12:15 / 04.09.2022
1 326

Ўзбекистон имиджи: “Хорижлик сайёҳлар нималарга қарайди?”

Ўзбекистон имиджи: “Хорижлик сайёҳлар нималарга қарайди?”
(тўртинчи қисм)

Дарҳақиқат...

Мамлакатимизда кечаётган, Шавкат Мирзиёев олиб бораётган ислоҳотлар Ўзбекистоннинг жозибадорлигини бир қадар оширди. Жаҳон банки банки бизни дунёда тадбиркорликка мадад бериш бўйича улкан ислоҳотлар ўтказаётган 20 давлат қаторига киритди. Британиянинг "Economist Intelligence Unit" (EIU) татқиқот ташкилоти Демократия индексида юқорилаганимизни кўрсатди. 2019 йилда 15 йиллик танаффусдан сўнг Ўзбекистон билан Жаҳон савдо ташкилотига кириш учун музокаралар бошланди.

Шу билан бирга, англашимиз керакки, хорижий сармоядорларга ва дунёга тақдим этаётган образимиз мавжуд сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий реаллигимизга монанд бўлади. Сармоядор фақат рейтингларга ва телевизорга қараб қарор қабул қилмайди.

Сармоядор қараса, нимани кўради? Бозор иқтисодида рақобат иқтисодда давлат иштироки кам бўлган жойда юзага келади. Биз имидж учун юзаки ўзгаришлар қилиб, ҳатто стратегик бўлмаган ўринларда ҳам давлат монополиясини сақлаб ўтираверсак, давлатнинг иқтисоддаги улуши юқорилигича қолса ва ҳар лаҳза ҳокимият ва ҳоким томонидан мулкнинг тортиб олиниши хавфи сақланса, катта бизнес монопол ҳолатидан воз кечмаса, кичик ва ўрта бизнес “яширин иқтисод” зонасидан чиқмайди ва бу ерга сармоядор келмайди.

Дарвоқе...

Журналистлар имиджни юксалтириш учун фақат мавжуд ҳолатни бирозгина бўяши ёки кўтаринкироқ усулда ёзиши мумкин. Асосий нарса реал воқелигимиздир. Агар ислоҳотларимиз изчил бўлса, ишларимиз ҳалол ва одил бўлса, коррупцияга қарши курашда чинакамига ютуқларимиз бўлса, буларни кўрсатиш орқали имиджимизни кўтаришимиз мумкин. Лекин қилаётган ишларимиз мақтагулик бўлмаса, журналистлар бу имиджни кўтариб беролмайди. Борини бироз ошириши мумкин журналистлар, лекин амалдор пора олиб турса, монополист машинасини қиммат қилиб турса, чимкентлик самолётига Туркияга ярим нархда учиб турса-ю, ўзбек пойтахтидан худди шу хил самолётда икки баробар қимматга учса, журналист бунақанги аҳволда имиджни кўтариб беролмайди.

Ислом Каримов даврида айтилган бир латифа бизга малол келарди, лекин унда муайян ҳақиқат бор эди. Ислом Каримов мақтаниб: “Машина завод қурдик – ҳар бир уйда биттадан машина бўлади”, - деса, Нурсултон Назарбоев: “Бизда ҳар бир қозоқнинг уйида биттадан ўзбек мардикор бор” – деган экан. Бир ярим миллион ўзбек қозоқларда, уч-тўрт миллион ўзбек Россияда мардикорлик қилади... Имидж ҳақида ўйлаганда дунё кўриб турган бу омилларни ҳам ўйлаш лозим.

Дунёга “фаровон ва адолатли” “қонун ва сўз эркинлиги устувор” бўлиб кўриниш бошқа, аслида шундай бўлиш бошқадир, меҳнатталаб, заҳматталаб, бутун миллат яхлит ишлаши керак бўлган юмушдир.

Ўзбекистоннинг жозибаси ҳар бир инсонда ўзига хос шаклланади, масалан, саёҳатчи мамлакатдаги хавфсизликка, меҳмонхона ва таомхоналардаги хизмат сифатига, аэропорт ва божхоначиларнинг муомаласига, кўчалардаги ва жамоат жойларидаги таҳоратхоналарнинг аҳволига, тарихий ёдгорликларимизнинг қандай сақланганлигига қарайди. Чет эллик илм аҳли архивларимиз ва кутубхоналаримизнинг ҳолатига, ахборот олиш имконларига эътибор беради. Бизга келмоқчи бўлган сармоядор бизнеснинг шаффофлигига, мулкнинг ҳимояланганлигига, коррупциянинг жиловланган-жиловланмаганлигига, қонуннинг устуворлигига, судларнинг холис ҳукм чиқара олишига назар солади.

Ҳар бир ўзбекистонлик инсон – Ўзбекистон имиджининг ўта муҳим компонентидир, чунки имидж – хоҳ у оддий меҳнаткаш инсонимиз, хоҳ амалдоримиз, хоҳ ҳукмбардор судьямиз бўлсин – инсонлар орқали шаклланади. Агар ҳамма ўз жойида қилаётган ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги юрт ва миллат имиджига алоқадорлигини ҳис қилса, Ўзбекистоннинг имиджи яхшиланади. Акс ҳолда имиджимиз бўлмайди ёки салбий бўлади.

Имиджсиз мамлакат дунё ҳамжамиятининг сафига кира олмайди, хорижий сармояларни жалб этолмайди. Дунё бизга шунга қараб муомала қилади. Мана, ўзимиз ҳам бирор ашёмиз бузилса: “Хитойда қилинган-да” деймиз, янги осиё автомашинасидан кўра эски “Мерседес” олган яхшилигига аминмиз, чунки хитойнинг арзон ва сифатсиз нарса ясовчи имиджи бўлса, немисларнинг исталган техникани мустаҳкам ва пишиқ қилиши ҳам онгимизга сингиган. Ижобий имидж иқтисодий самара ҳам келтиради, демак.

Бизга ясама имидж эмас, объектив жозиба керак.

Имидж яратилади, ясалмайди.

Дунё сўзга эмас, амалга ва ишга қарайди.

Бу ҳақиқатни англаб олишимиз муҳимдир.

Карим БАҲРИЕВ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият