Президент қарорига кўра, 2023 йил 1 майдан “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га киритилган жисмоний шахслар чакана савдо объектларидан айрим товарларни сотиб олганда харид суммасидан 1 фоиз миқдордаги кешбэк ўрнига 12 фоиз ҚҚС қайтарилади.
Реестрдаги шахсларга ҚҚС қайтариб бериладиган маҳсулотлар рўйхати:
- Қўй гўшти
- Парранда гўшти
- Мол гўшти
- Тухум
- Ўсимлик ёғи
Давлат солиқ қўмитаси кешбэк қайтариш тартибини маълум қилди.
ҚҚСни қайтариб олиш учун “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”даги истеъмолчи “Soliq” мобил иловасини юклаб олиб, Face-ID орқали рўйхатдан ўтиши ҳамда иловада харид чекининг QR-кодини сканерлаши лозим.
ҚҚС қайтарилиши учун қуйидаги шартлар бажарилиши керак:
- харидор “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”да бўлиши;
- сотиб олинган маҳсулот ҚҚС қайтариладиган маҳсулотлар рўйхатига кириши;
- тадбиркорнинг ҚҚС тўловчи сифатида рўйхатдан ўтгани.
Реестрдаги истеъмолчи:
- ҚҚС қайтариладиган маҳсулотлар билан бирга бошқа турдаги маҳсулотларни харид қилиб чекни рўйхатдан ўтказганда, ҚҚС қайтариладиган маҳсулотлар учун 12 фоиз, бошқа турдаги маҳсулотлар учун 1 фоиз кешбэкка эга бўлади;
- ҚҚС тўловчиси бўлмаган тадбиркорлик субъектидан ҚҚС қайтариладиган маҳсулотлар сотиб олганда, ҳозиргидек 1 фоиз кешбэк қайтарилади.
ҚҚС суммаси чек рўйхатдан ўтказилган ойдан кейин ойнинг 25-санасидан сўнг “Soliq” мобил иловаси орқали тўлаб берилади.
Тахминий ҳисоблашлар кешбэк суммасининг жуда камлигини ҳам кўрсатди – бу эса уни қайтариб олишга қизиқиш паст бўлишига сабаб бўлиши мумкин.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг