15:19 / 01.07.2022
1 889

Хавф остидаги генафонд: ўзбекистонликларнинг полиз экинларидан заҳарланишини тўхтатиш керак

Хавф остидаги генафонд: ўзбекистонликларнинг полиз экинларидан заҳарланишини тўхтатиш керак
Айни кунларда Ўзбекистондаги юқумли касалликлар шифохоналари оғир аҳволда олиб келинаётган беморлар билан тўлиб тошган. Улар ўзининг тарвуз, қовун, ҳандалак, помидор ёки бодрингдан заҳарлангани ҳақида айтади.

Аммо бу ерда гап шунчаки эски маҳсулотни истеъмол қилиб қўйишда эмас. Гап деҳқонлар томонидан маҳсулотни етиштириш давомида унга селитра ёки заҳарли препаратларнинг ҳаддан ташқари кўп солинаётганида. Бугун бозорда бирор полиз маҳсулоти йўқки, у минерал ўғит ва препаратларга тўйинмаган бўлса. Соҳа жуда хавфли даражада назоратсиз ишламоқда.

Бахтиёр Абдуғофур – ФА Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институти катта илмий ходими, биология фанлари номзоди.
У мамлакат қишлоқ хўжалигида ҳаддан ташқари кўп қўлланилаётган кимёвий воситалар хавфли касалликлар кўрсаткичини ошираётгани ва миллий генофонддан хавотирда.

«Бу биринчидан, биологик хавфсизлик масаласи. Бу миллатнинг генофонди масаласи.

Мен тарвуз олиб егим келади. Ҳа, фарзандларим сўрагани учун уларга олиб бераман. Лекин ҳар сафар қўлимга тарвузни ушларканман, бомбани тутгандек бўламан. Чунки тарвуз, қовун, пиёз, картошка ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг қандай етиштирилишини яхши биламан. Оддий иссиқхоналардаги помидор, бодрингни қандай етиштиришларини биламан. Одамда саратон касаллигини ривожлантирадиган дориларни қўллаб маҳсулот етиштиришларини биламан.

Исталган қишлоқ хўжалиги маҳсулотини олинг, ҳаммасининг заҳари бор. Биз еяётган нарсаларнинг ҳаммаси секин таъсир этувчи бомба
», – дейди олим.

Бугун дунёнинг ривожланган давлатларида биологик тоза маҳсулотлар етиштиришга ўтилаётган бир пайтда Ўзбекистон деҳқончилиги ҳамон кимёвий ўғитларга суянганича қолмоқда.

Деҳқонлар кўпроқ минерал ўғит берсам маҳсулотнинг ўсиши тезлашади, тезроқ ҳосил оламан, деб ўйлайди.

Бу ҳолатни Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош токсикологи Абдуҳаким Саримсоқов шундай изоҳлайди:
«Бугун деҳқон ўзининг маҳсулотига нимани, қачон ва неча дозада қўшаётганини билмайди. Чунки у деҳқон-да. Илгари «райселхозхимия» номли ташкилот бўларди. Улар ўсимликларга ишлов берарди ва бу ишловлар рўйхатдан ўтказиларди. Бугун қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига берилаётган ишловларнинг ҳеч бири рўйхатдан ўтмаган.

Энг қизиғи, деҳқоннинг олдига бориб, етиштираётган ўсимлигига нима дори ишлатганини сўрадик. «Анави сариқ доридан ярим стаканни бир челак сувга қўшиб ишлатдим
», – деяпти.

Бизда яна бир ўзбекча муносабат бор. Деҳқонлар белгиланган дорини сал кўпроқ сепсам, яхши бўлади, деб ўйлайди.

Қоида бўйича лабораторияга текшириш учун олиб келинган ўсимликларга қандай ишлов берилгани ва қандай препаратлар қўллангани ҳақида маълумот бўлиши керак. Лекин деҳқон нимани қачон ишлатганини билмайди».

Хўш, нима қилиш керак?

Тошкент давлат аграр университети қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини стандартлаштириш ва сертификатлаштириш кафедраси доценти Мирзааҳмад Одинаевга кўра, Ўзбекистонда нафақат экспорт, балки ички бозор учун етиштирилаётган маҳсулотлар учун ҳам унинг хавфсизлигини кафолатловчи Global G.A.P. ҳалқаро сертификатини жорий қилиш вақти аллақачон келган.

GLOBAL G.A.P бу – 150га яқин давлатларда етиштирилаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг хавфсизлигини таъминлаётган ҳалқаро дастур. Унинг мақсади дунёда маҳсулот етиштирувчилар, уни сотувчилар ва харидорлар учун хавфсиз ишлаб чиқариш жараёнини таъминлашдан иборат.

Олимга кўра, GLOBAL G.A.P етиштирилаётган маҳсулотларни сертификатлаш билангина чекланиб қолмай, атроф-муҳитни ҳимоя қилади, маҳсулот етиштирувчилар ва жонзотлар саломатлигини ҳам сақлайди.

«Бу стандартга эга бўлган ишлаб чиқарувчи ўз маҳсулотини дунёнинг барча давлатларига тўғридан тўғри экспорт қила олади.

Агар бу стандартни қабул қилишимиз кечикаверса, ортга сураверсак, биз халқаро талаб даражасидаги маҳсулотларни истеъмол қилиш имкониятидан маҳрум бўлаверамиз. Мен мутахассис сифатида Ўзбекистонда ички истеъмол учун етиштирилаётган маҳсулотлар учун ҳам GLOBAL G.A.P сертификатини жорий этишни таклиф қиламан. Бу хавфсиз қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш гаровидир.

Бугун GLOBAL G.A.P’ни жорий қилиш вақти келди
», – дейди у.

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги эски усуллар ва кимёвий ўғитларга асосланган ҳолда ишлашда ва одамларни заҳарлашда давом этадими ёки малакали, хавфсиз маҳсулот етиштириш йўлини танлайдими?

Илёс Сафаров тайёрлади

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Хавф остидаги генафонд: ўзбекистонликларнинг полиз экинларидан заҳарланишини тўхтатиш керак