09:52 / 30.04.2023
775

Нега Макка мушриклари иймонга келмаган?

Нега Макка мушриклари иймонга келмаган?

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккада туғилиб, яшаганлар. Шунинг учун у зотнинг пайғамбарлик чақириғи дастлаб Макка аҳлига қаратилган эди. Лекин Макка мушрикларининг аксарияти пайғамбар алайҳиссаломнинг даъватини қабул қилмади, аксинча, унга қарши ҳақиқий уруш бошладилар.

Ҳатто Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг яқин қариндошлари ҳам унга қарши чиққанидан сўнг Макканинг бошқа аҳолиси ҳақида нима дейиш мумкин?! Улар Маккада Ислом динининг тарқалишига шунчалик тўсқинлик қилдиларки, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз шаҳарларини тарк этиб, Мадинага кўчишга мажбур бўлдилар.

Нега маккаликлар Исломни қабул қилишдан бунчалик қатъий бош тортган эди? Нега улар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ва у зотнинг даъватига қарши жанг қилдилар? Нега улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга келган ҳақиқатни англаб етишмади?

Кибр

Маккаликларнинг аксарияти Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган дин ҳақ эканлигини жуда яхши билишарди! Ахир, у билан келган нарса ниҳоятда равшан эди ва Қуръон мўъжизалари ҳамманинг кўз ўнгида эди. Дарҳақиқат, улар Аллоҳ таоло Қуръони каримда айтганидек, ҳақни онгли равишда рад этдилар: “Ва ўзлари аниқ билиб турсалар ҳам, зулм ва кибр туфайли уларни инкор этдилар. Бузғунчиларнинг оқибати қандай бўлишига назар сол”, (“Намл”, 14).

Ҳукмронлик ва ҳокимиятни йўқотишдан қўрқиш

Шунингдек, баъзи маккаликлар ҳукмронлик ва ҳокимиятни йўқотишдан қўрқиб, Исломни қабул қилишдан қайтдилар. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг барча ишларини Аллоҳнинг шариатига кўра ҳал қилишга даъват қилганлар ва барча кўрсатмаларни тўғридан-тўғри Аллоҳ таолодан олганлар.

Бундай ҳолатда Маккада Ислом дини ёйилса, Абу Суфён, Умайя ибн Халаф ва бошқалар каби маккалик раҳбарлар ўз кучини йўқотарди. Шу боис ҳокимиятни қўлдан бой бериш қўрқуви улар учун Ислом йўлида катта тўсиқ бўлди.

Молиявий манфаатлар учун қўрқув

Макка аҳолиси орасида ўз молиявий манфаати учун қўрққанлар ҳам бор эди, чунки улар Макка куфрда қолган пайтда кўпроқ фойда кўрарди.

Макка хавфсиз шаҳар бўлиб, у ерга Арабистон ярим ороли аҳолисининг аксарияти савдо қилар ва катта фойда кўрарди. Улар, агар араблар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга қарши уруш бошласа, Макка хавфсиз шаҳардан нотинчликлар марказига айланади ва бу, албатта, уларнинг савдо-сотиқдан олаётган даромадига таъсир қилади, деган ўйда эдилар.

Қолаверса, Арабистон аҳолисининг аксарияти бутпарастлар бўлиб, агар маккаликлар Исломни қабул қилса, мушриклар Маккага келмас, Маккага иқтисодий қамал эълон қилиши ҳам мумкин эди. Бу маккалик савдогарлар манфаатига тўғри келмасди.

Шунинг учун Макка аҳолиси исломнинг бутун Арабистон ярим оролида тарқалишига қарши эдилар. Ахир, агар бошқа жойлик савдогарлардан камида бир нафари исломга кирса, у Макка билан савдо қилмаслиги ва бу билан Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни қўллаб-қувватлашининг эҳтимоли жуда катта эди.

Орадан бир неча йил ўтиб, Ямома ҳукмдори Самама ибн Асал розияллоҳу анҳу Исломни қабул қилганларида айнан шундай бўлди. У Маккага озиқ-овқат етказиб беришни тўхтатди ва бу маккаликларга, айниқса, савдогарларга катта зарар етказди. Макка мушрикларининг бир қисмининг Исломни рад этишларига уларнинг молиявий манфаатларидан қўрқиш асосий сабаб бўлди.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган: “Эсла, фаришталарга: «Одамга сажда қилинглар!» дедик, бас, сажда қилдилар, фақат иблисгина бош тортди, мутакаббирлик қилди ва кофирлардан бўлди. (“Бақара”, 34).

Ўйин-кулги ва маишатни йўқотишдан қўрқиш

Маккада исломни қабул қилгандан кейин энди роҳат-фароғат ва ислом ман қилган баъзи лаззатлардан баҳраманд бўла олмай қолишидан қўрққанлар ҳам бор эди. Зеро, Ислом дини эзгуликка, яхши хулқ-атворга, шунингдек, ҳар қандай гуноҳдан узоқлашишга чақиради. Шайтонга эргашувчилар эса ҳаром нарсадан воз кеча олмас эди.

Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тарғиб қилган янги дин зино, бузуқлик, ахлоқсизлик, адолатсизлик, зулмдан қайтарган ва бу кўпчилик маккаликлар учун номақбул эди.

 Жаҳолат ва ақлсизлик

Маккаликларнинг кўпчилиги ўзларини исломни қабул қилишдан аҳмоқликлари ва ақлларини ишлатишга қодир эмасликлари туфайли қайтариб турдилар. Бу уларнинг Исломни қабул қилишларига катта тўсиқ бўлди. Улар кўп худоларга сиғинардилар. Ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг олдига келиб, Аллоҳ ягона ва ҳеч қандай шериги йўқ, деганларида, қалблари ва ақллари бу ҳақиқатни қабул қилишдан бош тортди.

Улар: «У барча илоҳларни ягона илоҳга айлантирдими? Бу ақл бовар қилмайдиган нарса”. Улар яккахудоликдан ҳайратда қолишди, лекин аслида одамни бир нечта худоларнинг мавжудлигига қандай ишониши кўпроқ таажжубланарли ҳолдир.

Макка аҳлининг ислом динини қабул қилишига тўсқинлик қилган бу тўсиқларнинг барчасини ҳисобга олсак, нуфузли маккаликлар шахсий ва жамият манфаатларини акс эттирмайдиган у ёки бу сабабларга кўра Исломни қабул қилишдан бош тортганликларини тушунишимиз мумкин.

Маккаликларнинг кўпчилиги ҳақиқатни билганликлари, лекин атайлаб унга зид иш қилганликларини ҳам кўрамиз. Ўзлари буни англасалар ҳам, лекин омма олдида у бу ҳақда гапира олишмас эди. Уларнинг ислом ҳақ дин эканлигини тан олишга журъатлари етмай, ўз манфаатларидан келиб чиқиб, Макка келажагини фидо қилишган.

Шундай қилиб, Макка зодагонлари бор кучлари билан янги даъватга қаршилик кўрсатишга ва ҳар қандай йўл билан одамларни бу ҳақиқатни қабул қилишдан қайтаришга қарор қилдилар. Бунинг учун улар аввалги пайғамбарларга қарши қўлланилган турли усулларни қўллаганлар, бу усуллар бугунги кунда ҳам Ислом душманлари томонидан қўлланилмоқда.


arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият