22:27 / 09.09.2022
1 425

Бола суймас келинлар ёхуд меҳр она сути билан киради

Бола суймас келинлар ёхуд меҳр она сути билан киради
Азиза опа келинининг бу ҳаракатидан ҳайрон қолди. Боласини эмизишни истамайди, “қоматим бузилади” дейди, ўғли эрталабгача болага қараб чиқади. Кундуз куни эса чақалоқни қайнонага ташлаб, уй юмушлари билан банд. Яхшиямки ўзи қарайди, бўлмаса чақалоқ йиғлайвериб, бетоб бўлиб қоларди.

Бу ҳам етмагандай уч кунга қизиникига кетганида, тинмасдан памперс кийдириб, қорни оғриса дорилар бериб бетоб қилди. Азиза опа: “Ўзининг боласи бўлса ҳам шунчалик бемеҳр, бепарвомикан” деб келинини койиб берди. Набирасини эркалаб, қайнонасидан ўрганган усулларни қилиб парваришлади. Келинига қанча ўргатмасин “ўзидан ортиб” боласига қарашни истамади.

Афсуски, бугун аксари ёшлар бола қарашнинг осон йўлини танлашади. Аслида ғарб мамлакатларида ҳам шундай бўлган ва натижада меҳр кўрмаган болалар ўз ота-оналарига меҳр беришмаган.

Сўнгги вақтларда кўплаб жувонлар оналикни ҳис қилмаяпти. Сабаби, уларнинг ўзи ҳали бола. Булар қачон катта бўлади, дерсиз. Бу кетиш бўлса - ҳеч қачон! Улар вақтини сериалларга сарфлайди, телефонда соатлаб “беҳуда” ўтиришади, уй ишлари билан банд, қарабсизки бола шу билан мактабга чиқади. Бежизга ижтимоий тармоқларда боланинг “телефон бўлишни истайман, онам менга ҳамиша қарар эди” деган сўзлари машҳур бўлмади. Биз болалигимизда онамиз билан ўйинчоқларимизни ўйнаганмиз. Улар бизни эшитар, биз уларнинг сўзига қулоқ солардик. Ҳозир эса фарзандингизга эътибор берсангиз сиздан кўра дугонаси ёки дўсти билан яқин бўлаётганини кўрасиз. Чунки у сиз бермаган меҳрни дўстидан топган.

Аксарият ҳолларда турмушга чиққан қизларимизни уй ишларини эпласа бўлди-да, деймиз. Натижада ажримлар кўпаяди. Ота-оналаримиз ўзаро жанжаллашса, камдан-кам ҳолатларда биздан аламини олишган. Ҳозир эса деярли ҳар бир она боласини “жазолаб” келмоқда.

Яқинда кўчада бир она ўғлини ёнига чақирди. Чамаси, биринчи синф ўқувчиси. Бола титраб “йўқ урасиз, урманг” дейди. Болани титраб турганини кўриб, калтаклардан безор бўлганини билиш қийин эмас. Эртага у ҳам, Аллоҳ асрасин, онасини уриши ҳеч гап эмас. Бу каби манзаралар, оналар болаларини катта кўчада, бегоналар олдида “тарбияга” чақириб қўйиши, уриши ёки ҳақорат қилиши кўпайиб кетди. “Боланинг ғурури кўпчиликнинг олдида синмасин, уйга борганда гаплашиб қўяман” дейдиган оналар саноқлигина, назаримизда.

Маълумот ўрнида, бир қатор жиноятларни содир этган хавфли шахсларнинг жиноятчи бўлишига оиладаги муҳит сабаб бўларкан. Уларнинг кўпчилиги ҳамиша босим ва қўрқув асосида яшашган. Афсуски, орамизда ана шундай ота-онасидан қўрқиб катта бўлаётган болалар кам эмас. Улар ҳозир гўдак бўлгани учун заиф бўлиши мумкин. Эртага меҳрсиз, ёвуз инсонларга айланмаслигига ҳеч ким кафолат бермайди. Меҳр эса энг аввало она сути билан киради.

“Сутим етмаяпти”, “Сутим зарарли экан”, “Бола тўймаяпти” деб келинлар онанинг фарзанди олдидаги мажбуриятини бажармаётганлиги, боласи билан ҳеч бўлмаса мана шу берилган озгина вақтда ҳам бўлмаётгани бор гап. Аслида болани “шиша”да катта қилиш хориж давлатларига хос. Ҳозир оналар чақалоқни қўлига шишани тутқазиб “ўз ҳузурини” ўйлашмоқда.

Бу борада қайноналар ва оналар ҳам талабчан бўлиши керак. Замон шундай деганлар, замон эмас инсонлар ўзгаришини билиши лозим. Келинларимизни уй юмушларига эмас фарзандининг тарбиясига масъулиятли қилайлик. Қизларимизни эртага бировнинг хонадонида хизматини қиласан деб эмас, қори ва қорияларнинг, юрт корига ярайдиган инсонларнинг онаси бўласан, деб илмли қилишимиз тўғрироқ бўлади.

Камола Адашбоева

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Бола суймас келинлар ёхуд меҳр она сути билан киради