15:30 / 17.09.2022
1 268

Элдор Арипов: “Самарқанд саммити барча умидларни оқлади”

Элдор Арипов: “Самарқанд саммити барча умидларни оқлади”
Ўзбекистон раҳбари томонидан илгари сурилган Умумий хавфсизлик ва фаровонлик йўлида Самарқанд бирдамлиги ташаббусини ШҲТ саммитининг асосий воқеаси деб аташ мумкин, дейди Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Элдор Арипов. Мутахассиснинг айтишича, президент Шавкат Мирзиёевнинг таклифи Самарқанд саммити арафасида эълон қилинган дастурий мақоласининг мантиқий давоми бўлди.

Kun.uz мухбири ШҲТнинг Самарқанд саммити борасида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори, сиёсий фанлар номзоди Элдор Арипов билан суҳбатлашди.

– Охирги ҳафталарда жамоатчилик, ОАВнинг диққат-эътибори Самарқандда бўлиб ўтган ШҲТ саммитига қаратилди. Бу воқеа жаҳон сиёсий янгиликларининг энг юқори поғонасида турибди. Сизнингча, тадбирга бўлган умидлар оқландими?
– Aлбатта, Самарқанд саммити барча умидларни оқлади. Ўзбекистон раислиги даврида амалга оширилган улкан ва машаққатли ишлар муносиб якунланди. Назаримда, Самарқанддаги саммит ШҲТ доирасида ўтказилган энг йирик ва энг нуфузли сиёсий тадбирга айланди.

ШҲТ тарихида илк бор саммитда 14 та давлат етакчилари ва 10 та халқаро ташкилот раҳбарлари иштирок этди. Ўзбекистон Шарқий, Жанубий ва Марказий Осиё, Яқин Шарқ, Каспий денгизи минтақаси давлатлари раҳбарларини бир майдонга тўплади.

Улар дўстона муҳитда "юзма-юз" мулоқот қилиш имконига эга бўлишди. ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари норасмий шароитда умумий дастурхон атрофида суҳбат ўтказаётган суратини ҳамма кўрган бўлса керак. Ўйлайманки, бу сурат саммит бўлиб ўтган ишончли кайфият ва муҳитни жуда яққол акс эттирди.

Саммит арафасида унинг натижалари қандай бўлиши ҳақида жуда кўп турли тахминлар бор эди. Баъзи экспертлар учрашув шунчаки расмий, одатий руҳда ўтади, деб таъкидлаган эди.

Бошқалар эса, аксинча, ўсиб бораётган глобал қарама-қаршилик шароитида ШҲТнинг янги ролини башорат қилишди. Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти дунёда янги бўлиниш чизиқлари ва блокларини шакллантириш жараёнида иштирок этиши башорат қилинган эди. Бугун ишонч билан айтиш мумкинки, бу нуқтаи назарларнинг ҳеч бири ўзини оқламади.

Самарқанд саммити ШҲТ нафақат энг нуфузли халқаро ташкилотлардан бири бўлиб қолаётганини, балки ўзининг асосий тамойиллари – блокдан ташқари мақом, учинчи давлатларга қарши турмаслик, очиқлик, консенсус, ишонч, ўзаро манфаатдорлик, тенглик ва ўзаро ҳурматга содиқлигини яна бир бор намойиш этди.

Ўзбекистон президентининг ШҲТ “тинчлик, ҳамкорлик ва тараққиёт йўлида бирлашишга, айирмачилик унсуридан холи бўлган жозибадор маконга айланиши лозим”лиги ҳақидаги мурожаати ҳам ўз тасдиғини топди.

– Самарқанд саммитининг қандай амалий натижаларини алоҳида таъкидлаган бўлардингиз?
– Aмалий нуқтаи назардан, саммит жуда қизиқарли ва самарали бўлди.

Иштирокчи давлатлар энергетика ва озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги таназзулнинг кучайиши, мавжуд логистика йўналишлари ва таъминот занжирларининг узилиши, сайёрамиздаги ижтимоий-иқтисодий вазиятнинг ёмонлашувини эътибордан четда қолдирмади.

Саммит доирасида 40 дан ортиқ ҳужжат имзоланган бўлиб, уларнинг аксарияти Ўзбекистон томони ташаббуси билан тузилган ва стратегик аҳамиятга эга.

Самарқанд саммитида қабул қилинган қарорлар чинакам ютуқ бўлиб, улар Шанҳай ҳамкорлик ташкилотини келгуси ўнлаб йиллар давомида ривожлантиришнинг муҳим векторлари бўлиб хизмат қилувчи чинакам янги стратегик йўналишларни белгилаб берди.

Масалан, стратегик ҳужжатлардан ШҲТга аъзо давлатларнинг Узоқ муддатли яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартномани амалга ошириш бўйича 2023-2027 йилларга мўлжалланган комплекс режаси, шунингдек, иқлим ўзгаришига муносабат бўйича ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг Қўшма баёноти ўрин олган.

Бундан ташқари, ШҲТга аъзо давлатлар ўртасида Ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш ва самарали транспорт йўлакларини яратиш бўйича ҳамкорлик концепциялари имзоланди.

Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасида ҳамкорлик дастури қабул қилинди.

Ҳудудлараро савдони ривожлантириш бўйича қўшма чора-тадбирлар режаси ҳамда юқумли касалликларнинг олдини олиш ва даволашда ҳамкорлик қилиш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди. Кўриб турганингиздек, бу ҳамкорликнинг жуда долзарб ва муҳим амалий йўналишлари.

ШҲТнинг кутилаётган кенгайиши Миср, Саудия Aрабистони ва Қатар билан мулоқотда ШҲТга шерик мақомини бериш тўғрисидаги меморандумларни имзолаш орқали амалга оширилди. Бундан ташқари, ШҲТ ва қатор халқаро ташкилотлар ўртасида расмий алоқалар ўрнатилди. Улар орасида ЮНЕСКО, АДЛ, ЭСКАТО кабилар бор.

“Ўзбекистон-Қирғизистон-Хитой” темир йўли қурилиши лойиҳаси бўйича уч томонлама битим имзолангани ҳам муҳим аҳамият касб этди. Лойиҳа ўз қарорини 20 йил кутган эди. Ушбу улуғвор лойиҳанинг амалга оширилиши Иккинчи континентал транспорт кўпригининг жанубий йўлагини яратиш билан бирга, уч мамлакат ишлаб чиқарувчилари учун янги маҳсулотлар бозорларини ҳам очиб беради. Йўл қурилиши Марказий Осиё мамлакатлари транспорт инфратузилмасини ривожлантиришни, Форс кўрфази ва Тинч океани портларига қулай чиқишларини таъминлайди.

Самарқанд саммити доирасида икки ва кўп томонлама шаклларда ўтказилган музокаралар сонини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтмасликнинг иложи йўқ. Ушбу учрашувлар давомида иштирокчилар бир қатор глобал ва минтақавий муаммоларни муҳокама қилиш имконига эга бўлдилар.

Бу борада Қирғизистон ва Тожикистон раҳбарларининг ушбу давлатлар чегараларидаги вазият бўйича юзма-юз учрашуви энг рамзий маънога эга бўлиб, шундан сўнг ўт очишни тўхтатиш, шунингдек, қўшинларни олиб чиқиб кетиш тўғрисида кўрсатма берилди.

– Ҳозир асосий эътибор ва муҳокама Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган “Умумий хавфсизлик ва фаровонлик йўлида Самарқанд бирдамлиги ташаббуси”га қаратилган. Кўпчилик бу ташаббусни ушбу саммитнинг асосий воқеаси деб атайди. Самарқанд ташаббусининг аҳамияти ва ўзига хослиги нимада?
- Шубҳасиз, Ўзбекистон раҳбари томонидан илгари сурилган “Умумий хавфсизлик ва фаровонлик йўлида Самарқанд бирдамлиги ташаббуси”ни ШҲТ саммитининг асосий воқеаси деб аташ мумкин.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг таклифи Самарқанд саммити арафасида эълон қилинган дастурий мақоласининг мантиқий давоми бўлди. Дарҳақиқат, Самарқанд ташаббусини унинг мақоласида белгилаб берилган замонавий дунё тартибининг асосий чақириқлари ва муаммоларига ўзига хос жавоб дейиш мумкин.

Шунинг учун, бу ташаббус ана шундай эътибор тортгани ва экспертлар муҳокамаси марказидалиги табиий. Самарқанд ташаббусининг аҳамияти ҳақида гапирар эканман, бир-икки фикрга тўхталиб ўтмоқчиман.

Биринчи навбатда, бугунги мураккаб геосиёсий шароитда унинг долзарблиги. Жаҳон миқёсида ишонч ва ўзаро бегоналашиш инқирози кучайиб бораётган бугунги кунда, Ўзбекистон президенти таъкидлаганидек, “умумий келажагимизга бефарқ бўлмаган, келишмовчиликларга қарамай, келишилган ёндашувлар ва ечимларни излашга тайёр бўлган” барчани конструктив мулоқотга жалб этиш муҳим.

Жаҳон ҳамжамияти олдида маҳаллий можароларнинг кучайишидан тортиб глобал иқтисодиётнинг тикланиши ва иқлим ўзгаришигача бўлган кўплаб муаммолар турибди. Бу таҳдидларни мулоқот, давлатлараро алоқалар, биргаликдаги саъй-ҳаракатларсиз осон зарарсизлантириш мумкин эмас.

Бундан ташқари, Самарқанд ташаббусининг ўзига хослигини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз. Дарҳақиқат, бугунги куннинг долзарб масалалари бўйича ҳали ўхшаши бўлмаган глобал мулоқот майдонини шакллантириш таклиф этилмоқда.

Яъни иқтисодиёти, географияси, катталиги, маданияти турлича бўлган давлатлар ва халқларни бирлаштира оладиган майдон. Уларни биргаликда мулоҳаза юритиш, хавфсизлик ва барқарор ривожланишни янада таъминлаш учун янги ёндашувларни излаш мақсадида бирлаштириш.

Aйтиш мумкинки, ШҲТ доирасидаги ўзаро ҳамкорликнинг муваффақиятли модели жаҳон даражасига кўтарилиб, халқаро ҳамкорликнинг янги формати учун асос бўлмоқда.

Дарҳақиқат, геосиёсий рақобат, маданий ва қадриятлар низолари, миллий худбинлик ва мафкуравий тарафкашликдан холи янги халқаро мулоқот бошланмоқда.

– Бу ташаббус ҳаётга қандай татбиқ этилиши ва амалда илгари сурилиши ҳаммани қизиқтираётган бўлса керак?
- Самарқанд ташаббусининг яна бир ўзига хос жиҳати унинг батафсил ўйланганлигидир. Бу ташаббус учун қилинган ташаббус эмас. Президент Шавкат Мирзиёев бу ҳақда гапирар экан, уни дарҳол амалга оширишнинг ўзига хос механизмини белгилаб берди.

Мазкур ташаббусни амалий амалга ошириш масалаларини 2023 йилда бўлиб ўтадиган халқаро Самарқанд форумида сиёсий етакчилар, нуфузли жамоатчилик, ишбилармон, илмий ва эксперт доиралари вакиллари иштирокида биргаликда кўриб чиқиш таклиф этилди.

Самарқанд ташаббусини илгари суриш мақсадида Ҳаракат дастурини қабул қилиш кўзда тутилган.

Демак, Самарқанд ташаббусининг барча фаолияти, таклиф ва қарорларининг амалий мувофиқлаштирилиши таъминланади. Бир сўз билан айтганда, бу бир марталик лойиҳа эмас, глобал миқёсда доимий ҳамкорлик механизмини яратиш ва қўллаб-қувватлашга қаратилган янги сиёсий ва дипломатик жараён бошланмоқда.

– Нима сабабдан шундай минбарга айланиш учун айнан Самарқанд танланди?
- Президент тўғри таъкидлаганидек, ҳамкорлик, ўзаро ҳамжиҳатлик ва дўстлик тимсоли бўлган “Самарқанд руҳи” билан суғорилган ташаббуснинг рамзий маъносини қайд этмасликнинг иложи йўқ.

Самарқанд халқаро мулоқот майдонига айланиш учун ноёб тарихий замин, барча зарур инфратузилма ва тажрибага эга.

Ўз навбатида, Ўзбекистон айнан ўзининг сиёсий-дипломатик салоҳияти, президентнинг шахсий обрўси туфайли жуда хилма-хил давлатларни, жумладан, ташқи сиёсий йўналишлари турлича бўлган мамлакатларни бир майдонда тўплаш имкониятига эга бўлган давлатдир. Бугунги кунда бу сифат ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ талабга эга. Сўнгги ШҲТ саммити эса бунинг яна бир тасдиғидир.

Янги Ўзбекистон ўткир минтақавий муаммолар, жумладан, Aфғонистон йўналишидаги муаммоларни ҳал этишга қаратилган халқаро саъй-ҳаракатларни илгари суриш бўйича бой ва муваффақиятли тажрибага эга. Aйтиш мумкинки, мамлакатнинг "дипломатик жозибадорлик маркази" мақоми ишончли тарзда мустаҳкамланиб қолмоқда.

Масалан, ўз вақтида 2017 йилнинг ноябр ойида бўлиб ўтган Марказий Осиё бўйича Самарқанд конференцияси ҳақиқатда минтақа давлатларининг янада мустаҳкамланишига асос солган эди. Дарҳақиқат, Марказий Осиё давлатларини яқинлаштириш, минтақада конструктив ҳамкорликнинг янги мантиғини шакллантириш учун илк қадамлар айнан ўшанда Самарқандда қўйилди.

Бундан ташқари, мамлакатимизда афғон муаммосига бағишланган қатор халқаро анжуманлар ўтказилди. Тошкент дипломатияси туфайли Aфғонистон масаласи яна халқаро миқёсдаги диққат марказига тушди.

Шубҳасиз, Ўзбекистоннинг худди шундай муваффақиятли тажрибаси замоннинг бошқа долзарб масалаларини ҳал қилишда ҳам қўлланилиши мумкин.

– Нима учун Самарқанд ташаббуси ШҲТнинг бошқа аъзолари ва саммит меҳмонлари томонидан бундай юксак баҳо берилиб, қўллаб-қувватланди деб ўйлайсиз?
- Тўғри айтасиз, Самарқанд ташаббуси ШҲТ ҳамкорлари томонидан кенг қўллаб-қувватланаётганини таъкидламаслик мумкин эмас. Ўзбекистон Президентининг таклифи саммитнинг якуний Декларациясида ўз аксини топди.

Ташаббуснинг бундай қўллаб-қувватланиши тасодифий эмас. Бу Ўзбекистон ва унинг раҳбарининг юксак ишончи ва сўзсиз нуфузи ифодасидир.

Марказий Осиёнинг барча давлатлари ва Aфғонистон билан чегарадош бўлган Ўзбекистон минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашда алоҳида ўрин тутаётгани Тошкентнинг ҳамкорларига яхши маълум.

Қолаверса, Тошкент доимо масъулиятли, изчил ва прагматик ташқи сиёсат юритиб келган. Мамлакатимиз барча куч марказлари – Россия, Хитой, AҚШ, Европа давлатлари билан мутаносиб муносабатлар ўрнатишга муваффақ бўлди. Тошкент ўз мисолида, ҳамкорликнинг бошқа йўналишлардаги муносабатларига зарар етказмаган ҳолда, бир ташқи сиёсат йўналишида муваффақиятга эришиш мумкинлигини исботлади.

Шу тариқа, ШҲТ саммитидан сўнг Ўзбекистонда Туркий тилли давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарларининг учрашуви, Европа тикланиш ва тараққиёт банки йиғилиши, вазирлар йиғилиши ва ўзаро боғлиқлик бўйича биринчи “ЕИ – Марказий Осиё" минтақавий конференциясини ўтказиш режалаштирилмоқда.

Яъни Ўзбекистоннинг ташқи ҳамкорлари Тошкент дипломатиясини баҳам кўради, унга ишонади ва юқори баҳолайди.

Бинобарин, Самарқанд ташаббуси жаҳон миқёсида кенг қамровли ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун янги имкониятлар очишига шундай катта умид ва ишонч бор.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият