Қонунчилик палатасининг 28 ноябрдаги навбатдаги мажлисида депутатлар йўл ҳаракати қоидалари билан боғлиқ қонун лойиҳасини уч ўқишда кўриб чиқиб, қабул қилди.
Лойиҳа билан транспорт воситаларини маст ҳолатда бошқариш ёки мастлик ҳолатида текширувдан ўтишдан бўйин товлаш учун жиноий жавобгарлик белгиланмоқда. Амалда бунинг учун маъмурий жавобгарлик мавжуд.
Таклиф этилаётган санкция қандай экани ҳозирча маълум эмас. Ўтган йили ИИВ ЙҲХХ бошлиғи Олимжон Саидов маст ҳолда рулга ўтирганлар 5 йилгача ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши ҳақида айтганди.
Амалдаги жавобгарлик қандай?
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 131-моддасига кўра, ҳозирда автомобилни маст ҳолда ҳайдаш транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан бир 1 йил-у 6 ойдан 3 йилгача муддатга маҳрум қилиб, БҲМнинг 25 баравари (1 декабрдан 8,5 млн сўм) миқдорида жарима солишг сабаб бўлиши мумкин.
Худди шундай ҳуқуқбузарлик транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахс томонидан содир этилган бўлса, БҲМнинг 40 баравари (1 декабрдан 13 млн 600 минг сўм) миқдорида жарима солишга ёки 15 сутка муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.
Ҳозирда мастлик ҳолатини аниқлаш учун текширувдан ўтишдан бўйин товлаш кодекснинг 136-моддасига кўра маъмурий жавобгарликка сабаб бўлади. Бунда, ҳайдовчи транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан 1 йил-у 6 ойдан 3 йилгача маҳрум қилиниб, БҲМнинг 15 баравари (1 декабрдан 5 млн 100 минг сўм) миқдорида жаримага тортилади.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг