14:16 / 27.08.2022
1 108

Таълим соҳаси коррупциядан бутунлай тозалансагина жамиятда ҳақиқий ўзгаришлар бошланади

Таълим соҳаси коррупциядан бутунлай тозалансагина жамиятда ҳақиқий ўзгаришлар бошланади
Ҳар қандай мамлакатнинг тараққиёти илм-фан ва таълимга қаратилган эътибор, яратилган шароит ва бу соҳаларга ажратилаётган сармояга боғлиқ. Буни ҳар соҳада юксак даражага етган Жанубий Корея, Япония, Сингапур сингари давлатлар тажрибаси ҳам кўрсатиб турибди. Бугунги кунда юртимизда таълим, илм-фан соҳасига қаратилаётган юксак эътибор замирида ҳам айни шу ҳақиқатлар турибди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг давлат раҳбари сифатида фаолиятини бошлаган вақтидаги илк учрашуви ҳам айнан илм-фан соҳаси вакиллари бўлмиш олимлар ва академиклар билан бўлганлигини ҳам алоҳида қайд этиб ўтиш жоиз.

Сўнгги йилларда олий таълимга ёшларни қамраб олиш миқдори бир неча баробарга оширилди. Таълимнинг сиртқи, кечки, масофавий шакллари ташкил этилди.

Таълимдаги ислоҳотларни биргина Сурхондарё мисолида оладиган бўлсак, беш йил олдин воҳада битта, яъни Термиз давлат университетигина мавжуд эди. Қабул квотасининг камлиги, битта олий ўқув юрти эҳтиёжни тўла қамраб ололмаслиги сабабли кўплаб ёшларимиз узоқ пойтахтга илм олиш учун кетишар эди. Воҳа зиёлилари, минглаб ота-оналар Сурхондарёда ҳам бошқа олий ўқув юртлари очилишини орзу қилишар эди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси ўлароқ қисқа муддатда бир қатор ОТМлар ташкил этилди. Aйни пайтда воҳада олтита олий ўқув юрти фаолият кўрсатмоқда. Бўлажак талабаларимиз, ёшларимиз учун бу катта имкониятдир.

Яна бир ислоҳотлардан бири, профессор-ўқитувчиларга яратилаётган кенг шароитлардир. Уларнинг маоши ўртача 3,5 баробарга оширилди (3 миллион сўмдан 10 миллион сўмгача). Қолаверса, илмий даражага эга бўлганларнинг фаолиятига қараб, қўшимча 30 ва 60 фоизгача устамалар бериш тартибининг жорий қилинишини ҳам эътироф этиш лозим.

Олий таълим соҳасидаги энг муҳим ислоҳотлардан бири бу шубҳасиз, қабул жараёнларининг онлайн тарзда ташкил этилганлиги. Тест ва ижодий имтиҳонлар олиш тартиби янада шаффофлашди. Ўқишни кўчириш ва тиклаш жараёнлари ҳам онлайн бўлиб ўтмоқда. Бу ота-оналар, талабалар учун қулай имкониятларни яратиш билан бирга, ортиқча сарф-харажат, сарсонгарчилик ва қоғозбозликдан халос бўлишни таъминлади. Энг муҳими, бу жараёнларда инсон омили иштирок этмаяпти. Абитуриент ўз смартфонидан исталган жойда туриб аризасини топшира оляпти.

Президентимизнинг 2022 йил 15 июндаги “Давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш жараёнларини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорида 2022-2023 ўқув йили учун магистратурага қабул ҳамда ўқишни кўчиришда янги тартиб жорий қилинди.

Унга кўра,
– давлат олий таълим муассасалари магистратурасига қабул абитуриентнинг бакалавриат диплом балли ўртача кўрсаткичи ҳамда хорижий тилни билиш даражаси бўйича тегишли миллий ёки халқаро сертификат балли асосида, баллар кетма-кетлигига қатъий риоя қилган ҳолда амалга оширилади ҳамда қўшимча имтиҳон ўтказилмайди;

– давлат олий таълим муассасалари магистратурасига қабул бир йилда икки марта — август ва январь ойларида ташкил этилади.

Бунда:
1) август ойидаги қабул — навбатдаги ўқув йили учун тасдиқланган давлат гранти ва тўлов-контракт асосидаги ҳамда молиявий мустақиллик берилган олий таълим муассасаларининг кузатув кенгашлари томонидан тасдиқланган тўлов-контракт асосидаги қабул параметрларига мувофиқ;

2) январь ойидаги қабул — дастлабки қабул натижаларига кўра тўлмаган ўринлар ҳамда Давлат комиссияси томонидан тасдиқланган қўшимча тўлов-контракт асосидаги қабул параметрларига мувофиқ амалга оширилади.

Шунингдек, юқоридаги қарор билан давлат олий таълим муассасасининг биридан бошқасига талабалар ўқишини кўчиришга фақатгина қуйидаги ҳолатларда рухсат берилди:

– талаба оила қуриши муносабати билан турмуш ўртоғи доимий яшайдиган ҳудуддаги олий таълим муассасасига ўқишини кўчириш учун мурожаат қилганда;

– давлат органларининг ходимлари иш жойи ўзгарган тақдирда унинг турмуш ўртоғи ёки вояга етмаган фарзанди ўқишини кўчириш учун мурожаат қилганда, тегишли вазирлик (идора) раҳбарининг тавсияси асосида.

Ушбу тартиблар жорий қилингач, ижтимоий тармоқларда турли фикр-мулоҳазалар билдирилмоқда. Улар орасида бу тартибни қўллаб-қувватловчилар ҳам, унга қаршилар ҳам бор. Албатта, ҳар қандай ислоҳот, ўзгаришларни жамият бирданига қабул қилиши қийин. Бу маълум бир вақтни талаб қилади.

Ҳар бир соҳада дунё илм-фанининг сўнгги янгиликларидан хабардор кадрларга талаб юқори. Бунинг учун эса хорижий тилларни талаб даражасида билиш муҳим аҳамият касб этади. Магистр бевосита илмий изланишларида дунё илм-фанининг энг сўнгги натижаларидан фойдаланиши учун хорижий тиллардан энг камида биттасини мукаммал билиши лозим.

Қолаверса, хорижий тилни билиш даражаси бўйича тегишли миллий ёки халқаро сертификат балли ва бакалавр диплом баллининг ўртачаси ўқишга қабул қилишга асос бўлади. Яъни, талабгор ҳеч қандай имтиҳонга кирмайди. Бу эса ўқишга қабул қилишда очиқлик, адолат, шаффофликни таъминлайди, инсон омили иштирок этмайди. Энг муҳими, бу соҳада жамиятимизнинг энг иллатли “касаллиги” бўлган коррупция балосига чек қўйилди.

2022-2023 ўқув йилида Термиз давлат университетига магистратура босқичига 32 та йўналиш бўйича 340 та квотага 109 та абитуриентдан ҳужжатлар қабул қилинди. Шундан 76 таси ўқишга қабул қилинди. Бу жараёнга янги тартиб бўйича ҳеч қандай имтиҳон ўтказилмади. Уларнинг хорижий тилларни билиш бўйича халқаро сертификатлари ва бакалавр диплом балларининг ўртачаси асос қилиб олинди. Январь ойигача талабгорларга яна имконият бор. Хорижий тиллар бўйича яна синовларда иштирок этиб, халқаро сертификатларини олиб, январь ойида ҳужжат топширишлари мумкин.

Хориждан ўқишини кўчириш бўйича эса 2946 та ҳужжат қабул қилинди. Бу абитуриентларнинг тест имтиҳонлари ҳам ДТМ томонидан ўтказилди.

Жамиятимизда иллат даражасига етган пора, замонавий тилда айтганда коррупция балоси тараққиётимизнинг кушандаси бўлиб келмоқда. Йиллар давомида бу иллат авж олиб бўлганди. Бунинг гуноҳ эканлиги ҳам унутилди. Зеро, муқаддас динимизда ва аллома, мутафаккирларимизнинг асарларида пора ҳаром қилинганлиги ҳақида кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Масалан, пора олиш Қуръон, суннат ҳамда ижмоъга кўра ҳаром ҳисобланади.

Бугун коррупция балосига қарши жиддий кураш бошланди. Президентимизнинг таълим соҳасига бўлган эътибори натижаси ўлароқ, мажбурий меҳнат батамом бу соҳадан бегоналаштирилди.

Очиғини айтиш керак, яқин ўтмишимизда айрим нопок кимсалар эвазига тизим таъна-дашномлар гирдобида қолди. Бугунги кунда ўқишга қабул, ўқишни кўчириш ҳаммаси очиқ, шаффоф ва адолатли бўлмоқда. Қабул билан боғлиқ барча жараёнлар ОТМлардан ажратилди. Ижодий имтиҳонлар ҳам шаффоф, очиқ, кенг жамоатчилик гувоҳлигида ўтказилмоқда.

Аммо, шу ҳолатларни кўра-била туриб ҳам айрим абитуриент ва уларнинг ота-оналари фирибгарлар алдовига учраб қолмоқда.

Қарс икки қўлдан чиқади. Бу нарсани англамаслик, тан олмаслик жамиятимизда коррупция балосидан буткул қутулишга имкон бермайди. Фарзандининг билими, интилиши яхши, репититорга қатнайди. Лекин шундай бўлса-да ота-онаси қинғир йўлларни қидира бошлайди. Кимнингдир алдовига, фирибгарга учраб, кейин ўзини жабрдийда кўрсатиб юради. Коррупцияга қарши курашишда ҳар биримиз, кенг жамоатчилик ҳамжиҳатликда курашсаккина, ўзининг ижобий натижасини беради.

Aвазжон МАРAҲИМОВ,
Термиз давлат университети ректори, профессор.Ⓣ

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Таълим соҳаси коррупциядан бутунлай тозалансагина жамиятда ҳақиқий ўзгаришлар бошланади