date
views 1 179

Абдулла Абдуқодиров: Ўтган йил муаммолари ва келажакдан умидлар ҳақида фикрлар

Абдулла Абдуқодиров: Ўтган йил муаммолари ва келажакдан умидлар ҳақида фикрлар
2022 йилнинг энг аянчли воқеаси, албатта, Россиянинг озод Украинага қилган ваҳшийларча ҳарбий ҳужуми бўлди. Юз минглаб оилалар жудолик кўрди, миллионлаб кишилар ўз қўнимларини йўқотди, уй-жойларидан, бор-йўғидан айрилди.

Кремль Россиянинг ҳозирги куни ва келажагини йўққа чиқарди. Россия нафақат Украинанинг, балки барча қўшни мамлакатларнинг эксизтенциал таҳдидига айланганини барча тушуниб етди.

Ўзбекистонда ҳам турли тектоник ҳаракатларнинг бошланувини англатувчи воқеалар юз берди:

– бир йил аввал юз берган “блэкаутга” қарамай, ёзда юз берган электр етказиб бериш инқирозига қарамай, мамлакат энергетикаси инерция билан ишлаб келмоқда ва, натижада, энерегетика соҳасидаги инқироз кучайиб бормоқда. Вазир ўзгаришига қарамай, Президент шахсан энергетика билан шуғулланишга аҳд қилди ва қўшимча 5 млрд м3 дан ортиқ бўлган газ дефицити, иншаоллоҳ, ички имкониятлар ҳисобига ёпилади. Умид қиламанки, мамлакат энергетикасини импорт ёнилғисига таянтирмоқчи бўлган ва газни дефицити шароитида ҳам газни қайта ишлаш қувватларига пул сарфлантирган корчалонлар фаолиятига ҳали керакли баҳо яна берилади;

– кескин шишиб кетган давлат бошқарув аппаратини қисқартириш зарурияти тўла таъкидланди ва маъмурий ислоҳотларга янги туртки берилди. Умид қиламан-ки, бу ишлар охир оқибатда давлатнинг тадбиркорлик фаолиятини белгилашга аралашувини кескин камайиши, давлат харажатларининг камайиши ва фискал юкнинг камайишига олиб келади. Маъмурий ислоҳотларнинг бир қисми сифатида суд органлари фаолиятини ҳам тубдан қайта кўриб чиқиш назарда тутилмоқда;

– фармацевтика ва соғлиқни сақлаш соҳасида ислоҳотларни кескинроқ амалга ошириш зарурияти йил охирида юз берган мудҳиш воқеа - мурғакларнинг ўлими туфайли янада ўз аҳамиятини яққол намоён қилди. Эндиликда чиройли бинолар, ишламайдиган асбоб-ускуналар сони эмас, балки врачларнинг малакаси ва ҳар бир касаллик турлари бўйича эришилган ижобий силжишларга баҳо берилади;

– солиқ тўловчилар ва давлат органлари бахсларида бундан буён ҳам солиқ тўловчилар тарафи кўпроқ олинади;

– иқтисодий ривожланиш драйверлари моҳияти ва уларни ҳаракатга келтирувчи омилларга кўпроқ эътибор бериш зарурияти англанилди. Иқтисодиётда турли ғоялар рақобати кучаяди.

Шу билан бирга 2023 йилда биз:

– халқимиз ва Қуролли кучларимиз қудратини янада оширамиз;

– тобора замонавийлашиб бораётган жамиятимиз ёшлари фикр ва орзулари билан давлат сиёсий ва бошқарув тизимимиз мантиқи ва асл аҳволи ўртасидани номутаносиблик бунданда камайиб боради. Илғор фикрловчи барча ёшлар кўпроқ овозга эга бўладилар;

– Magic City, Tashkent City'нинг ҳақиқий эгалари-ю, бу ерларга сайрга ҳар соатда минглаб келаётган халқимиз вакиллари турмуш даражаси ўртасидаги жарлик ҳам камайиб боради;

– “қудратимизни кўрсатувчи”, катта маблағларни талаб қилувчи, лекин халқ фаровонлигини бевосита оширмайдиган инвестицион лойҳалар кам бўлади;

- давлат миқёсидаги тадбирларда дабдабабозлик камайиб, самарадорлик кўпроқ ортиб боради;

– ёшларимиз, жамиятнинг барча қатламлари жоҳил экстремизм эмас, кўпроқ маърифат ва таълим йўлидан боради

деб умид қиламан.

Ҳаммаси ўзимизга боғлиқ. Барчамизга Аллоҳ мададкор бўлсин.

Абдулла Абдуқодиров

Манба: Azon.uz
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Абдулла Абдуқодиров: Ўтган йил муаммолари ва келажакдан умидлар ҳақида фикрлар