12:00 / 19.01.2023
419

Аёллар йилдан йилга камроқ туғишмоқда: бунинг асл сабаби нимада?

Аёллар йилдан йилга камроқ туғишмоқда: бунинг асл сабаби нимада?
Фото: Kun.uz
Сўнгги 50 йилда бутун дунёда туғилишлар сони кескин камайди. 1952 йилда дунё бўйича оилаларда ўртача 5 нафар бола бўлган бўлса, ҳозир 3 нафардан кўп эмас. Бу эса ривожланган давлатлар аҳолиси сони ўсишига ҳам таъсир қилмоқда.

Аҳоли ўсишини ўрганишда 2 та асосий тушунча алоҳида таҳлил қилинади:
- Туғилишлар сони — ҳар минг кишига нисбатан бир йилда қанча одам туғилиши;
- Туғишлар сони — ҳар минг нафар туғиш ёшдаги аёллар сонига нисбатан йилига қанча фарзанд туғилиши.

Айнан мана шу иккинчи кўрсаткич 2,1 нисбатда бўлса, яъни ҳар минг аёлга йилига 2,1 нафар бола туғилиши тўғри келса аҳолининг ўсиши мувозанатда бўлади. Бироқ бу кўрсаткич глобал миқёсда йилдан йилга пасайиб бормоқда.

1952 йилда бир оила ўртача 5 фарзандли бўлган, 2020 йилга келиб эса бир оилага 2,4 нафар фарзанд тўғри келяпти.

Нега аёллар камроқ фарзандли бўляпти?

Weforum нашри таҳлилига кўра, бунинг 3 та асосий сабаби бор:
- Аёлларнинг таълим ва меҳнат бозорида кучайиши, ўрин топиши;
- Болалар ўлимининг камайиши;
- Фарзанд ўстириш харажатларининг ортиши.

Кўпроқ таълим — камроқ фарзанд

Олиб борилган тадқиқотларга кўра, аёлларнинг кўпроқ таълим олиши уларнинг камроқ фарзандли бўлишларига сабаб бўлади. Масалан, Эронда 1950-йилларда аёллар ўртача 3 йиллик таълим кўришган ва 7 нафар фарзанд ўстиришган. Бироқ 2010 йилга келиб Эронда аёллар ўртача 9 йиллик таълим билан қамраб олинган ва уларга йилига ўртача 1,8 нафардан фарзанд тўғри келган.

Бу фаразни янаям яхшироқ далиллаш учун хотин-қизлар таълими орқароқда бўлган давлатларни ўрганиб кўриш мумкин. 2010 йилда Нигерияда аёлларнинг ўртача таълим билан қамрови 1,3 йил бўлиб, ўртача 7 нафардан фарзандли бўлишган. Бу ўша пайтдаги ўртача халқаро кўрсаткичдан 2 баравар юқори эди.

Бундан ташқари, аёлларнинг меҳнат бозорида яхши ўринларни эгаллай бошлагани ҳам уларнинг кўп болали бўлишга рағбатини сусайтирган бўлиши мумкин. Боиси, технологиялар тараққий этишидан олдин асосий ишлар аграр соҳада бўлган ва унга куч талаб қилингани учун асосий ишчилар ҳам эркаклар бўлган. Саноат даври бошлангач эса аёллар ҳам аста-секин меҳнат бозорида яхшигина улушни ташкил қила бошлашади.

Яна бир сабаби бола ўстириш харажатлари юқорилиги билан боғлиқ. Ривожланган давлатларда таълим нархлари баланд ва ота-оналар ўзлари хоҳлаганича эмас, болаларига сарфлай олиши мумкин бўлган инвестиция ҳисобига қараб фарзанд режалаштира бошлашди.

Пайдо бўладиган муаммолар

Туғилиш камайиши ва ўртача умр кўриш давомийлиги ошиши дунё аҳолисининг қариб бориш тенденциясини яратди. 1950 йилдан бери халқаро миқёсда ўртача ёш кўрсаткичи 22 дан 33 га чиқди. Дунёнинг қариб бориши эса иқтисодий муаммоларни ҳам келтириб чиқаради. Тиббий хизмат нархларининг ошиши ва халқаро меҳнат бозорининг қисқариб бориши — шулар жумласидан.

Дунё аҳолисининг меҳнатга лаёқатли улуши 2012 йилда энг юқори кўрсаткичга етган. Шундан бери дунёнинг меҳнат ёшида бўлган кишилари сони фақат қисқаряпти. Бу эса давлатлар қаршисига пенсия тизимини ўзгаришларга доимий мослаштириб бориш вазифасини қўяди.

Ўзбекистонда вазият қанақа?

2020 йилнинг январ-декабрь ҳолатига кўра, 74,3 фоиз хонадоннинг 16 ёшгача фарзанди бор. Шундан 23,4 фоизи бир болали, 26,8 фоизи икки болали, 16,9 фоизи уч болали ҳамда 7,2 фоизи тўрт ва ундан кўп болалиларни ташкил этган. 25,7 фоиз уй хўжаликларда эса 16 ёшгача болалар мавжуд эмас.

Ушбу маълумот асосида мантиқан олиб қаралса, асосан, 2 болали оилалар улуши кўпроқ бўлиб чиқяпти.

Статистика қўмитаси сайтида бир аёлга тўғри келадиган болалар сони келтирилган. Унга кўра, 2021 йилда бир аёлга ўртача 3,1 нафар бола тўғри келган.

Қизиқ маълумот: туғилишлар шаҳар ҳудудларида бир аёлга 2,9 дан, қишлоқ ҳудудларида эса 3,4 тадан тўғри келяпти. Бундан Ўзбекистоннинг қишлоқ ҳудудларида туғилиш шаҳарга нисбатан юқорироқ деган хулоса қилиш мумкин.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият