
Тошкент халқаро туризм ярмаркасида Санкт-Петербург шаҳри ҳамкор сифатида иштирок этади. Бу ҳақида ярмарка олдидан бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилинди, дея хабар берди Sputnik.
Туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимовнинг сўзларига кўра кўргазма илк бор ҳомийлар кўмагида ташкил этилади.
“Биз илк бор давлат бюджет маблағларини ишлатмасдан, ҳомийлар кўмагида ушбу ярмаркани ўтказамиз. Маҳаллий ҳамкорлар билан бир қаторда ТХТЯ-2022 ташкилотчилари Россиянинг Санкт-Петербург шаҳри мерияси билан келишувга эришди. Унга кўра, Россиянинг шимолий пойтахти Санкт-Петербург шаҳри 27-ТХТЯнинг ҳамкор шаҳри сифатида иштирок этади”, - дейди туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов.
Пойтахтда 30 ноябрдан 2 декабрга қадар "Тошкент халқаро туризм ярмаркаси - 2022” бўлиб ўтади. Унда Россия, Франция, Жанубий Корея, Озарбайжон, Беларусь, Қозоғистон, Япония каби 15 дан ортиқ мамлакатларнинг миллий стендлари ва туризм маъмурият мутасаддилари иштирок этади.
Ярмаркада Россия туроператорлари ассоциацияси (АТОР), Mangold Consulting GmbH, TUI Group Germany, Trip.com халқаро онлайн туристик агентлиги вакиллари иштирок этади.
Абдуҳакимов айтишига кўра, Ўзбекистонга ташриф буюраётган сайёҳлар йилдан йилга кўпаймоқда. 2021 йилда 1 млн 800 нафар сайёҳ келган бўлса, жорий йили ноябрь ойига қадар сайёҳлар сони 4 млнга етди. Бу ўтган йилга нисбатан 3 баробар кўп.
Тошкент Халқаро туризм ярмаркаси 1995 йилдан буён ўтказилиб келинмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар