00:44 / 19.10.2022
1 472

Сиёсий таҳлилчи: «Россиядан келган эмигрантлар тартиб-қоидаларимизга амал қилишга ва ўз фикрини ичга ютишга мажбур»

Сиёсий таҳлилчи: «Россиядан келган эмигрантлар тартиб-қоидаларимизга амал қилишга ва ўз фикрини ичга ютишга мажбур»
Февраль ойида Россия ва Украина ўртасидаги уруш бошланган дастлабки кунларда русларнинг бир қисми ўз мамлакатини ташлаб чиқиб кетишни бошлаганди. Сентябрь ойида эълон қилинган сафарбарликдан сўнг урушдан қўрққан Россия фуқаролари мамлакатни оммавий тарк этмоқда. Хабарларга кўра, давлатдан чиқиб кетган фуқаролар сони 1 миллионга яқинлашиб қолган.

Россияликларнинг кўпчилиги Ўзбекистонга ҳам келди. Статистика қўмитаси маълумотларига кўра, ўтган 9 ой мобайнида қарийб 395 минг нафар Россия фуқароси саёҳат мақсадида мамлакатга келган.

Россиядан келаётган эмигрантларнинг ўзбек жамиятига қандай таъсири бўлади, улар қанчалик жамиятга мослашиб кета олади? Шу хусусида сиёсий таҳлилчи Азиз Баратов «Дарё» мухбирига интервью берди.

Нега айнан Марказий Осиё?

Авваламбор масаланинг туб моҳиятига келадиган бўлсак, бу Россия фуқаролари эълон қилинган сафарбарлик натижасида нима учун айнан Марказий Осиё мамлакатларини, жумладан, МДҲ давлатлари ва Марказий Осиё мамлакатларини танлашди? Бунинг яққол сабаби бор. Мана шу мамлакатларга визасиз, ортиқча ҳужжатларсиз кириш имкони мавжуд. Қозоғистонга Россия фуқаролари айнан ўзларининг ички паспортлари, яъни Россия ҳудудида амал қилувчи ички паспортлари орқали, ўзимизнинг тилда айтганда, «загранпаспорт»сиз бемалол кириб-чиқиш имкониятига эга. Шунинг учун мобилизациядан қочишга тезроқ улгуриб қолиш учун айнан Россия фуқаролари мазкур мамлакатларни танлашди.

Инфратузилмага келадиган бўлсак, инфратузилмада бирмунча ўзгаришлар кузатилди. Уй-жой бозорида бирмунча силжишлар кузатилди. Айтайлик, нархларнинг сунъий оширилиши, нафақат ижара нархларини балки уй-жой нархларини ҳам бирмунча ошди. Энди бу иқтисодий маънода талаб ва таклиф устига қурилган иқтисодий тенденция дейиш мумкин. Қолаверса, бу ерда айнан «тадбиркорлар»ни мавжуд имкониятдан фойдаланиб қолиш, яъни бирор бир муаммода, халқни дардидан пул ишлаш деса нотўғри бўлмайди.

Ўзбекистоннинг туристик салоҳияти Марказий Осиё мамлакатлари ичида юқори бўлишига қарамай, айнан жойлаштириш ресурслари яъни меҳмонхона, ҳостеллар, меҳмон уйларини ҳам тўлганлигини кўришимиз мумкин. Ва бу айни ҳозир туризм мавсумида кузатилаётгани ҳам бирмунча муаммоларни келтириб чиқармоқда. Боиси кузнинг сентябрь, октябрь ойлари мамлакатга туризм оқимини кўтарилиши кузатилади. Шу билан бирга Россия фуқароларини Ўзбекистонга келиши ва уларда уй-жойга бўлган эҳтиёж ҳақиқатан ҳам нархларни ошишига, уй-жойларнинг етишмовчилигига сабабчи бўлади.

Меҳмондўстлик тажрибаси

Келган фуқаролар билан маҳаллий аҳолини суҳбати жараёнида турли хил илмоқли саволлар билан Россия фуқароларига мурожаат қилишларини гувоҳи бўлдик. Бу Ўзбекистонда эмас, айрим мамлакатларда Россия фуқаролари танлаган бошқа мамлакатларда шунақанги саволлар кузатилганлигини шахсан ўзим гувоҳи бўлдим.

Ўзбекистонга келадиган бўлсак, халқимизни бошқа миллатлар билан ҳамжиҳатликда яшаш тажрибаси юқори. Айнан биз, мен шахсан ўзим айтишим мумкин, кўп миллатли маҳаллада вояга етганман, дўстларимни орасида, синфдошларимни орасида бошқа миллатга мансуб - рус, украин, арман, озарбайжон каби кўплаб миллатлар бўлган. Улар билан биз ҳамжиҳатликда, дўстликда яшаганмиз. Ҳалигача дўстлик алоқаларини сақлаб қолганмиз, гаплашиб турамиз. Бизни мамлакатда бунақанги ҳолатлар жиддий тус олиши мумкин деган фикрда эмасман.

