12:00 / 28.09.2022
1 702

«Залдан чиқиб кетинг, гувоҳномангизни топширинг» — Сардор Умурзаков ҳокимларга

«Залдан чиқиб кетинг, гувоҳномангизни топширинг» — Сардор Умурзаков ҳокимларга
Кеча Президент администрацияси раҳбари раислигида танқидий видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Унда айрим ҳокимлар ва ташкилот раҳбарлари ишдан олинди. Яна айримларига бошқа интизомий жазолар берилди.

Оёғи ердан узилган ва маишатбоз ҳокимлар

«Ўрганишлар натижаси ва бизга турли манбалардан етиб келган маълумотлар шуни кўрсатмоқдаки, айрим вазирлар ва ҳокимларнинг оёғи ердан узилиб қолган.

Баъзи вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари, вазирлик ёки идораларнинг масъул раҳбарлари ўзларини гўё хонлардек тутиб, тўрачилик кайфиятига берилиб кетганлар.

Бундай хунук ҳолатларни фақат биз эмас, бутун халқимиз, кенг жамоатчилик кўриб-билиб турибди. Жамият уйғонган, жамоатчилик назорати кучайган бугунги замонда ҳеч бир мутасаддининг юриш-туриши назардан четда қолмайди.

Ҳурматли Президентимиз юксак ишонч билдириб айтган “Ҳокимлар менинг вакилим” деган сўзларини суиистеъмол қилиб, бундай шарафли масъулиятни унутган ҳокимларни, халқни алдаш, маишатбозлик қилиш, ислоҳотларга беписанд қараш билан кун ўтказаётган масъул шахсларни ким деб аташ мумкин?
», — деди Сардор Умурзаков.

Тўра Боболов жаримага тортилди

Йиғилишда Сардор Умурзаков Сурхондарё вилояти ҳокимини ҳам «насибасиз» қўймади. Боболовга мажлис қатнашчиларини ҳақорат қилгани сабаб жазо тайинланди.

Қайд этилишича, Боболов ўз фаолиятини давлат сиёсати ва амалга оширилаётган ислоҳотларга мос равишда ташкил этмагани, ҳокимларга қўйиладиган талабларга риоя этмасдан мажлис қатнашчиларини ҳақорат қилганлиги ва бу билан кенг жамоатчиликнинг норозилигига сабаб бўлгани учун мазкур қарор қабул қилинган:

«Тўра Боболов, сиз ўрнак бўлмаяпсиз. Интернетда чиққан гапларни монтаж дедингиз. Лекин экспертиза сизнинг овозингизни тасдиқлади. Президентимиз топшириғи билан сизга интизомий жазо чораси сифатида ойлик иш ҳақининг 40 фоизи миқдорида жарима қўлланди.

Тегишли мутассаддилар Сурхондарё вилоятини комплекс ўргансин, муаммоларга ечими билан таклиф тайёрласин, керак бўлса аниқланган қонунбузилишлар юзасидан жиноий иш очишгача бўлган чоралар кўрилсин
», — деди Администрация раҳбари.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, Тўра Боболов прокуратура ходими ҳақорат қилгани тўғрисида аудио тарқалганди. Шунингдек, президент ҳам Боболовни бу иши учун танқид қилганди.

Кимлар «учирма» қилинди?

— Асака тумани ҳокими М.Алихонов (ер муносабатларини тартибга солишга оид қонунчилик ҳужжатларига риоя этмагани учун);

— Фарғона тумани ҳокими Ш.Муминов (ер муносабатларини тартибга солишга оид қонунчилик ҳужжатларига риоя этмагани учун);

— Пахтаобод тумани ҳокими Э.Усмонов (раҳбарлик этикаси қоидаларига риоя этмагани, хизмат ваколатидан четга чиқиб қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйгани учун);

— Нуробод тумани ҳокими Ш.Юлдашев (раҳбарлик этикаси қоидаларига риоя этмагани, хизмат ваколатидан четга чиқиб қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйгани учун);

— Андижон тумани ҳокими А.Эгамбердиев (ўтказилган қабулларда фуқароларга ҳурматсизликка йўл қўйгани учун);

— “Ўзбекчорванасл” агентлиги директори Б.Атамурадов (хизмат сафари пайтида меҳмонхонада содир этган номақбул хатти-ҳаракатлари ва фаолиятидаги бошқа камчиликлари учун).

Ўзбекистонда пахта теримида мажбурий меҳнатга йўл қўйган ҳокимлар жиноий жавобгарликка тортилади

Йиғилишда Президент администрацияси раҳбари пахта теримидаги қонунбузилишларни ҳам танқид остига олган.

«Вилоятлар раҳбарларини пахта теримида мажбурий меҳнатнинг олдини олиш бўйича тизимли ишларни ташкил қилиш тўғрисида алоҳида огоҳлантирган эдик. Шунга қарамай пахта терими бўйича ҳар куни ижтимоий тармоқларда янги-янги хабарлар тарқалмоқда. Энди тадбиркорлардан, бюджет ташкилотларининг оддий ходимларидан ҳашарчиларни жалб қилиш учун пул йиғиш авжига чиқяпти экан.

Бу ҳолатлардан битта хулоса қилиш мумкин. Мазкур иш билан шуғулланаётган ҳар қандай раҳбарни ҳурматли Президентимиз сиёсатларига хиёнаткор деб баҳолаш мумкин.

Бош прокуратура бундай ҳолатларга алоқадор бўлган шахсларни ҳеч иккиланмай зудлик билан жиноий жавобгарликка тортиши керак. Ҳудудий прокурорлар билан биргаликда бизга қонун устуворлигини таъминлаб беришларингиз керак
», — деди Сардор Умурзаков.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият