Бобур Бекмуродов ўзбекистонликларни Россиядан олиб кетишга чақирган рус депутатига жавоб қайтарди
«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов россиялик депутат Михаил Делягиннинг Ўзбекистон фуқароларини мамлакатдан олиб кетиш борасидаги чақириғига муносабат билдирди.
«Биринчидан, ҳар қандай мамлакат ўз фуқаролари тўғрисида қайғурган ҳолда уларга зарур шароитлар яратиш бўйича ташаббусларни илгари суриши нормал ҳолдир. Ушбу ташаббусларни амалиётга татбиқ этиш сўзсиз Россия қонунчилигига мувофиқ амалга оширилади.
Иккинчидан, Россияда меҳнат қилаётган ватандошларимиз, табиийки, ҳалол меҳнатлари эвазига ўз оилаларини моддий таъминламоқдалар, Россия уларни текинга боқмаяпти. Бу борада уларнинг аксарияти ёшларни ташкил этган ҳолда ўзларининг айни кучга тўлган даврларида Россия иқтисоди учун хизмат қилмоқдалар.
Учинчидан, рус депутатининг иттифоқчи мамлакатга нисбатан бу каби ўта оғир айбловларни илгари суриши Россия билан муносабатларда ҳаттоки энг яқин ҳамкорларини ҳам ҳушёрликка даъват этади.
Тўртинчидан, ўртоқ Делягин Михаил, агар сиз айтгандек, Россия Федерацияси каби катта мамлакатни меҳнат мигрантлари «парчалай» олса, олдингизда давлатчиликни мустаҳкамлаш билан боғлиқ бошқа муҳимроқ вазифалар турибди.
Михаил, бизда эркин ОАВ бор, Дума депутатлари айтаётган фикрлар Ўзбекистон жамоатчилигига етиб боради ва шубҳасиз мамлакатингизга нисбатан салбий фикрни шакллантиради. Давом этинг», — дейди Бекмуродов.
Ўзбекистон президенти маслаҳатчиси Қаҳрамон Қуронбоев бошчилигидаги комиссия шу кунларда Россияга ташриф буюриб, у ерда ўқиётган ва ишлаётган мигрантлар шароитлари билан танишди. Президент маслаҳатчиси Россия давлат думаси вице-спикери Владислав Даванков билан учрашувда Россиядаги мигрантлар болалари учун боғча ва мактаблар очишга ёрдам беришни сўраган.
«Говорит Москва» радиостанцияси билан суҳбатда россиялик депутат Михаил Делягин бу ташаббус ноқонуний эканлигини айтди. У бу Россия конституциясига зид бўлиб, дискриминацияга сабаб бўлишини таъкидлаган.
«Эҳтимол, Ўзбекистон президентининг маслаҳатчиси инсонларнинг миллатига қараб бўлиш мумкин эмаслиги битиб қўйилган Россия конституцияси ҳақида ҳеч нарса эшитмаган чиқар. Мигрантларнинг фарзандлари учун мактаблар очиш бу — Россия Федерацияси фуқароларини дискриминация қилиш. Бу тожик диаспоралари вакиллари тожикистонлик мигрантларга хизмат кўрсатадиган тиббий марказлар очиш тўғрисидаги ташаббусига ўхшаш нарса. Бу Россияни вайрон қилиш ва йўқ қилишга, аввалига бегона, кейинроқ душманона анклавлар яратишга қаратилган англашилган сиёсат.
Менинг фикримча, албатта, Ўзбекистон болалар боғчаси ва мактаблар қуриши мумкин, фақат ўз ҳудудида. Шунингдек, улар Россияга сиқиб чиқарган фуқароларини қайтариб олиши керак. Чунки айтайлик, Тожикистон аҳолисининг учдан бир қисмидан зиёди Россияда яшамоқда. Бу вазият Тожикистон учун ҳам, Россия учун ҳам нормал ҳол саналмайди», — деган Делягин.
Аввалроқ «Миллий тикланиш» демократик партияси Марказий кенгаши раиси Алишер Қодиров ҳолатга муносабат билдириб, Россияда ўзбеклар ва ўзбек тилига муносабат Делягинча бўлса, Ўзбекистонда рус тилига муносабат мутаносиб бўлиши кераклигини таъкидлаганди.
«Россияда ўзбеклар ва ўзбек тилига муносабат Делягинча бўлса, Ўзбекистонда рус тилига муносабат мутаносиб бўлиши керак.
Россия мактабларида ўзбек тилини ўргатиш рус миллатини камситиш ҳисобланади-ю, Ўзбекистон мактабларида рус тилида таълим берилаётгани ўзбекларни камситиш ҳисобланмайдими?» — дея савол қўйган Алишер Қодиров Делягиннинг важларини келтирар экан.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг