22:26 / 15.07.2022
1 303

Парламент комиссияси Қорақалпоғистондаги воқеалар юзасидан текширув ўтказади

Парламент комиссияси Қорақалпоғистондаги воқеалар юзасидан текширув ўтказади
Қонунчилик палатаси ва Сенат Қорақалпоғистон воқеалари юзасидан мустақил текширув ўтказиш учун қўшма комиссия тузди. Комиссияга омбудсман Феруза Эшматова раҳбарлик қилади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати Қорақалпоғистон воқеалари юзасидан мустақил текширув ўтказиш бўйича комиссия тузишга қарор қилди. Тегишли қарор ҳар икки палата кенгашларининг бугун, 15 июл кунги қўшма мажлисида қабул қилинган.

Қарор билан комиссия таркиби ва комиссия тўғрисидаги низом ҳам тасдиқланди. Комиссия таркибига Олий Мажлис вакиллари ва халқ депутатлари, нодавлат нотижорат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари ҳамда ходимлари киритилган. Расмий хабарда комиссия аъзолари рўйхати очиқланмаган.

Мажлисда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг Қорақалпоғистон Республикасида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга оид мурожаати кўриб чиқилган. Тузилган комиссияга Эшматова раҳбарлик қилади.

Ўтказилган текширув натижалари Ўзбекистон жамоатчилиги ва жаҳон ҳамжамиятига етказилади, дейилади Сенат матбуот хизмати хабарида.

Эслатиб ўтамиз, 25 июн куни Ўзбекистон Конституциясини такомиллаштиришга оид қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилган эди. Лойиҳага киритилган Қорақалпоғистонга оид таклифлар қорақалпоқ жамоатчилигида турлича қарши олинди. 1-2 июл кунлари Нукус шаҳрида оммавий намойиш ва тартибсизликлар бўлиб ўтди. Бунинг натижасида расмийлар маълумотига кўра 18 киши, хусусан 4 нафар ҳарбий ҳалок бўлди, 243 киши (шу жумладан 38 нафар ҳуқуқ органи ходими) жароҳатланди.

Бу воқеалардан кейин Конституциянинг Қорақалпоғистонга оид бандлари ўзгаришсиз қолдириладиган бўлди. Ҳолат юзасидан конституциявий тузумга тажовуз моддаси билан жиноят иши қўзғатилган. Президент Шавкат Мирзиёев тартибсизликларнинг барча иштирокчилари, хусусан куч тузилмаларининг ҳам хатти-ҳаракатларига адолатли ҳуқуқий баҳо беришга топшириқ берган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Парламент комиссияси Қорақалпоғистондаги воқеалар юзасидан текширув ўтказади