14:20 / 18.01.2023
286

Ўзбекистонда қулупнайнинг янги нави яратилди

Ўзбекистонда қулупнайнинг янги нави яратилди
Ўзбекистонлик олимлар ёзнинг иссиқ кунларига бардошли бўлган қулупнайнинг учта янги навини яратишди. Бу ҳақда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги хабар берди.

Янги навлар боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институтида олиб борилаётган илмий изланишлар натижасида яратилган.

Мазкур навлар иссиқхона ҳамда очиқ майдонда етиштириш учун мўлжалланган. Улар йилнинг 5-6 ойи давомида ҳосил беради.
Ёзнинг иссиқ кунларига бардошли "Дилдор" нави, йил давомида очиқ майдонда бир марта ҳосил берадиган "Камола" ва "Дилноз" навлари маҳаллий селекция йўли билан яратилган.

Шу билан бирга ушбу навларнинг кўчатларини етиштириш йўлга қўйилмоқда.

Маълумот учун, ҳозирда қулупнайнинг "Узбекистанская", "Кулвер", "Ташкентская", "Муто" (Кримская), "Зенга-Зенгана" навлари мавжуд бўлиб, 2014 йилда "Ўзбекистон гўзали", 2018 йилда интродукция қилинган қулупнайнинг “Beautiful", "Redgountlet", "Кобра", 2020 йилда "Медвей" навлари давлат реестрига киритилган.

Тошкент, Наманган, Андижон, Фарғона, Сурхондарё ва Самарқанд вилоятларида қулупнайзорлар кенг миқёсда ташкил этилиб, майдонлари кенгаймоқда. Қулупнай Қорақалпоғистон Республикасида ҳам яхши ўсиб, юқори ҳосил бермоқда.

Шунингдек, институт олимлари аҳоли истеъмоли ва фермерларга тавсия қилиш учун шафтоли, олхўри, лимон, олтинсимон қорағат меваларидан сукат тайёрламоқда.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият