957
Шавкат Мирзиёев: «ШҲТ доирасида шаклланган ижобий тажрибадан Афғонистонни ривожлантиришда ҳам фойдаланиш ўта муҳим»

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасида шаклланган ижобий ва муваффақиятли тажрибадан Афғонистонни ривожлантириш масаласида ҳам фойдаланиш ўта муҳим ва долзарбдир. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев ШҲТ Самарқанд саммитига бағишланган мақоласида таъкидлаб ўтди.
Президентнинг сўзларига кўра, ташкилотга раислик Ўзбекистонга ШҲТга аъзо барча давлатлар билан кўп томонлама кооперацияни янада мустаҳкамлаш баробарида ҳар бир давлат билан икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда янада кенг қамровли шериклик учун янги йўналишларни белгилаб олиш учун яхши имкониятлар берди. Бугун ШҲТ доирасида шаклланган мана шундай ижобий ва муваффақиятли тажрибадан Афғонистонни ривожлантириш масаласида ҳам фойдаланиш ўта муҳим ва долзарбдир.
«Шак-шубҳасиз, Афғонистон ШҲТ маконининг ажралмас қисми саналади. Бугун афғон халқи қўшни ва хайрихоҳ давлатлар кўмагига ҳар қачонгидан ҳам муҳтож. Афғонистонга биргаликда ёрдам қўлини чўзишимиз, мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига, минтақавий ва глобал тараққиёт жараёнларига интеграциялашувига кўмаклашишимиз ва шу орқали ушбу давлатнинг кўп йиллик инқироздан чиқиши учун қулай шароит яратиб бериш бизнинг маънавий бурчимиздир», — деган Шавкат Мирзиёев.
Унинг айтишича, асрлар давомида глобал миқёсдаги давлатлар ва минтақавий куч марказлари ўртасидаги қарама-қаршиликларда буфер ролини ўтаб келган Афғонистон эндиликда Марказий ва Жанубий Осиёни боғловчи кўприк вазифасини бажаришдек янги тинчлик миссиясида ўзини намоён этмоғи лозим.
«Бундай ўзаро манфаатли минтақалараро ҳамкорликнинг намунавий рамзи сифатида Трансафғон коридорининг қурилиши лойиҳасини айтиш мумкин. Шуни ҳам англаш муҳимки, ‘Термиз—Мозори Шариф —Кобул—Пешовар’ темир йўли каби қўшма инфратузилма лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш орқали, биз ижтимоий-иқтисодий ва транспорт-коммуникация вазифаларини ҳал этибгина қолмасдан, минтақавий хавфсизликни таъминлашга ҳам салмоқли ҳисса қўшишимиз мумкин.
Ўзаро позицияларимизни яқинлаштириб, тинч, барқарор ва фаровон Афғонистон учун ШҲТнинг янги кун тартибини биргаликда ишлаб чиқа олишимизга аминман. Шундагина том маънода барқарор ва изчил ривожланаётган, яхлит хавфсизликка эга бўлган ШҲТ маконини барпо эта оламиз», — деган президент.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар