09:53 / 22.09.2022
1 395

Камолиддин Раббимов: «Пул йўқлиги ёки камлиги фожиа эмас, эрта ўлиш ва яқинлардан айрилиш фожиа»

Камолиддин Раббимов: «Пул йўқлиги ёки камлиги фожиа эмас, эрта ўлиш ва яқинлардан айрилиш фожиа»
Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов муҳожир ватандошларимизга мурожаат билан чиқди.

Меҳнат муҳожирлари Россия учун қулай восита

Россия Украинадаги урушга ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Камида 300 минг инсон Украинага ташланиши ва украинларни ўлдиришлари керак. Жумладан, Россияда ишлаб юрган меҳнат муҳожирларини ҳам ушбу урушга ёллаш мақсадида, кенг ташкилий ишлар амалга ошириляпти. Россия учун, меҳнат муҳожирлари – жуда қулай восита. Меҳнат муҳожирларининг ҳаёти – Россия учун ҳеч нарса эмас. Минглаб меҳнат муҳожирлари ўлиб кетса ҳам, украинларни ўлдирса, Россия хурсанд бўлади.

Ҳукумат Россия қаҳридан, ғазабидан қўрқаётгандек

Россияда меҳнат қилиб юрган ватандошларимиз, миллатдошларимиз, ака-ука, опа-сингилларимизни бу урушга бормаслик борасида огоҳлантириш – энг аввало, давлат (ҳукумат)нинг вазифаси. Лекин шу пайтгача давлат бу борада деярли ҳеч қандай тизимли иш олиб бормади. Бамисоли, ҳукумат Россия қаҳридан, ғазабидан қўрқаётгандек. Аслида, бу ҳолатда тинч туриш — Ўзбекистон давлати ва жамиятининг фожиаси, муътелиги, истилоси, қуллигига рози бўлишни англатади, холос. Давлатнинг ва миллатнинг қадр-қиммати юқори бўлиши керак.

Ёлғон ваъдаларга учманг! Урушга борганларнинг аксариятини ўлим кутади

Лекин Россияда ишлаб юрган ватандошларимизни огоҳлантириш, миллатдошлик маслаҳатларини бериш – ҳар бир ўзбекистонликнинг бурчи, вазифаси. Пулдан, шароитдан қийналган ватандошларимиз кўп. Уларга Россия "чиройли" таклифлар бериши, “бир неча ойга бориб келиб, кўп пулли, зўр паспортли ва уй-жойли бўлишинг мумкин!” деб алдаши мумкин. Бу урушга борганларнинг мутлақ аксарияти вафот этади.

Бошқаларнинг урушини деб, ўзингизни қурбон қилманг!

Урушда – ўлим хавфи жуда юқори бўлади. Алданманг! Ўзингизни асранг! Яқинларингизни ўйланг! Бугун қийналган бўлсангиз, келажакда яхши кунларингиз кўп бўлади. Пул йўқлиги ёки камлиги фожиа эмас, эрта ўлиш ва яқинлардан айрилиш фожиа.

Ватандошлар, бошқаларни урушини деб, ўзингизни қурбон қилманг!

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият