Ўзбекистон Бош прокуратураси Нукус шаҳрида бўлиб ўтган оммавий тартибсизликлардаги воқеалар ривожи, қурбонлар ва жабрланувчилар ҳақида маълумот берди.
1 июл
Бош прокуратурага кўра, Конституцияни ўзгартириш бўйича қонун лойиҳаси юзасидан муҳокама давом этаётганига ва фуқароларнинг бу жараёнда ўз фикрини билдириш учун шароитлар яратилганига қарамай, айрим ғараз ниятли шахслар конституциявий ислоҳотларга норозилик баҳонасида тажовузкорлик ва зўравонлик йўлини танлаб, вазиятни издан чиқармоқчи бўлган.
Терговда аниқланишича, 1 июл куни соат 14:50 ларда “Ел хызметинде” газетаси муҳаррири ва блогер Даулетмурат Тажимуратов Теlеgram'даги “Маkаn.uz” канали орқали видеомурожаат йўллаб, фуқароларни 5 июл куни соат 17:00 да “Қорақалпоғистон Республикасининг озодлигини сўраб” Жўқорғи Кенгес биноси олдида митинг ўтказишга даъват қилган.
Шундан кейин Д.Тажимуратов ижтимоий тармоқлар орқали қонунга хилоф равишда митинг уюштиришга фуқароларни даъват қилгани учун 1 июл куни соат 15:30 ларда Нукус шаҳар ИИО ФМБга олиб келинган ва ушланган.
Блогер Д.Тажимуратовнинг ИИБ ходимлари томонидан ушлаганини билган бир гуруҳ шахслар тартибсизликлар уюштириб, уни озод қилишни талаб қилиб, Нукус шаҳридаги ИИВга қарашли 2-сонли тергов ҳибсхонасига ва Нукус шаҳар ИИО ФМБга боришган, кейинчалик 1 июл куни соат 17:30 ларда Нукус шаҳри марказидаги Марказий деҳқон бозори олдидаги автомобил йўлида тартибсизликлар уюштиришган.
Шундан кейин Д.Тажимуратов Нукус шаҳар ИИО ва ФМБдан озод қилиниб, чиқариб юборилган бўлса-да, Д.Тажимуратов ва унинг тарафдорлари тартибсизликларни яна давом эттириб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимларига фаол қаршилик кўрсатиб, Ўзбекистон Республикасининг амалдаги давлат тузумини Конституцияга хилоф тарзда ўзгартиришга ва ҳокимиятни босиб олишга очиқдан очиқ даъват қилишган.
2 июл
Бош прокуратурага кўра, 2 июл куни соат 14:45 да Нукус туманидан тахминан 300 нафар шахс Нукус шаҳри томон ҳаракатланиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмасдан, Нукус шаҳридаги блокпостда хизмат олиб бораётган 50 нафар Миллий гвардия ходимининг махсус воситаларини (рация, дубинка, каска, шовқинли граната, щит) қўлга киритган.
Шу куни Хўжайли туманидаги ҳарбий постга номаълум шахслар томонидан ҳужум уюштирилиб, қурол-яроғ тортиб олинган, Нукус халқаро аэропортига, Нукус шаҳридаги маъмурий қамоққа олинган шахслар сақланувчи Реабилитация марказига, Нукус шаҳар ИИБ биносига ҳужумлар уюштирилган.
Оммавий тартибсизликлар давомида Нукус шаҳридаги “Las Vegas” кафеси ёнида давлат рақами 40 L 340 QA бўлган MAN русумли юк транспорт воситаси, “Эски шаҳар”даги марказий масжид олдида давлат рақами 01 267 UFA бўлган “КамАЗ” русумли юк транспорт воситаси, Шуманай туманидаги “Исмоилов Жабборберген” фермер хўжалигига тегишли бўлган вагон ёқиб юборилган.
Нукус шаҳар Спорт комплекси ёнидаги “Дўстлик” канали кўпригига, Нукус шаҳридаги кўплаб бино-иншоотлар ва йўл тўсиқларига ҳам кўплаб талафотлар етказилган.
Қурбонлар ва жабрланувчилар
Оммавий тартибсизликлар оқибатида ҳозирга қадар аниқланган ҳолатларга кўра, жами 243 нафар шахсга, жумладан 38 нафар ҳуқуқ-тартибот органлари ходимига турли даражадаги тан жароҳатлари етказилган. Оғир тан жароҳатлари туфайли 18 нафар фуқаро вафот этган.
Жиноят иши қўзғатилган
Ҳолат юзасидан 2 июл куни Жиноят кодексининг 159-моддаси (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш) 4-қисми ва бошқа моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ва тезкор-қидирув тадбирлари давом эттирилмоқда.
Тергов ва тезкор-қидирув тадбирлари Бош прокуратура раҳбарлигида тузилган ДХХ, Бош прокуратура, ИИВ, Миллий гвардия масъул ходимларидан иборат тергов-тезкор гуруҳи томонидан олиб борилмоқда. Тезкор-тергов гуруҳи фаолияти ҳамда тергов, тезкор-қидирув тадбирлари идоралараро тузилган алоҳида штаб томонидан мувофиқлаштириб борилмоқда.
Тергов ва тезкор-қидирув тадбирлари қонунларга қатъий риоя қилинган ҳолда ўтказилиб, қонун устуворлиги ва жазо муқаррарлигини таъминлашнинг барча чоралари кўрилади, дея маълум қилди Бош прокуратура.
Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев 2-3 июл кунлари Нукусда бўлиб қайтди. 3 июлдан бошлаб Қорақалпоғистон ҳудудида бир ойлик фавқулодда вазият жорий этилиб, комендантлик соати киритилди.
Маҳаллий ва халқаро жамоатчиликка мурожаат
Ўзбекистон Бош прокуратураси мамлакат аҳолиси, оммавий ахборот воситалари, журналистлар, эксперт ва мутахассислар, халқаро ва хорижий ташкилотлар вакилларига мурожаат қилди.
“Айни кунларда Қорақалпоғистонда рўй берган воқеа-ҳодисалар юзасидан айрим ғаразли кучларнинг ҳақиқатга тўғри келмайдиган, сохта ва уйдирма маълумотлари, миллатлар ўртасида низо ва зиддият уйғотадиган, айирмачилик ҳамда оммавий тартибсизликларга даъват этувчи иғвогорона чақириқлари кўплаб кузатилмоқда.
Шу боис, барчангиздан бундай алдов ва уйдирмаларга ишониб қолмасликни, шошқалоқлик билан асоссиз хулоса чиқармасликни, мавжуд вазият, ўтказилаётган тергов ва тезкор-қидирув тадбирлари ҳақидаги ҳаққоний маълумотларни мазкур Штаб ахборот манбаларидан олишингизни сўраймиз.
Штаб ҳамда ваколатли давлат органлари ўзларининг расмий ахборот каналлари орқали тергов ва тезкор-қидирув фаолияти ҳақидаги маълумотларни мунтазам бериб боради.
Фурсатдан фойдаланиб, фуқароларимизни яна бир бор огоҳлик ва сергакликка чақирмоқчимиз. Зеро, ўзаро ҳурмат, бағрикенглик, аҳиллик, босиқлик ва ақл-идрок билан иш тутиш халқимизнинг азалий фазилатларидир.
Ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган иғвогорона, фитна қўзғашга қаратилган ҳақорат ва ўзаро камситишлар халқимизга мутлақо ётдир.
Қонунда ҳам жамоат тартибига ёки хавфсизлигига таҳдид солувчи ёлғон ахборотни тарқатиш, аҳоли орасида адоват, муросасизлик ёки нифоқ келтириб чиқариш мақсадида миллий шаън-шараф ва қадр-қимматни камситишга, фуқароларнинг ҳис-туйғуларини ҳақоратлашга қаратилган ҳаракатлар учун жиноий жавобгарликни келтириб чиқариши белгиланган”, – дейилади Ўзбекистон Бош прокуратураси мурожаатида. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Шольц ва Путин ўртасидаги суҳбат Киевга сигнал бўлди
Айрим бошқарув сервис компаниялари шартномаларида асоссиз шартлар белгилангани аниқланди
КХДР етакчиси дронларни оммавий ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни буюрди
Россиялик депутат: «Олий маълумотлиларнинг курерлик қилиши — ватанпарварликка зид»
20 ёшли ўзбекистонлик қизни қариндоши Туркияга сотиб юборди
Байден ва Жинпинг Перуда учрашди: «Агар бир-биримизни рақиб деб билсак, муносабатларни бузамиз»
Туркиянинг Harper’s Bazaar нашри йил аёлини аниқлади (фото)
Жо Байден: “Баъзан хотиним мени космосга жўнатиш билан таҳдид қилади”