Ксенофобия

Ксенофобия деган атама бор, буни биз Россияда қайсидир муддат кузатганмиз. Ксенофобия одатда бирор бир бошқа халқларнинг ўзга юртга келиши, мамлакатда кўпайишидан маҳаллий аҳолида хавотир уйғониши ва уларга нисбатан бирмунча негатив муносабатни шаклланиши билан кузатилади. Бу ҳар битта мамлакатда у ёки бу кўринишда кузатилади. Лекин мен бу нарсадан иложи борича фойдани қидиришга ҳаракат қилган бўлар эдим. Масалан, Россиядан келаётганнинг кўпчилигини ёшлар ташкил қилади. Улар бирор мутахассислик ёки тажрибага эга бўлган ёшлар бўлиши мумкин. Мазкур ёшлардан мутахассис сифатида у ёки бу соҳаларда фойдаланиш бу фойдадан ҳоли бўлмайди, албатта.

Уларни мамлакатда кўп вақт қолиши ҳақиқатдан ҳам бирмунча тарангликларга олиб келиши мумкин. Бу қайси маънодаки, келган инсонлар бу ерда бирор бир провокацион ҳаракатни ёки қонунбузарлик ҳаракатини, ёки уларнинг ўзида кечаётган миллатчилик деймизми, шунга ўхшаган ҳаракатларни амалга оширган тақдирдагина маҳаллий аҳоли томонидан бирор бир жавоб бўлиши мумкин.

Менимча, агар улар қонунни бузишмаса, бирор бир провокацион ҳаракатларни ёки бирор бир нарсадан ноҳақ норозилик кайфиятини ёки бошқа миллатни камситиш ҳаракатларини олиб борса, боя айтганимиздек бағрикенг халқимиз ҳамиша ҳамжиҳатликда яшашга тайёр.

Иқтисодий нуқтаи назардан шуни айтиш мумкинки, улар қуруқ қўл билан келишмаган, молиявий маблағлар билан келишган. Бу ўз навбатида валюта оқимини бирмунча жадаллашишига ҳам олиб келади.

Кўп қолиб кетишга келадиган бўлсак, ҳақиқатан ҳам урушни қачон тугаши номаълум. Лекин аниқ биламанки, уруш қандай натижада якун топишидан қатъи назар, барибир улар ўз ватанларига эртами кечми жўнаб кетишади. Бунга биз табиий ҳол сифатида қарашимиз ва бу ҳолатдан фойда олиб қолишимиз лозим. Нафақат мутахассислар сифатида, иқтисодий омил сифатида балки маданиятлар алмашинувида ҳам фойда олиб қолишни ўйлаш фойдали.

Улар мажбур

Афсуски бизни гастарбайтерлар Россияда меҳнат фаолияти давомида ўзларини бирмунча нотўғри томонидан ёки салбий томондан кўрсатиб қўйган ҳолатлар бўлиши мумкин. Шу ҳолатлар орқали Ўзбекистонга ҳаётида келмаган, ўзбекни ҳақиқатда қандай халқ, қандай миллат эканлигини, уни тарихини билмаган аҳоли бирор бир фикр туғдирган бўлиши мумкин. Буни ҳам биз ижобий томонга ўзгартиришга ҳаракат қилишимиз, ҳақиқатдан ҳам ўзбек халқи ўзи қанақа миллат, қанақа халқ сифатида биз айнан уларга намуна кўрсатишимиз керак ва улардаги янглиш фикрларни олиб ташлаш тарафдориман.

Иккинчи жиҳатдан, улар ҳозирча мана шу мамлакатда яшашга мажбур. Хоҳласа ҳам, хоҳламаса ҳам бизни маҳаллий қонунларга риоя қилишга ва мазкур мамлакатни тартиб-қоидаларига амал қилишга ва ўзини фикрини ичига ютишга мажбур.

Бирор бир мамлакатга келган инсон ўзини ичидаги нафратини, бирор бир жойга, бирор бир инсонга бўлган нафратини очиқ-ойдин ҳеч ким билдира олмайди. Бунақа ҳолат онгсиз, ақлсиз одамни иши деб биламан. Барибир меҳмон келганда мезбонни қонун қоидаларига амал қилишга мажбур бўлади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Сиёсий таҳлилчи: «Россиядан келган эмигрантлар тартиб-қоидаларимизга амал қилишга ва ўз фикрини ичга ютишга мажбур»