1 348
Президент: “Ҳамма нарсани кечирса бўлади, аммо тиббиётда сусткашликни кечириб бўлмайди”

Фото: Президент матбуот хизмати
Давлат раҳбарларининг таъкидлашича, сўнгги беш йилда 1 минг 370 та янги тиббиёт муассасаси қурилиб, бунга бюджетдан 7,2 триллион сўм ажратилди. Лекин, ҳозирда бу объектларнинг 256 таси тиббий жиҳозлар билан таъминланмаган. Ушбу муассасаларга 10 мингдан зиёд тиббий жиҳозлар хариди учун 500 миллиард сўм зарур.
- “Қишлоқ шифокори” дастури доирасида олис ҳудудлар рўйхатини 297 тага етказдик (илгари 142 та бўлган) ва уларни моддий рағбатлантиришни янада кенгайтирдик. Бугунги кунга қадар, дастур асосида 191 нафар шифокорлар иш бошлади. Масалан, Мўйноққа Фарғона, Самарқанд ва Хоразмдан 8 нафар шифокор ишга борган. Лекин, яна 171 та бўш ўринларини тўлдириш зарур.
Қашқадарёда – 67 та, Навоийда – 19 та, Қорақалпоғистонда – 18 та, Бухорода – 17 та, Сурхондарёда – 14 та, Сирдарёда – 13 та шифокор ўринлари вакант. Нега вилоят ҳокимлари бундай муаммоларни бош вазир олдида кўтармайди? Жой вакант дегани, тиббий хизмат кўрсатилмаяпти дегани.
Хавф гуруҳига кирувчи 40 ёшдан ошган аҳолини скринингдан ўтказиш ишлари айрим ҳудудларда суст амалга оширилмоқда.
Айниқса, Хонобод шаҳри (16 фоиз), Марҳамат (24 фоиз), Қўрғонтепа, Асака (37 фоиз), Сўх (36 фоиз), Қўштепа (41 фоиз), Учкўприк (42 фоиз) ва Қибрайда (32 фоиз) скрининг ишлари аҳволи қониқарсиз. Бу дегани ҳаммаси қоғозда тўлдириляпти.
Бирламчи бўғинда ечимини кутаётган энг долзарб муаммолардан яна бири, бу – оналик ва болаликни муҳофаза қилиш масаласи.
Жумладан, юртимизда 2010 йилгача йиллик туғилиш 600 минг атрофида бўлган бўлса, ўтган йили бу кўрсаткич 950 мингга етди. Лекин, шифохоналарда туғруқ ўринларини кўпайтириш бўйича аниқ амалий ишлар кўзга ташланмаяпти. Яъни, туғруқ ўринлари сони ҳали ҳануз 11 мингта бўлиб қолмоқда.
Айниқса, водий вилоятлари, Самарқанд, Қашқадарё ва Сурхондарёда бу масала ўта долзарб ҳисобланади. Мисол учун, Косондаги 40 ўринли туғруқ бўлимига 55 нафар, Ромитанда 35 ўринга 45 нафар ҳомиладор тўғри келаётгани, аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.
Бугунги кунда 227 та туғруқ комплексининг 50 фоизида иссиқ сув ёки канализация тизими йўқ. Йил якунига қадар республика бўйича 46 та туманлараро перинатал марказларини ташкил этиш бўйича топшириқ берилган эди. Лекин, 14 та туманда ишлар бошланмаган.
Беруний, Қўнғирот, Ғиждувон, Косон, Чироқчи, Қамаши, Ғаллаорол, Пахтакор, Бойсун, Қумқўрғон, Шеробод, Янгийўл, Қуйичирчиқ, Боғот туманлари.
Бу туманлар раҳбарлари бугуннинг ўзида бош вазирнинг номига тушунтириш хати ёзади. Ё бажаради, ё ишдан кетади. Нима учун шахсан ўзим бу муаммоларни ўрганяпман, чунки назорат қилмасак, икки йил ичида муаммолар гирдобида қолиб кетамиз. Ҳамма нарсани кечирса бўлади, аммо тиббиётда сусткашликни кечириб бўлмайди, – деди давлат раҳбари йиғилганларга қарата.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар