date
views 451

Хитой Ўзбекистондаги шўрланган ерларда янги услубда маҳсулот етиштиришни таклиф қилди

Хитой Ўзбекистондаги шўрланган ерларда янги услубда маҳсулот етиштиришни таклиф қилди

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов Хитойда Гуандун Океанология университети ректори Пан Синцян бошчилигидаги илмий доира вакиллари билан учрашув ўтказди.

Азиз Воитов учрашув иштирокчиларига бугунги кунда Ўзбекистонда илм-фаннинг ишлаб чиқаришга интеграцияси, ақлли агротармоқни барпо этиш йўлида ташланган қадамлар, соҳани рақамлаштириш бўйича қилинаётган ишлар ҳамда геоахборот тизимини ривожлантириш йўналишидаги лойиҳаларни тақдим этди.

Ўз навбатида, Океанология университети ректори ўзбек олимлари, аграр тармоқ мутахассислари билан амалий ҳамкорлик қилишдан манфаатдор эканлигини билдирди. Аниқ таклифлар ҳам берилди: ўзбек-хитой лабораториясини ташкил қилиш.

Асосий эътибор айнан лаборатория текширишлари натижасида мамлакатда шўрланган ерларда қайси маҳсулот етиштириш мумкин, уларни қайсиларини ер имкониятларига мослаштириш мумкин, талаб ва таклифдан келиб чиқиб иқлимий шароитларни ҳисобга олган ҳолда 2-3 маротаба ҳосил олиш, такрорий экинлардан самарали фойдаланиш масалаларига қаратилади.

Бунинг учун университет делегацияси шу йилнинг июн ойида Ўзбекистонга ташриф буюриш ниятини билдирди. Қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов Океанология университети ректори Пан Синцян билан юқоридаги масалаларда ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишни кўзда тутувчи ҳамкорлик меморандумини имзолади.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Хитой Ўзбекистондаги шўрланган ерларда янги услубда маҳсулот етиштиришни таклиф қилди