Оилавий никоҳ низолари кўпайган сайин уй-жойга яшаш учун киритиб қўйиш ҳақидаги низолар ҳам кўпаймоқда. Бундай низолар
Ўзбекистон Республикаси Уй-жой кодексининг 11, 32, 51-55-моддалари, шунингдек Фуқаролик кодексининг 164-моддалари талаби асосида ҳал қилинади.
Улушли мулкдаги уй-жойларни бўлишда мулкдорлар ўзаро келиша олмагандагина суд тартибида ҳал қилинади.
Ўзбекистон Республикаси Уй-жой кодексининг 32-моддасига кўра, уй, квартира мулкдорининг оила аъзолари, шунингдек у билан доимий яшаётган фуқаролар, агар уларни кўчириб келган пайтда ёзма равишда бошқа ҳол қайд этилган бўлмаса, уйдаги, квартирадаги хоналардан мулкдор билан тенг фойдаланишга ҳақлидирлар. Улар мулкдор берган турар жойга ўзларининг вояга етмаган фарзандларини кўчириб киритишга ҳақлидирлар, оиланинг бошқа аъзоларини эса, уй, квартира мулкдорининг розилиги билангина кўчириб киритишлари мумкин.
Бу шахслар уй, квартиранинг мулкдори билан оилавий муносабатларни тугатган тақдирда ҳам уларда турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқи сақланиб қолади. Уй, квартиранинг мулкдори билан унинг собиқ оила аъзолари, шунингдек у билан доимий яшаётган фуқаролар ўртасида турар жойдан фойдаланиш тартиби тарафлар келишуви билан белгиланади.
Фуқаро У.А. фуқаро А.У. билан ФҲДЁ бўлимида қонуний никоҳдан ўтиб турмуш қуришган. У.А.(аёл) А.У.(эркак)нинг Бағдод тумани, "Қоракўл" МФЙ, Бегвачча қишлоғидаги уйига келин бўлиб тушган.
Фуқаролар А.У. ва У.А.ларнинг ўрталарида ўзаро келишмовчилик келиб чиқиши натижасида фуқаро А.У. ва унинг оила аъзолари томонидан фуқаро У.А. келин бўлиб тушган уйдан чиқариб юборилган.
Натижада фуқаро У.А. ўзининг бузилган ҳуқуқларини тиклаш борасида, яъни келин бўлиб тушган уйга киритиш учун судга даъво аризаси билан мурожаат қилган. Фуқаролик ишлари бўйича Риштон туманлараро судининг ҳал қилув қарорига асосан фуқаро У.А келин бўлиб тушган уйга киритиш белгиланган.
Мажбурий ижро бюросининг Бағдод тумани бўлимига фуқаролик ишлари бўйича Риштон туманлараро судининг даъвогар У.А.нинг жавобгар А.У.га нисбатан умумий мулкни бўлиш ҳақидаги даъво талаби юзасидан, шу йил 6 июнь куни Бағдод тумани, "Қоракўл" МФЙ, Бегвачча қишлоғидаги турар жойнинг 439.0 м2 қисми учун даъвогар У.А.га фойдаланишни белгилаш тўғрисидаги ижро ҳужжати келиб тушган ва ижро иши қўзғатилган.
Ижро ҳужжатининг ижросини таъминлашлик учкн жавобгарга ихтиёрий муддат берилиб, ушбу муддатда ижро этмаслигининг ҳуқуқий оқибатлари тушунтирилган.
Аммо жавобгар ижро ҳужжатини белгиланган ихтиёрий муддатда ижро этмаганлиги натижасида унга тегишли таъсир чоралари қўлланилган ҳолда, Бюронинг Риштон туман бўлими давлат ижрочилари томонидан мажбурий ижро ҳаракатлари олиб борилиб, 16 август куни даъвогар У.К.га ижро ҳужжатида кўрсатилган уй-жойдан фойдаланиш тартиби белгиланди ва ижро ҳужжати "Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида" Қонуннинг 41-моддаси 1-қисми 1-бандига асосан амалда тамомланди.
Албатта, суд томонидан бир фуқаронинг ҳуқуқлари тикланиб, Бюро томонидан ижроси таъминлангандир. Лекин ёшларни оилага тайёрлаш, улар ўртасида ўзаро келишмовчиликлар келиб чиқишининг омиллари, бунинг олдини олиш ва авваламбор оилани сақлаб қолиш борасида масъуллар томонидан кенг тушунтириш ишларини олиб борилса бу каби низоларнинг олди олинган бўлар эди.
МИБ Фарғона вилояти бошқармаси
Н.Х.КАДИРКУЛОВА
