20:42 / 20.11.2022
1 474

«Ё мени дейсан, ё хотинингни» ёхуд оилада қайнона «бош» бўлганда

«Ё мени дейсан, ё хотинингни» ёхуд оилада қайнона «бош» бўлганда
Қайнона-келин можаролари қачон барҳам топади?

Сўнгги пайтларда оилавий ажримлар кўпайиб бормоқда. Хусусан, жорий йилининг январь-июль ойларида республика бўйича 28,5 мингта никоҳдан ажралиш ҳолатлари қайд этилган. Вилоятлар кесимида оилавий ажримларнинг энг кўпи – 3 мингтадан зиёди Самарқанд вилоятида рўй берган. Уларнинг анчасига қайноналар сабабчи бўлаётган ачинарли, албатта.

Оила бузилишига кўпинча учинчи шахсларнинг аралашуви сабаб бўлмоқда. Афсуски, учинчи шахс аралашуви нафақат куёвнинг ака-укалари, опа-сингиллари, қўшнилари, келиннинг овсинлари, балки қайнонаси тимсолида ҳам кўриняпти. Маълумотларга қараганда, оилавий ажралишларнинг ярмидан кўпроғига айнан қайноналар сабабчи бўлмоқда.

Ой-у йиллар давомида ўғлига жуфти ҳалол излаб, эшикма-эшик юрган, қанча одамлардан сўраб-суриштириб, бир хонадоннинг қизини туширгандан сўнг кўп вақт ўтмай, оилада низо келиб чиқмоқда. Арзимаган, жўяли бир сабабсиз қайнона-келин муносабатлари ёмонлашади ва бу охир-оқибат оиланинг бузилиб кетишига олиб келади.

Халқимизда “кўрмаганнинг кўргани қурсин” деган гап бор. Авваллари камтарона ҳаёт кечирган ва Аллоҳнинг инояти билан ҳозирда давлатманд бўлиб, бойликни кўтаролмаган, манманликка берилиб, “обед”дан кейин бой бўлганлар кўпайиб кетган. Шундай оилаларни эркак — қайнота эмас, балки қайнона бошқаради. Ўзини гўё оила бошлиғидек тутиб, босар-тусарини билмай қолади. Натижада, бечора келинга зулм ўтказади.

Уни ҳеч бир иши унга ёқмай қолади. Бўлар-бўлмас низо-ю жанжаллар гирдобидаги ўғил ҳам — икки ўт орасида қолади. У ҳам нима қилсин? Бир томонда онаси, иккинчи томонда аёли, болаларининг онаси. Ана Шундай вақтда оналар ўғлига “ё мени дейсан ёки хотинингни” деб турса, у икки ўт орасида қолади. Кўп ҳолларда оилада ўрни бўлмаган қайнота мард бўлиб орага тушолмайди (аммо баъзи ҳолларда келинга ҳужум қайнота томонидан ҳам бўлади) ва онанинг биргина “оқ қиламан” деган “қуролли” гапи масалани ўғил фойдасига ҳал қилади. Оила мана Шундай пароканда бўлиб кетаверади.

Кети узилмаган жанжаллар оқибатида жамиятда ЖИНОЯТ деган қора туйнук тобора кенгайиб бормоқда: келин қайнонани ўлдириб қўйди, оилавий низолар сабаб келин ўз жонига қасд қилди, каби.

Самарқандда аёл уч боласи билан ўзини каналга ташлади

3 ноябрь куни Самарқанд тумани «Жарқишлоқ» маҳалласида яшовчи 1996 йилда туғилган Қ.А. қайнонаси билан ўрталарида келиб чиққан оилавий келишмовчилик натижасида унга «аччиқ қилиб», ўзини 3 нафар вояга етмаган фарзандлари билан биргаликда Самарқанд тумани «Янгиариқ» маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи Дарғом каналига ташлаб юборган.

Қайд этилишича, туманнинг Янгиариқ маҳалласида жойлашган «Оқ-амур» номли ошхонада ишловчи фуқаролар томонидан улар сувдан чиқариб олинган.

Афсуски, аёлнинг икки нафар фарзанди вафот этган. Ўзи ва яна бир фарзанди туман марказий шифохонасига олиб борилган. Шифокорлар томонидан биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиб даволаниш учун шифохонанинг жонлантириш бўлимига ётқизилган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан Самарқанд туман прокуратураси томонидан терговга-қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.

Самарқанднинг Ургут тумани "Чағизмон" маҳалласида мудҳиш ҳодиса рўй берди

Маълум қилишича, келин қайнонасининг ўлимига сабабчи бўлди. Ушбу аянчли ҳодисага қайнона ва келин ўртасидаги келишмовчилик сабаб бўлган.

Вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи Раҳмат Маматов мазкур маҳаллада бўлиб, туман ҳокимлиги, сектор раҳбарлари жамоатчилик вакиллари иштирокида мазкур ҳолат юзасидан йиғилиш ўтказган.

«Нега, келин қайнонага ҳурматсизлик қилаяпти, қайнона келин билан муроса қила олмаяпти. Нима учун бундай низоли ҳолатлар кўп? Тарбияда оқсоқлик бор. Тўй-маъракаларда дабдабабозлик билан эмас, юксак маънавиятимиз билан мақтанайлик, фарзанд тарбияси уларнинг одоб ахлоқига лоқайдлик билан қарамайлик», – деди бошқарма бошлиғи.

Аслида, оилавий низоларда инсоний ва исломий нуқтаий назардан ўғил қандай йўл тутиш кераклиги, оилада эркакнинг ўрни ҳақида эълон қилинган қатор мақолаю чоп этилган рисолаларда батафсил сўз юритилган. Биз эса оилавий қадриятларни қадрига етиш, эр-хотин орасига учинчи шахснинг аралашмаслиги, оилада аёл эмас, эркак ҳукмрон бўлиши, гулдек оилалар пароканда бўлмаслигини айтмоқчи бўлдик, холос.

Аслида, қарсак икки қўлдан чиқади. Келинлар мавзусига эса алоҳида тўхталамиз.

Баҳринисо Мадумарова

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият