оммавий ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни буюрди
НАТО бош котиби Украинанинг фронтдаги аҳволи ёмонлашганини тан олди