09:30 / 04.07.2022
2 948

Нукусдан тарқалган фейклар. Бу ташқи кучларнинг асл юзини кўрсатиб қўйди

Нукусдан тарқалган фейклар. Бу ташқи кучларнинг асл юзини кўрсатиб қўйди
Фото: Kun.uz
Қорақалпоғистонда конституцияга ўзгартиришлар киритилиши юзасидан норозиликлар рухсат олинмаган ва келишилмаган ноқонуний митинглар ва тартиббузарликларга айланиб кетди. Ижтимоий тармоқларда бири бирини рад этувчи ёлғон-яшиқ хабарлар ва видеолар тарқалди.

Нукус шаҳрида бўлиб турган Kun.uz мухбири хабар беришича, намойишга чиққанлар кўчаларда автомобилларга ҳужум қилишган, ижтимоий соҳа объектларига ҳам зиён етказишган.

Умуман, бундай норозиликлар ўз-ўзидан вужудга келмайди. Қандай давлатда юз бермасин, бундай норозилик намойишлари воқеаларнинг кейинчалик пухта таҳлил қилиниши асносида улар деструктив кучлар томонидан четдан туриб бошқарилиши, унга пухта тайёргарлик кўрилиши — аллақачон ўз исботини топиб бўлган.

Қорақалпоғистондаги воқеалар ҳам жума куни, жума намози ўқилгач, журналист Давлетмурат Тажимуратовнинг оломон олдида чиқиш қилгани, унинг чиқиши мессенжерлар орқали тарқатилганидан сўнг авж олгани ҳам бу фикрни тасдиқлайди.

Қорақалпоғистондаги воқеаларни хаспўшлаш ҳам осонгина: халқ гўёки ўз озодлиги учун курашмоқда. Лекин Қорақалпоғистонда 2 миллионга яқин инсон истиқомат қилади. Уларнинг барчаси бу намойишларда илгари сурилган талабларни олқишлармикан?

Қорақалпоғистонликларга, айниқса, қорақалпоқ халқига хориждан туриб Ўзбекистондан ажралиб, мустақил давлат бўлишни тарғиб қилиб турувчи, айирмачиликка доир ташвиқот ишларини анчадан буён олиб бораётган гуруҳлар борлиги ҳақиқат. Улар кеча ё бугун пайдо бўлган эмас. Улар Ўзбекистондаги тинчлик ва осойишталикни кўролмайдиган, бу ерда турли фитналар чиқариб, вазиятни ҳал этишда ўзининг «беминнат ёрдам қўли»ни чўзишга тайёр бўлган, ёинки дунё ҳамжамияти олдида Ўзбекистоннинг юзини шувут қилишга уринувчи айрим давлатларнинг ноғорасига ўйнаши ҳам ҳақиқат.

Ҳолбуки, қарийб бир асрдирки, бирор ўзбек қорақалпоқнинг миллатини писанда қилган эмас, тилини ерга урган эмас, унга паст назар билан боққани йўқ, ёки бошидан ё елкасидан туртмаган. Бир нонни бўлишиб, яхши-ёмон кунларни биргаликда кечириб келяпмиз.

Адолат юзасидан тан олиш керак, Ўзбекистон таркибида қорақалпоқ тили, маданияти ва қадриятлари эркин ривожланиб келмоқда. Бу борада бирор тўсиқ қўйилгани йўқ. Қайтага уларни юксалтириш, бутун Ўзбекистонники бўлиши, шундай ҳис қилиниши учун тинимсиз тарғиб қилинади.

Лекин бу эзгу ишларни назар-писанд қилмайдиганлар албатта бор ва улар пайт пойлаб ўз қабиҳ ниятларини амалга ошириш, эт ва тирноққа айланиб кетган икки халқни ажратиш пайида бўлиб келишади.

Ўзингиз мушоҳада қилинг: Нукус кўчаларидан тарқалган суратларда оломон орасида бир-биридан тенг узоқликда турли масофаларда жойлашган қизил либосдаги провокаторларни кўриш мумкин. Улар одамларни бошқариш, ёшларни давлат кучишлатар тизими ходимларига қарши қайраш, вазиятни жунбишга келтириш учун аввалдан тайёрланган эмасмикин?

