14:22 / 18.02.2023
355

10 гектар ерни ярим миллион доллардан зиёдроққа пуллаган мансабдорлар қўлга олинди

10 гектар ерни ярим миллион доллардан зиёдроққа пуллаган мансабдорлар қўлга олинди
Бош прокуратура ахборот хизматига кўра, қонунбузарлик Тошкент вилояти прокуратураси томонидан ўтказилган текширувда аниқланган. Вилоят прокуратураси 2022 йил 21 февралдаги “Ер участкаларидан фойдаланишда давлат назорати самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори ижросини ўрганиш чоғида бир қатор қонунбузилишларни фош этган.

Жумладан, Тошкент вилоятининг маъмурий маркази – Нурафшон шаҳри Бирлик маҳалласида жойлашган, шаҳар ҳокимлиги захирасига олинган 10,0 гектар бўш ер майдонини гўёки шаҳар бош режасига кўра “U.B.S.” МЧЖга юкларни қабул қилиш, қайта ишлаш, сақлаш омборхоналари, музлаткич ва терминал бино иншоотларини лойиҳалаштириш ва қуриш учун ажратиш тўғрисида Нурафшон шаҳар ҳокимининг сохта қарори чиқарилади. Кейинчалик сохта ҳужжатлар асосида ушбу ер майдони “D.E.S.” МЧЖга 510 минг долларга сотиб юборилади.

Бош прокуратура ахборотида ҳокимнинг ҳужжатини сохталаштириб, давлат захирасидаги ерни сотиб юборганларнинг кимлигига ҳам қисман ойдинлик киритилган. Қайд этилишича, бу жиноятда Нурафшон шаҳар қурилиш бўлимининг собиқ бошлиғи Х.Х., кадастр агентлигининг Пискент туман бўлими бошлиғи А.Қ., Нурафшон шаҳар ҳокимлиги умумий бўлими собиқ бошлиғи А.Х. ва бошқаларнинг қўли бор.

Жиноятга алоқадор бошқа шахсларнинг кимлиги очиқланмаган. Шунингдек, вилоят прокуратураси томонидан “Ер участкаларидан фойдаланишда давлат назорати самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори ижросини ўрганиш чоғида аниқланган бошқа қонунбузилишлар ҳақида ҳам маълумот берилмаган.

Туман захирасидаги ерни ярим миллион доллардан кўпроққа пуллаган шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва бошқа тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият