Фарғона вилоятида 27 ноябр куни спортнинг жанговар тури билан шуғулланган Ҳумоюн Тўхтамуродов гуруҳбозликка интилиб, атрофига турли тезкор вазиятга салбий таъсир қилувчи шахсларни йиғиб, Қўқон шаҳрида икки нафар шахсга тан жароҳати етказган. У ҳодиса жойидан яширинган вақтда тезкор ходимлар томонидан ушланиб, жазо муқаррарлиги таъминланди.
Вилоят ИИБ матбуот хизмати хабар беришича, «Зарбдор 40 кунлик» доирасида Фарғона вилоятида тезкор вазият барқарорлигини таъминлаш, жиноятчиликни жиловлаш борасида ҳамкорликдаги тезкор-қидирув профилактик тадбирлари ўтказилмоқда.
Хусусан, тезкор маълумотлар асосида криминоген муҳит мавқейига эга бўлган 248 нафар шахснинг яшаш ва бошқа манзилларида комплекс тезкор қидирув тадбирлари ўтказилган. Шунингдек, жиноят содир этишга мойил бўлган шахсларнинг ҳуқуқбузарликларини аниқлаш бўйича 106 марта фаол тезкор қидирув тадбирлари ўтказилиб, 66 та жиноятлар аниқланди.
Мазкур тадбирлар давомида:
- 4 кг 749 грамм гиёҳвандлик воситалари;
- 78 дона психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддалар;
- 41 та қурол, ўқ дорилар ва совуқ қурол сифатида фойдаланиш мумкин бўлган ашёлар олинди.
- 45 дона турли хил компютер, телефон ҳамда диний адабиётлар;
- жиноят содир этиб, суд ва тергов органларидан яширинган 37 нафар қидирувдаги шахслар ушланди.
Ўтказилган махсус тадбирлар давомида гуруҳбозлик қилган жами 22 нафар шахс безорилик устида ушланиб, уларнинг фаолиятига чек қўйилди.
Қўшимча қилинишича, 22 ноябр куни Олтиариқ туманида гуруҳбозликка интилувчи икки гуруҳ вакиллари А.Рустамов ва Т.Мирзараҳимов ўртасида жанжал келиб чиққан. Ўтказилган тезкор ишлар давомида 15 нафар гуруҳбозлар ва уларнинг издошлари қўлга олиниб, жазо муқаррарлиги таъминланди.
Шунингдек, Фарғона шаҳрида ўтказилган тезкор тадбир давомида уюшган гуруҳга раҳбарлик қилиб, фуқароларни товламачилик ва мулкларни бошқа йўллар билан талон-торож қилган А.Мамиров жиноят устида қўлга олиниб, тергов органларига топширилди.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг