Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг “Aлиментларни олдиндан тўлаш, шунингдек, алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш бўйича гаров шартномасини тузиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори қабул қилинган.
Мазкур ҳужжат билан алиментларни олдиндан тўлаш ёки алимент тўлаш мажбуриятини таъминлашда гаров тақдим этиш асослари белгилаб берилган.
Қарор ижроси доирасида Фарғона вилояти Марғилон шаҳарда яшовчи ота фарзандлари учун 18 ёшга тўлгунига қадар тўлаши керак бўлган алимент пулларини аввалдан тўлаб қўйди.
Маълум бўлишича, фуқаролик ишлари бўйича Марғилон туманлараро судининг ижро ҳужжатига асосан қарздор М.Исақовдан ундирувчи Д.Исақованинг фойдасига вояга етмаган икки нафар фарзандларининг моддий таъминоти учун алимент ундириш белгиланган.
Таъкидланишича, фарзандларининг моддий таъминоти ва мажбуриятини англаган қарздор Д.Исақов алимент тўлаш мажбуриятини олган бўлса-да, фарзандларининг 18 ёшгача бўлган алимент пулларини собиқ турмуш ўртоғи билан ўзаро келишган ҳолда олдиндан тўлаб беришини айтиб, Мажбурий ижро бюросининг Марғилон шаҳар бўлимига мурожаат қилган.
Бюронинг давлат ижрочиси томонидан ҳисоблаб берилган 70 миллион сўм алимент пулларини собиқ турмуш ўртоғи тўлиқ олгандан сўнг ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ижро ҳужжати тамомланди.
Бюронинг Марғилон шаҳар бўлими
давлат ижрочиси Сарварбек Ғофуров
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!