13:52 / 03.08.2022
14 896

Ўзбекистон мустақиллигининг 31 йиллиги «Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз» шиори остида ўтказилади

Ўзбекистон мустақиллигининг 31 йиллиги «Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз» шиори остида ўтказилади
Шавкат Мирзиёев «Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз бир йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш тўғрисида»ги қарорни имзолади. Қарор матни ЎзАда эълон қилинди.

Қарорда таъкидланишича, халқнинг улкан жасорати ва матонати билан 1991 йил 31 августда қўлга киритилган Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги кўп минг йиллик тарихдаги ҳеч қачон унутилмайдиган, қадр-қиммати ва аҳамиятли йиллар, асрлар ўтгани сайин тобора ортиб борадиган буюк тарихий воқеадир.

«Айнан миллий мустақиллик эл-юрт учун жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллаб, ҳуқуқий демократик давлат ва эркин фуқаролик жамиятини қуриш, шу жумладан, ҳаётнинг турли соҳа ва тармоқларида кенг кўламли ислоҳотларни амалга ошириш учун мустаҳкам замин яратиб, эришаётган барча ютуқ ва марраларимизнинг асосий манбаси бўлиб келмоқда.

Айниқса, сўнгги йилларда, дунёда коронавирус пандемияси ва иқтисодий инқироз, кескин рақобат, турли қарама-қаршилик ва зиддиятлар туфайли юзага келган ғоят оғир ва мураккаб вазиятда мард ва олижаноб халқимизнинг фидокорона меҳнати билан Янги Ўзбекистонни барпо этиш ва уни жаҳонга тараннум қилиш бўйича муҳим натижаларни қўлга киритаётганимиз, бу ютуқлар халқаро жамоатчилик томонидан эътироф этилаётгани, энг асосийси, ватандошларимизнинг онг-у тафаккури, дунёқараши ўзгариб, улар ислоҳотлар самарасини кундалик ҳаётида ҳис қилиб яшаётганини алоҳида таъкидлаш зарур.

2022—2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини амалга ошириш, эришилган ютуқларни мустаҳкамлаб, туб ислоҳот жараёнларини янги босқичга кўтариш, инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, унинг қадри, шаъни ва ғурурини етакчи ўринга олиб чиқиш устувор вазифамизга айланган ҳозирги вақтда юртимизда тинчлик ва барқарорликни сақлаш, давлатимизнинг ҳудудий яхлитлиги ва бўлинмаслиги, сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлаш, миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга интилиш кўп миллатли халқимизни янада бирлаштирадиган, юксак марраларга сафарбар этадиган беқиёс кучга айланиб бормоқда
», – дейилади қонун матнида.

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз бир йиллигини муносиб кутиб олиш ва ушбу қутлуғ санани юксак даражада нишонлаш мақсадида:
  • Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз бир йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш бўйича республика комиссиясининг (кейинги ўринларда – Республика комиссияси) таркиби 1-иловага мувофиқ;
  • «Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз» деган бош ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари дастури 2-иловага мувофиқ тасдиқланади.

Республика комиссияси (А.Арипов):
  • Дастурда назарда тутилган чора-тадбирларнинг самарали бажарилиши ҳамда Мустақиллик байрамининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида, шунингдек, барча шаҳар ва туманлар, қишлоқ ва овулларда кенг нишонланишини таъминлайди;
  • барча ҳудудларда аҳолининг кенг қатламлари ўртасида Мустақиллик байрамига бағишлаб маърифий учрашувлар, очиқ мулоқот ва суҳбатлар, адабий-бадиий кечалар, долзарб мавзулар бўйича фикр алмашувлар, маданий тадбирларни самарали ўтказиш мақсадида таниқли илм-фан намояндалари, ижодкор зиёлилар, маданият ва санъат арбобларидан иборат тарғибот гуруҳларини ташкил этсин ҳамда уларнинг аниқ режа асосида фаолият олиб боришини йўлга қўяди;
  • белгиланган чора-тадбирлар қандай амалга оширилаётгани юзасидан ҳар бир ҳудуд, вазирлик ва идора раҳбарларининг ҳисоботларини ўз йиғилишларида мунтазам равишда эшитиб боради.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ўтказиладиган байрам дастурларини тайёрлашга оммавий томошалар бўйича юксак маҳорат ва тажрибага эга бўлган ссенарист ва режиссёрлар, ёзувчи ва шоирлар, композитор ва балетмейстерлар, саҳна рассомлари, истеъдодли ёш ижрочилар, мақом ва бахшичилик санъати вакилларидан иборат ижодий гуруҳлар кенг жалб этилсин.

Жойларда Мустақиллик байрамини юқори савияда ўтказиш мақсадида қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратилади:
  • сўнгги йилларда мамлакатда амалга оширилаётган туб демократик ислоҳотлар, халқнинг ҳаёти, қалби ва онгида юз бераётган ижобий ўзгаришларни таъсирчан усулларда ифода этиш;
  • мамлакатда турли миллат ва диний конфессия вакиллари ўртасида аҳиллик ва тотувлик муҳитини янада кучайтириш, жамиятда тинч ва осойишта ҳаётни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларнинг аҳамиятини чуқур таҳлиллар, аниқ ҳаётий мисоллар ёрдамида кенг жамоатчиликка етказиш;
  • бугунги тинч ва эркин ҳаётни қадрлаб, шукроналик туйғуси билан яшашга, инсон қадрини улуғлашга даъват этадиган маънавий-маърифий тадбирларни уюштириш;
  • аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини яхшилаш, ёшлар, хотин-кизлар, кекса авлод вакиллари, ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонларга доимий эътибор ва ғамхўрлик кўрсатишга қаратилган дастурларимизнинг ижобий натижаларини кўрсатиш;
  • байрам муносабати билан Иккинчи жаҳон уруши фахрийлари, кекса авлод вакилларини қўллаб-қувватлаш, «Темир дафтар», «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари»га киритилган ҳамда кўмакка муҳтож инсонларнинг ҳолидан хабар олиш, уларга беғараз ёрдам бериш билан боғлиқ хайрия тадбирларини амалга ошириш.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистон мустақиллигининг 31 йиллиги «Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз» шиори остида ўтказилади