Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида II Халқаро ҳунармандчилик фестивали ва Риштон туманида Халқаро кулолчилик форумининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Президент Шавкат Мирзиёев фестивал иштирокчиларига табрик йўллади, уни Президент администрацияси Ижтимоий ривожланиш департаментининг раҳбари Одилжон Абдураҳмонов ўқиб эшиттирди.
Тадбирда сўзга чиққан Бутунжаҳон ҳунармандлар кенгаши президенти Саад Ал Қаддумий Ўзбекистонда маданият ва санъатни ривожлантириш, айниқса, ҳунармандликни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани, халқаро ҳунармандлик фестивали ана шу сайъ-ҳаракатларнинг юксак намунаси эканини қайд этди.
Иккинчи бор ўтказилаётган тадбирда 70 та мамлакатдан давлат ва жамоат арбоблари, устазода ҳунармандлар, халқ амалий санъати усталари, мутахассислар, соҳа олимлари, фахрий меҳмонлар, маданият ва санъат намояндалари иштирок этмоқда.
Нуфузли тадбирга уйғун ҳолда Риштон туманида халқаро кулолчилик форуми ўтказилади. Тадбирнинг илк кунида хорижлик ва маҳаллий соҳа вакиллари иштирокида «Анъанавий бадиий ҳунармандчиликни сақлаш ва ривожлантириш соҳасида жаҳон амалиёти» мавзусида илмий-амалий конференция ташкил этилди.
Фестивал доирасида бир қатор тадбирлар, маҳаллий ва хорижий ҳунармандларнинг маҳсулотлари кўргазма-савдоси, этно-мода намойишлари, халқ сайллари, қўғирчоқбозлик ва дорбоз томошалари, вилоятлар фолклор жамоалари ва маданият бошқармалари концерт дастурлари, ош танлови, кулолчилик маҳсулотлари кўргазма-савдоси ўтказилади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!