09:18 / 09.10.2022
1 620

Мусулмон одам арабпараст бўладими?

Мусулмон одам арабпараст бўладими?
Буни яна аввал тарихдан, кейин замонамиздан мисол келтириб тушунтиришга ҳаракат қиламан. Энг асосийси, панарабизм ва Исломни фарқлай олишимиз керак.

Тарих
Турк давлатларидан энг биринчи Исломни қабул қилган давлат бу Қорахонийлар. Сатук Буғра Хон Исломга кирган туркий ҳукумдорлар орасида биринчидир. 932 йил, ҳали шаҳзодалик пайтида, бухоролик форсий уламонинг даъвати билан Исломга киради. Шаманизм пантуркистлари учун илк "арабпараст". Сатук Буғра Хон Исломга кирганидан кейин ҳам исмини арабчага ўзгартирмади. Тахтга чиққандан сўнг давлатни исломлаштиришни бошлайди. Лекин туркий маданият устига қурилган ушбу Ислом мамлакатида давлат тили қорахоний-қарлуқ туркчаси эди. Исломда, албатта, исминг арабча бўлиши шарт деган нарса йўқ. Ислом фиқҳига тўғри келса, ёмон маънони билдирмаса, ҳар қандай исмни қўйиш мумкин.

Бошқа бир илк туркий мусулмон давлат дейиладиганлардан бири - ўша машҳур ибн Фадланнинг саёҳатидаги Волга Булгарлари. Улар ҳам турк маданияти устига қурилган Ислом давлати бўлишди ва мўғуллар бостириб келгунча яшаб келишди.

Ундан ташқари, Аббосийларнинг қўшинида мамлук бўлган туркийлар бор эди. Аксарининг исми ҳам туркча бўлган. Аскар бўлса ҳам, турк маданиятида улғайган. Самара шаҳри айнан турк мамлуклари учун қурилган. Улар амалда бутун давлатни бошқарган. Хоҳласа, ўша хожаси бўлган арабни кўзига мил торттириб, ўрнига бошқа халифани олиб келадиган даражада кучи бўлган. Ал-Муътасим Биллаҳ каби халифаларни онаси ҳам, аёли ҳам турк бўлган. Салжуқийлар замонида халифалар фақат турк қизга уйланган.

Ўша "арабпараст"лик авжида бўлган даврда Мисрда Тулунийлар, Ихшидлар каби туркий давлатлар мавжуд эди. Султон унвонини илк бор олган Маҳмуд Ғазнавий Ғазнавийлар туркий давлати ҳукумдори бўлган. Давлат тили арабий эмас, балки форс тили эди.

Салжуқий исмларнинг деярли барчаси туркча. Алп Арслон, Туғрулбей... Расмда ҳам Салжуқийлар султони тасвирланган. Яхшилаб эътибор бериб қарасангиз, бош кийимлари ҳам эски туркийча. Салла ўраган икки кишигина бор, холос. Ўша салла ҳам арабларники эмас. Сосонийлар даврида ҳам салла ўрашган, масалан. "Ҳамма галстук таққан — ғарбпараст", дейилмаяпти-ку... Усмонийлар давлатида расмий тил Усмонли туркчаси эди, биз хонликларда эса форс тили. Араб эмас.

Энди ҳақиқий арабпарастликка келсак. Панарабизм XIX асрда Миср ва Ливанда христиан араблар томонидан ёйилган. Кейинчалик мусулмон арабларга ҳам ўтиб, бош идеология Усмонийларни ағдариш учун тузилган. Мана шу арабпарастлик, панарабизм. Арабдан бошқасини менсимаслик — араб нацизми. Биздаги радикал пантуркларга ўхшаб.

Кийим
Албатта, мусулмон бўлишинг учун арабнинг ўша оқ гандорасини кийишинг шарт эмас, ҳижоб ҳам арабларнинг кийими эмас. Бизда шундоқ ҳам араблар киядиган ҳижобни кийишмайди. Исломдан олдин ҳам Форсда, ҳам Румда ёпинчиқ-рўмоллар ўрашган. Буни элита аёллари паст табақадан устунлигини билдириш учун ўраган.

Хулоса
Ҳа, Исломни арабпарастлик деб ўйлайдиган мусулмонлар ҳам бор ва, афсуски, улар кўпаймоқда. Мусулмон одам гандора кийиб юриши шарт эмас. Кийим Ислом одобларига тўғри келса бўлгани. Замонавий кийимларни эса шундоқ ҳам кийиб юрибмиз. Шуни тушунтирсак, бас. Ўша "арабпараст" дейдиганлардан фарқли равишда миллий маданиятни сақлаб қолган, аслида, бизмиз!

Бобур Ҳамидов

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият