20:20 / 13.10.2022
1 180

Қуйи Чирчиқдаги боғчада болаларнинг оммавий заҳарланиши содир бўлди

Қуйи Чирчиқдаги боғчада болаларнинг оммавий заҳарланиши содир бўлди
Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилояти Қуйи Чирчиқ тумани тиббиёт бирлашмаси юқумли касалликлар бўлимига 8-сонли мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчилари орасида ўткир диарея ҳолати қайд этилгани тўғрисида хабарлар тарқалди.

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ушбу ҳолат юзасидан расмий маълумот берди.

Жорий йил 28 сентябрь куни Тошкент вилояти Қуйи Чирчиқ тумани тиббиёт бирлашмаси юқумли касалликлар бўлимига 8-сонли мактабгача таълим ташкилотининг 23 нафар тарбияланувчиси кўнгил айниши, қайт қилиш, ич кетиши, тана ҳароратининг (37-39 даража) кўтарилиши ва томоғида оғриқ шикоятлари билан мурожаат қилишган.

Шифокорлар кўригидан сўнг улардан 15 нафарига “Ўткир респиратор инфекция. ЎРИ. Функционал диарея” бирламчи ташхиси қўйилиб, шифохонага ётқизилган. 8 нафарига эса кўрсатилган биринчи тиббий ёрдамдан кейин қониқарли аҳволда (ота-оналари шифохонага ётқизишдан бош тортишган) уйларига рухсат берилган.

Юзага келган вазиятни жойига чиқиб ўрганиш ва беморларни даволаш ҳамда эпидемияга қарши тадбирларни ўтказишда маҳаллий мутахассисларга амалий ёрдам кўрсатиш учун Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати, Республика ихтисослаштирилган эпидемиология, микробиология, юқумли ва паразитар касалликлар илмий-амалий тиббиёт маркази мутахассислари Тошкент вилояти Қуйи Чирчиқ туманига юборилди.

Шифохонада бемор болаларга малакали тиббий хизмат кўрсатилган, тегишли лаборатория таҳлиллари учун намуналар олинган. Ўтказилган муолажалардан кейин аҳволи яхшиланган барча беморларга 2 октябрга қадар уйларига рухсат берилган.

Беморлардан олинган намуналарнинг таҳлиллари натижаларига кўра, улардан 3 нафарида Shigella dysenteriae sonnei бактериялари аниқланди.

МТТ ичимлик ва оқова сув тизимлари, ошхона анжомлари, ҳаво сўрувчи вентиляция тизими, ҳожатхоналар санитария-гигиена талабларига тўлиқ амал қилинмаётгани аниқланган. Бундан ташқари, МТТда фаолият юритаётган ходимлардан, 4 нафари тиббий кўрикдан ўтмаган.

МТТда таомлари (суткалик намуналар) ва озиқ-овқат маҳсулотлари, ошхона анжомлари ва юзаларидан олинган намуналарда ичак таёқчалари гуруҳига мансуб бактериялар (ИТБГ) аниқланган.

Аниқланган камчиликларни бартараф қилиш ҳамда келгусида мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари орасида овқатдан заҳарланиш ҳолатларига йўл қўймаслик юзасидан Мактабгача таълим вазирлигига хат киритилган.

2022 йил 30 сентябрдан 8-МТТ иш фаолияти йўл қўйилган камчиликлар бартараф этилгунга қадар вақтинча тўхтатилган ҳамда МТТ директорига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилган, дейилади Санэпидхизмат хабарида.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Қуйи Чирчиқдаги боғчада болаларнинг оммавий заҳарланиши содир бўлди