date
views 336

Пул эвазига сайёҳни ВИП классга ўтказиб қўйган «Афросиёб» поезди ходими ишдан олинди

Пул эвазига сайёҳни ВИП классга ўтказиб қўйган «Афросиёб» поезди ходими ишдан олинди

Фото: Видеодан кадр

Хорижлик туристнинг Ўзбекистонга қилган саёҳати вақтида электропоезднинг эконом классидан ВИПига ўтиш учун поезд ходимига қўшимча 15 доллар бергани акс этган видео юзасидан «Ўзтемирйўлйўловчи» АЖ изоҳ берди.

Қайд этилишича, ушбу ҳолат 2023 йилнинг 6 июлида содир бўлган. 10 июл куни поезд ходими лавозимидан озод этилган.

«Вагон кузатувчилари стюардларга бу каби ҳодисалар қайтарилмаслиги бўйича тегишли йўриқномалар билан тушунтириш ишлари олиб борган. Ҳозирги кунда юқори тезликда ҳаракатланувчи «Афросиёб» электропоездларининг барчасида ишчи гуруҳ томонидан текширув амалга оширилмоқда. Бу каби ҳолатлар қайтарилмаслиги учун назорат ўрнатилган», – дейилади расмий изоҳда.

Шу йил май ойида россиялик блогер Иля Варламов «Ўзбекистон темирйўллари»даги хизмат кўрсатиш сифатини танқид қилганди.

Ўшанда Варламов «Тошкент-Самарқанд» йўналишидаги поезднинг «люкс» купеси учун чипта нархи 100 доллардан қиммат эканини, аммо ундаги шароитлар талабга жавоб бермаслигини айтганди.

Кейинроқ «Ўзтемирйўлйўловчи» АЖ муносабат билдириб, ҳолат бўйича тезкор йиғилиш ўтказилганини, камчиликлар учун ўша пайтда хизмат вазифасини олиб борган вагон кузатувчилари ва поезд бошлиғига қатъий интизомий жазо қўлланилганини маълум қилганди.

Чипта нархи 100 АҚШ долларидан ошиқлиги ҳақидаги гапларни эса масъуллар ҳақиқатга тўғри келмаслигини, сайёҳ бу йўналиш учун чиптани Россия Федерациясининг «РЖД» сайтидан электрон тарзда 4213,9 рублга расмийлаштирганини таъкидлаганди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Пул эвазига сайёҳни ВИП классга ўтказиб қўйган «Афросиёб» поезди ходими ишдан олинди