19:51 / 25.03.2023
187

Рамазондаги беш мукофот

Рамазондаги беш мукофот

Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Рамазон ойида умматимга олдинги умматларга берилмаган бешта хислат (мукофот) берилади», дейилган («Танбеҳул ғофилин» китобидан).

«Бақара» сурасининг 183-оятида Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «...сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди».

Ояти каримадан маълум бўладики, олдинги умматларга ҳам рўза фарз қилинган, аммо ҳадисда айтилганидек, беш мукофот фақат уммати Муҳаммадга берилди. Зотан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг даражалари улуғ, умматларига кўрсатилаётган икромлар ҳам шунга кўрадир.

Юқорида келтирилган ҳадис давомида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам беш мукофотни санаб ўтдилар:

1. «Рўзадорнинг оғзидан келаётган ҳид Аллоҳ наздида мушку анбар бўйидан ҳам яхшироқдир».

Рўза тутиб, оч қолган кишининг оғзи ҳидланиши табиий. Бошқалар учун нохуш туюлган бу ҳид Аллоҳ учун севимли. Рўзадор учун биринчи мукофот охиратда оғзидаги мушк каби хуш ислар билан Аллоҳ таолога рўбарў бўлишидир.

2. «Оғиз очгунларича фаришталар улар ҳақига истиғфор айтиб турадилар». Яъни, рўзадор Аллоҳга маҳбуб банда бўлганидек, махлуқотга ҳам севимли бўлади. Аллоҳ таолонинг ҳеч гуноҳ қилмайдиган бандалари бўлмиш фаришталар рўза тутган киши ҳақига дуо қиладилар. Демак, рўза тутувчи кишининг Аллоҳ ҳузурида, махлуқот олдида ҳам қадр-қиммати юксак – бу иккинчи мукофот.

3. «Шайтонлар кишанланиб, илгари қилиб юрган ёмонликларини қила олишмайди». Бу ойда барча шайтонлар занжирбанд этилади, бошқа пайтларда бўлганидек, эркин ҳаракатланишларига изн берилмайди. Йўлдан оздириш, васваса қилиш, алдаш каби ишларни ҳар кунгидек осонлик билан уддалашолмайди. Уммати Муҳаммадга учинчи мукофот – ибодат қилиш осон бўлади, яхши иш қилишни истаганлар ёқаларини шайтон қўлидан қутқаришга эришишади.

4. «Аллоҳ таоло ҳар куни жаннатини безатиб, унга: «Солиҳ бандаларимнинг дунёдаги машаққат ва азиятлари тугаб, сенга киришларига яқин қолди», деб айтади». Яъни, рўзадорлар учун тўртинчи мукофот – жаннат. Охиратда: «Менинг розилигимни кўзлаб рўза тутган бандаларим, киринглар», дейилганда жаннатдаги Раййон номли эшикдан фақат рўза тутувчиларгина киришади.

5. Бешинчи, энг сўнгги мукофот, табиийки, муборак ойнинг охирги кунлари билан боғлиқ. «Рамазоннинг охирги кечасида эса уларнинг гуноҳлари кечирилади». Шунда саҳобалар: «Эй Расулуллоҳ! Ўша Қадр кечаси бўладими?» деб сўрашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Йўқ, аммо ишчининг иш ҳақи ишни мукаммал адо қилиб бўлганидан кейин берилади», дедилар». Демак, бу кеча ҳайит кунининг кечаси. Аллоҳ таоло барчамизни ҳайит айёмини Ўз мағфиратига эришган ҳолда кутиб олган масъуд бандалари қаторида қилсин.

Юқорида санаб ўтилган мукофотлар Аллоҳ таолодан Муҳаммад умматига кўрсатилган улуғ эҳсон. Улардан бебаҳра қолишдан асрасин! Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам таъриф этганларидек, Аллоҳ таоло барчамизга Ўзини рози ва хушнуд қиладиган, қабул этиладиган даражада рўза тутишни, ибодатлар, таровеҳларни ўз вақтида, ўз ўрнида, одоб ва ҳузур ила адо этишни насиб айласин!

Ким эрталабгача ухламай чиқса, ярим тунда келадиган ка-а-атта қушни кўраркан. Унинг келаётгани осмон ёришиб кетганидан, дарахтлар эгилиб салом бераётганидан билинаркан. Ўша пайтда нимани ушласак, тилла бўп қоларкан...»

Биз болалар кимдандир эшитган бу каби гапларимизни кўпиртирар, Қадр кечасида ухламай чиқишга қарор қилардик. Орзулардикки, бирор каттароқ нарсани ушлашга улгурсак, тиллага айланса-ю, бойиб кетсак. Уни сотиб, пулига хоҳлаган нарсамизни олсак: ўзимизга, ука-сингилларимизга – ўйинчоқ, дадамизга – машина, онамизга – янги кўйлак...

Бироқ ҳар гал ухлаб қолардик. Эрталаб туриб шундай ўкинардикки...

Унда бола эдим. Улғайгач, билдимки, бу кеча икки дунёмизга етгулик хазиналар калити экан. Болаликда бутун бойликлар тимсоли олтин деб билган бўлсам, катта бўлганим сари инсоннинг икки дунёга арзигулик ганжинаси имон, эътиқод эканини англадим. Уларни дунёнинг барча бойликлари билан ҳам қўлга киритиб бўлмайди. Аммо қалбдаги имон олдида энг олий хазиналарнинг заррача қиймати йўқ.

Раббим, ҳар рамазонда Қадр кечасини муносиб ўтказишни насиб эт, токи рўзи маҳшар тонгида ўкинмайлик. Имон отлиғ хазинани қалбимизга жо қил, токи дунё матолари кўзимизни қамаштириб, ҳақ йўлдан тойиб кетмайлик. Бу кечада фақат кўзимиз эмас, кўнглимиз билан бедор бўлиш бахтига етказ, токи соғиндик деганимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва асҳоб юзларига ёруғ юз билан боқайлик. Фақат бу кеча эмас, умримизнинг барча онини Сенинг зикринг билан кечириш саодатига эриштир, токи Улуғ Манзилга, Қутлуғ Дийдорга омонликда етайлик...

Зумрад Фозилжон қизи


arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият