
“Тадбиркорлик фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили, Иқтисодий тараққиёт вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, Адлия вазирлиги, Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг ҳудудларда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва улар муаммоларини ҳал этиш самарадорлигини янада ошириш мақсадида Тадбиркорлар кенгаши фаолиятини мувофиқлаштирувчи республика комиссияси, Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳамда туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳузурида Тадбиркорлар кенгаши ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланади.
Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги, унинг Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ҳудудий бошқармалари ҳамда маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш марказлари республика комиссияси ва кенгаш ишчи органлари этиб белгиланади.
Қуйидагилар республика комиссияси фаолият йўналишлари этиб белгиланади:
- тадбиркорликни ривожлантириш соҳасидаги Ўзбекистон қонунлари, Ўзбекистон президенти фармон, қарорлари ва Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ижроси таъминланишини мониторинг қилиш;
- тадбиркорлик фаолияти ривожланиши ҳолатини ва унинг давлат томонидан қўллаб-қувватланиши тизимини таҳлил қилиш;
- тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш заруриятини кўриб чиқиш;
- тадбиркорлик субъектлари инфратузилмасини ривожлантиришга кўмаклашиш;
- маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш ва экспортни ривожлантириш бўйича чора-тадбирларни белгилаш;
- тадбиркорларни ҳуқуқий ҳимоя қилишга кўмаклашиш, тадбиркорлик соҳасини янада такомиллаштириш бўйича берилган таклиф ва тавсияларни қонунчилик ташаббусига эга бўлган субъектларга киритиш.
Қуйидагилар кенгаш асосий вазифалари этиб белгиланади:
- тадбиркорликни ривожлантириш соҳасидаги қонунлар, президент фармон, қарорлари ва Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ижросини амалга ошириш;
- тегишли ҳудудда тадбиркорликни ривожлантиришга тўсиқ ва ғов бўлаётган муаммоларни бартараф этиш, тадбиркорлик соҳасини янада такомиллаштириш бўйича таклифлар ва тавсиялар ишлаб чиқиш ҳамда уларни республика комиссиясига тақдим этиб бориш;
- ҳудудларда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ишсизлик ва камбағалликни қисқартириш соҳасида маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳокимлари ёрдамчилари ҳамда бошқарув вертикал тизими асосида давлат органлари ва ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорликда ишлаш;
- ҳоким ёрдамчилари, давлат органлари ва ташкилотлари билан ҳамкорликда тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳиятини тадбиркорларга етказиш;
- кенгаш мажлисларини ташкил этиш ва унда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ишсизлик ва камбағалликни қисқартириш соҳасида амалга оширилган ишлар бўйича ҳоким ёрдамчилари, давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларининг ахборотларини эшитиш.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар