21:00 / 21.08.2022
1 689

Андижонда яна бир тадбиркор ўз жонига қасд қилди

Андижонда яна бир тадбиркор ўз жонига қасд қилди
Ижтимоий тармоқларда андижонлик тадбиркор ўзи қураётган спортзалда ўзини осиб ўлдиргани ҳақида хабарлар тарқалди. Унда айтилишича, марҳум «Такомил қурилиш сервис» МЧЖ раҳбари бўлган. Туман ҳокими ва прокурори бир кун олдинги мажлисда уни 250-300 киши ичида нафсониятига тегиб, сўкиб ҳақорат қилганини кўтара олмаган. Ҳолат юзасидан вилоят ҳокимлиги маълумот берди.

Расмий хабарга кўра, мазкур ҳолат юзасидан вилоят ҳокимлиги томонидан ўрганиш ишлари олиб борилди. Ўрганишлар жараёнида, туман ҳокимлигида 200-300 кишилик йиғилиш ўтказилмагани, шунингдек, тадбиркорга ҳеч ким, на прокурор на ҳоким тазйиқ ўтказмагани аниқланди.

Бундан ташқари, тадбиркорга қурилиши олиб борилаётган лойиҳа қийматининг 85 фоизи миқдорида маблағ ажратилган. Шунингдек, тадбиркор 250 миллион сўм маблағини амалий кўмак сифатида сўраган бўлиб, унинг мурожаатига жавобан вилоят ҳокимининг топшириғига биноан тадбиркорга қўшимча 350 миллион, жами 600 миллион сўм маблағ ажратилиш масаласи белгиланган тартибда Халқ депутатлари кенгашига 10 кунлик муҳокама учун қўйилган.

Ўрганишлар мобайнида «Такомил қурилиш сервис» раҳбарининг ўз жонига қасд қилиши билан боғлиқ бошқа тафсилотлар келиб чиқмоқда.

Вилоят прокуратураси матбуот хизмати берган маълумотга кўра, Улуғнор тумани, «Бобур» МФЙда яшаган ушбу фуқаро V.А. 20 август куни Жалақудуқ туманидаги 29-сонли мактаб спорт залида ўзини осиб, ўз жонига қасд қилган. Марҳумнинг танаси суд-тиббий экспертизаси бюроси экспертлари иштирокида кўздан кечирилганида унинг баданида бўйнидаги осилишдан қолган странгуляцион эгат кўринишидаги излардан ташқари бирор-бир тан жароҳатлари аниқланмаган.

Ҳозирда унинг ўз жонига қасд қилгани сабабларини аниқлаш юзасидан Жалақудуқ туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Хабарда айтилишича, текширув ҳаракатлари вилоят прокуратураси томонидан назоратга олинган бўлиб, натижалари ҳақида қўшимча маълумот берилади.

Эслатиб ўтамиз, 23 июнь куни Андижон вилоятининг Бўстон туманида «Бўз Иқбол чорваси» МЧЖ раҳбари «Буюк турон чорваси» фермер хўжалиги дала майдонидаги дарахтга арқон билан ўзини осиб, вафот этганди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Андижонда яна бир тадбиркор ўз жонига қасд қилди