
Ижтимоий тармоқларни кузатиб, хулоса қилиш мумкинки, Украинада уруш бошланганидан буён, ўзбекистонликларнинг бу уруш борасидаги тафаккури, катта ўзгаришга учради. Агар уруш бошида аксарият, мутлақ аксарият Россияни важларини тўғри ва Украинани ноҳақ деб билган бўлса, сал кам бир йил ўтиб, Россияни тажовузкорлигига ишонувчилар салмоғи анча ўсди.
Лекин ҳали ҳам Россияни онг остида “менинг она ватаним” деб ўйлайдиган ўзбекистонликлар жуда кўп. Уларнинг миқдорини фоизларда айтиш қийин, чунки Ўзбекистонда бу борада ижтимоий сўровлар ўтказилмайди. Ўтказилса ҳам, хулосалар яширилади.
Қолаверса, ўзбекистонликлар тафаккурида давлатчилик миллий тафаккури анча кучайиб бормоқда. Ўзбекистонликлар ўз давлатларининг ташқи сиёсатдаги, жумладан, Россия билан муносабатларидаги миллий, яъни, давлатчилик ғурури ва манфаатлари орқали фикрлаши, ошиб бормоқда. Россия – ўзбекистонликларнинг миллий ғурури ошишида, салбий катализатор ролини ўйнамоқда.
Учинчидан, олий ҳокимиятнинг легитимлиги даражаси ҳам миллий ғурур ва манфаатлар тарозисида ўлчаниб бормоқда. Яъни, олий ҳокимиятга ишонч ёки ишончсизлик даражаси, давлатнинг Россия лойиҳаларига муносабат тарозисида ўлчаняпти. Бу дегани, олий ҳокимиятга икки томонлама босим ошиб боряпти.
Бир томондан беҳазил тажовузкор Россия. Иккинчи томондан, тафаккурида қўрқув эриб, танқидий фикрлаш даражаси ошиб бораётган жамият. Шу фонда, олий ҳокимият икки томонлама босимнинг қурбонига айланмаслиги керак. Ўзбекистон жамиятни ишонтириш ва Россия босимларига қарши тура олиш салоҳиятини кўрсатиш керак. Акс ҳолда, ҳокимият ютқазса, йиллар ўтиб, жамият ҳам ютқазганини тушунамиз. Демократия – ҳокимиятни заифлаштириш эмас, ҳокимиятни халқ манфаатларига боғлаш демакдир.
Камолиддин Раббимов, сиёсатшунос.
Манба: Azon.uz

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар