Ўзбекистонда ёшлар ўртасида ўтказилган сўров натижаларига кўра, респондентларнинг 39 фоизи пора беришни коррупция деб ҳисобламаслигини билдирган. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхонов Сенат ялпи мажлисидаги маърузасида маълум қилди, дея хабар бермоқда «Дарё».
Акмал Бурхоновнинг айтишича, аҳолининг аксарият қисми барча ташкилотларда коррупция мавжуд деб ҳисоблайди.
- Аҳоли ўртасида ўтказилган сўров натижаларига кўра, 36 фоиз аҳоли коррупция, порахўрлик ва тамагирлик ҳамма жойда мавжуд деб ҳисоблайди. Респондентларнинг 37 фоизи айрим соҳаларда коррупцияга оид жиноятлар мавжуд, деган фикрда. Ёки бўлмаса, ёшлар ўртасида ўтказилган сўровда уларнинг 39 фоизи пора беришни коррупция деб ҳисобламасликларини билдиришган.
Статистик ҳисоботларга кўра, 2020 йилда республика бўйича 1 минг 148 та коррупциявий жиноят ишлари судга юборилган бўлса, 2021 йилда бу рақам 3 минг 769 тани ташкил этган. Масалан, ўтган йили Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида 56 миллиард сўмдан ортиқ миқдордаги молиявий хато ва камчиликлар аниқланган. Шундан 7 миллиард сўмлик камомад ва ўзлаштиришларга йўл қўйилган, 12 миллиард сўмлик мақсадсиз харажатлар қилинган. Давлат бюджетига етказилган 9 миллиард сўмлик зарарнинг ундирилишига эришилган.
Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги кадастр агентлиги тизимидаги ходимлар аттестациядан ўтказилиб, коррупцияга мойиллиги бўлган 1 минг 476 нафар ходим билан меҳнат шартномалари бекор қилинди, – деди агентлик раҳбари.
Маълум қилинишича, 2021 йилда ўтказилган мониторингда бюджет ташкилотлари томонидан 898 та ҳолатда жами 65,9 миллиард сўмлик шартномалар давлат харидлари бўйича қонун талабларига зид равишда тузилган. Оқибатда 14 минг 271 та ҳолатда молиявий хато ва камчиликлар аниқланган. 2021 йилда давлат харидлари соҳасида қонун бузилиш ҳолатлари бўйича жами 103 та жиноят ишлари қўзғатилган.
Акмал Бурхоновнинг қўшимча қилишича, коррупцияга қарши курашишда Ўзбекистоннинг халқаро рейтинглардаги ўрни юқорилаб бормоқда.
- Коррупцияга қарши курашиш бўйича халқаро рейтингларда Ўзбекистоннинг ўрни яхшиланишига эришилди. Масалан, 2021 йил учун Transparency international халқаро ташкилоти рейтингида Ўзбекистон 2020 йилда 2019 йилга нисбатан 7 поғона юқорилаб, 146–ўринни эгаллаган. 2021 йилда 6 поғонага юқорилаб, 140-ўринни эгаллади ҳамда индекс баҳосида қаторасига 5 йил давомида барқарор ўсишга эришди, – дея таъкидлади у.
Аввалроқ Сенатда Акмал Бурхоновнинг тиббиёт тизимида аниқланган коррупция борасида берган ҳисоботига соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаев эътироз билдиргани хабар қилинганди.
- Жуда катта рақамлар қўйилиб кетмоқда. Ҳисоботнинг 34-варағида 50 миллиард сўм, 45-варағида 56 миллиард сўмлик молиявий камчиликлар аниқланган, дейиляпти. Бу ҳисобот молиявий назорат органидан олинган маълумотлар асосида тайёрланган. Молиявий назорат органи коррупцияни аниқлади, дейлик. Бу коррупциявий ҳолат бўлдими, йўқми ҳали, буни суд исботладими, йўқми. Бу камчиликлар судда ўз далил-исботини топмаган,– деган вазир.
Акмал Бурхонов бунга жавобан, молиявий хато ва камчиликлар Молия вазирлиги, Ҳисоб палатаси ва бошқа назорат қилувчи органлар томонидан аниқланиб, умумлаштирилгани, келтирилаётган статистика судлар томонидан кўрилган ва ҳукм чиқарилган ишларга асосланганини айтган. “Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Ўзи чой дамлайди ва суҳбатлашади: дунёдаги биринчи “ақлли” чойнак тақдим этилди (видео)
Омега-3 қандай қилиб озишга ёрдам беради?
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди
Россиялик депутат: «Олий маълумотлиларнинг курерлик қилиши — ватанпарварликка зид»
20 ёшли ўзбекистонлик қизни қариндоши Туркияга сотиб юборди
Хатолар ва мағлубиятлар... улар кечириладими?
Энди операциядан сўнг кесмалар ўрни икки баробар тезроқ битиши мумкин
Ким Чен Ин ҳарбийларни жанговар ҳолатда туришга чақирди