Албатта, бундай вазиятда мобил интернет алоқаси узиб қўйилишини табиий ҳол сифатида қабул қилиш керак. Чунки тўғри ахборот узатишдан ҳам кўра, ҳар нарсага ишонувчи содда халқ ўртасида уларни саросимага солувчи, жунбишга келтирувчи нотўғри ахборот ва фейк хабарлар тарқатилиши кўпаяди. Вазият давлат кучишлатар тизимлари томонидан назоратга олиниши учун, ахборот хавфсизлиги мақсадида шундай йўл тутилади. Буни тўғри тушуниш керак.

«Қонга тўлган Нукус кўчалари» деган даҳшатли сарлавҳалар билан тарқатилаётган, аслида кучишлатар тизимларнинг қизил рангли сув сепувчи махсус техникаси ҳам вайронкор кучлар ҳар бир вазият, ҳар бир суратдан ўзининг жирканч мақсади ва манфаати йўлида фойдаланаётганига яққол мисол.

“Ўлганларнинг қони дарё бўлиб оқяпти” сарлавҳаси билан тарқалган видеодан скриншот.

Аслида эса, махсус техника қизил рангга бўялган сув сепган.
Бу кадрда эса ўша жой акс этган - ер қизил, техникадан қизил сув сепилмоқда.

Мутахассислар фикрига кўра, рангли сувдан фойдаланиш — ноқонуний норозилик намойишида қатнашганларни белгилаб олиш учун ҳам ишлатилар экан. Чунончи, қизил ранг ҳам хавфдан огоҳлантирувчи, ҳам тез ажратиб олса бўладиган ёрқин ранг. Энди нима учун оломон ўртасидаги провокаторлар қизил либосда бўлганини тушунгандирсиз?

Халқаро амалиёт, Беларусдаги намойишлар вақти.
Ёки кучишлатар тизимлар томонидан ноқонуний намойишларни тарқатиш учун ишлатилган, инсон саломатлигига жиддий зиён етказмайдиган ёруғлик-шовқинли (светошумовая) граната овози ҳам содда халққа автомат овозлари, деб тушунтирилганини олинг. Бу давлатга ишончсизлик уйғотиш, икки халқ ўртасига нифоқ уруғи сочишдан бўлак нарса эмас.

Буни тўғри тушунмаган, реал воқеалардан йироқ бўлган айрим хорижий журналистлар ҳам фейкларни оммалаштиришда ўз «беминнат» хизматларини кўрсатишди.

Бундай пайтда аҳолини тинчлантирувчи расмий хабарлар, чиқишлар кўпайтирилиши керак. Аҳолига вазият бўйича тезкор ва рост ахборот беришни ташкил қилиш керак. Шундай йўл тутилди ҳам.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг кеча ва бугун Нукусга шахсан ўзи бориб, қорақалпоқ халқи вакиллари билан учрашгани вазият тўла-тўкис назоратга олингани нишонасидир.

Халқимиз Нукусдаги воқеалар бўйича якдил. Ноқонуний талаблар ва намойишлар зудлик билан тўхтатилиши керак. Барчамиз бу хатарли кунлардан тўғри хулоса чиқариб, олдингидек тинч ва осуда ҳаёт кечиришда давом этишимиз лозим.

Тўғри, ҳадик ва хавотирлар босилиши учун яна бир-икки кун керак бўлади. Чунки халқ норозилигига сабаб бўлган ўзгаришлар конституция лойиҳасига киритилмаслиги давлатимиз раҳбари томонидан эълон қилинди. Энди норозилик учун сабаб қолмади.

Қолган ҳар қандай сиёсий талаб ва истакларга ўрин йўқ. Чунки Ўзбекистон Республикасининг ҳудудий яхлитлиги бўлинмас ва уни ўзгартиришга бўлган ҳар қандай чақириқларга тинч қараб туриб бўлмайди. Ҳар қандай чигал вазиятни ўнглаш, ташқи душманларга жавоб бериш учун давлатимизнинг кучи ҳам, салоҳияти ҳам етади. Буни ҳар бир фуқаро тўғри тушуниши ва қабул қилиши керак.

Шуҳрат Шокиржонов, журналист.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Нукусдан тарқалган фейклар. Бу ташқи кучларнинг асл юзини кўрсатиб қўйди