Пенсия жамғармасининг маълум қилишича, республикада 652,9 минг нафар пенсионернинг оладиган пенсияси 50 долларга ҳам етмайди.
2023 йил 1 июль ҳолатига кўра энг юқори иш ҳақи билан пенсия (ҳисобланган) тайинланган фуқаролар 401,9 минг нафарни ва энг кам миқдорда пенсия олувчилар 652,9 минг нафарни ташкил этади.
Статистика агентлиги Ўзбекистонда 2023 йил учун ҳисобланган минимал истеъмол харажатлари қиймати бир ойда киши бошига 568 минг сўмни (47 доллар) ташкил этишини хабар қилган.
Бу юқорида очиқланган 652,9 минг фуқаро олаётган энг кам миқдордаги пенсия 50 долларга ҳам етмаслигини англатади.
Маълумот учун, жаҳон тажрибасида минимал истеъмол харажатлари кўрсаткичидан камбағаллик чегараси сифатида фойдаланиш кенг тарқалган. Республикада 2022 йилда минимал истеъмол харажатлари қиймати 498 минг сўм этиб белгиланганди. 2021 йилда бу кўрсаткич 440 минг сўмни ташкил этган.
2023 йил 1 июль ҳолатига Пенсия жамғармасидан пенсия ва нафақа олувчиларнинг умумий сони 4 миллион 470 минг 29 нафарни ташкил қилади. Шундан пенсия олувчилар 3 миллион 854 минг 614 нафарни, нафақа олувчилар 615 минг 415 нафарни ташкил қилади.
Жорий йилнинг январь июнь ойларида янги тайинланган пенсиялар ва нафақалар:
- ёшга доир пенсияси олувчилар – 121 620 нафарни;
- ногиронлик пенсияси олувчилар – 15 326 нафарни;
- боқувчисини йўқотганлик пенсияси олувчилар – 9 255 нафар оилани;
- шунингдек, нафақалар – 55 015 тани ташкил этди.