20:16 / 26.05.2023
217

Шавкат Мирзиёев автобусга ўтириб, йўловчилар билан бирга юриб кўрди (фото)

Фото: Президент матбуот хизмати

Шавкат Мирзиёев 26 май куни “Тошшаҳартрансхизмат” акциядорлик жамияти тизимидаги 7-автобус саройини бориб кўрди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Хабарга кўра, илгари шаҳарда кунига 800-900 минг йўловчи жамоат транспортидан фойдаланган бўлса, ҳозирда бу кўрсаткич 1 миллион 300 мингдан ошган. Шу боис автобуслар етишмаслиги, кутиш вақти кўплиги каби муаммолар юзага келган эди.

Давлат раҳбари 2022 йил 13 декабрь куни пойтахтдаги 18-автобус саройида бўлиб, бу аҳволни ўзи кўрган, янги автобуслар олиб келиш ва йўловчиларга қулайликларни ошириш бўйича топшириқлар берган эди. Шундан келиб чиқиб, 16 февралда президентининг “Жамоат транспорти тизимини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Бу галги ташриф чоғида Шавкат Мирзиёев соҳадаги вазифалар ижроси билан танишди.

Апрель май ойларида Тошкент шаҳрига 755 та замонавий автобус олиб келиниб, йўловчилари энг кўп йўналишларга қўйилган. Натижада автобусларнинг кунлик сони 1 минг 400 тага етган, 9 та қўшимча йўналиш очилган. Яқин кунларда яна 245 та автобус келтирилади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Жумладан, 7-автобус саройи шу пайтгача 18 та йўналишда кунига 90 минг йўловчига хизмат кўрсатар эди. Яқинда унинг парки 67 та янги транспорт билан бойиди. Табиийки, йўловчи ташиш қуввати ошиб, автобусларнинг оралиқ вақти қисқарди.

Мутасаддилар Тошкент шаҳрининг янгиланган Транспорт бош режаси бўйича ҳам ахборот берди. Қайд этилганидек, у шаҳарнинг кенгайиши ва йўловчилар оқими таҳлили асосида, 167 та йўналишдан иборат тарзда ишлаб чиқилган. Шундан 17 тасида кунлик режа белгилаш тартиби бекор қилиниб, босиб ўтилган масофага қараб ҳисоб-китоб тизимига ўтилган. Июнь июль ойларида қолган 150 та йўналиш ҳам тендер савдолари орқали шундай тизимга ўтказилади. Натижада қатновлар мунтазамлиги таъминланади, хизмат сифати ошади.

Қайд этилишича, бунда ҳайдовчиларнинг малакаси ҳам жуда муҳим. Шу боис Транспорт университети ва бошқа ўқув марказларида ҳайдовчиликка ўқитиш ҳамда қайта тайёрлаш йўлга қўйилган. Автобус ҳайдовчиларининг ойлик маошлари икки баробар оширилиб, йил бошидан бери мингдан зиёд ҳайдовчи ишга қабул қилинган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлат раҳбари автобусларга сифатли сервисни йўлга қўйиш муҳимлигини таъкидлади. Йўлкира тўлови тизимини тартибга солиш, ҳаракат назоратини рақамлаштириш, бекатларда шароитларни яхшилаш бўйича кўрсатмалар берди.

Янги автобуслар, албатта, халқимизга қўшимча шароит яратди. Эндиги вазифа йўлларда тирбандликни камайтириб, автобусларнинг эркин ҳаракатини таъминлаш. Пировард мақсад - Тошкентда жамоат транспорти қамровини 2 миллион йўловчига етказиш”, — деди Шавкат Мирзиёев.

Президент автобусга ўтириб, оддий йўловчилар билан бирга йўналиш бўйлаб юриб кўрди.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Шавкат Мирзиёев автобусга ўтириб, йўловчилар билан бирга юриб кўрди (фото)
ePN