Руҳий саломатлик марказининг психиатрия ва наркология бўйича ҳудудий филиаллари ташкил этилади
Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистонда психиатрия ва наркология ёрдами кўрсатишнинг ягона ташкилий-услубий вертикал бошқарув тизимини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Қарор лойиҳасида қуйидагилар назарда тутилган:
Ўзбекистонда психиатрия ва наркология ёрдами кўрсатишнинг ягона ташкилий-услубий вертикал бошқарув тизими ташкил этилиши;
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар психиатрия ва наркология муассасалари Республика ихтисослаштирилган руҳий саломатлик илмий-амалий тиббиёт марказининг ҳудудий бўлинмалари этиб белгиланиши;
Республика ихтисослаштирилган руҳий саломатлик илмий-амалий тиббиёт марказининг психиатрия ва наркология бўйича ҳудудий филиаллари ташкил этилиши;
қўшиб юбориш йўли билан қайта ташкил қилинаётган психиатрия муассасалари белгиланиши.
Қарорнинг қабул қилиниши қуйидаги имкониятларни яратади:
психиатрия муассасалари фаолиятини мувофиқлаштиришнинг самарали ва замонавий механизми жорий этилади;
ҳудудлардаги психиатрия ва наркология муассасалари марказнинг ҳудудий ташкилий-услубий бўлинмалари (филиаллари)га айлантирилади хамда улар тиббиёт олий, профессионал ва ўрта махсус таълим муассасаларининг тегишли кафедралари учун асосий клиник база сифатида фаолият юритади;
марказ ихтисослаштирилган психиатрик, наркологик ва тиббий-психологик ёрдам кўрсатиш интеграциясини йўлга қўяди;
руҳий саломатликни таъминлаш йўналишидаги ишлар соғлиқни сақлашнинг барча даражаларида мувофиқлаштирилади ва назорат қилинади.
Қарор ижроси орқали қуйидаги натижаларга эришилади:
республика, вилоят ва туман (шаҳар) даражасидаги психиатрия ва наркология муассасалари, шу жумладан уларнинг бўлинмалари томонидан профилактика, ташхис қўйиш ва даволаш бўйича маълумотлар марказ ва унинг ҳудудий филиалларига мунтазам тақдим этилиши йўлга қўйилади;
марказ ва унинг ҳудудий бўлинмалари ўртасида электрон ҳужжатлар алмашинуви, телемедицина ва видео консултациялар йўлга қўйилади;
масофавий психиатрия ёрдами кенг жорий этилади ҳамда тиббий ҳужжатларни электрон шаклда юритиш йўлга қўйилади;
кенг аҳоли қатламини давлат томонидан кафолатланган тўлиқ ҳажмдаги психиатрик, наркологик ва тиббий психологик ёрдам билан қамраб олиш кўлами кенгаяди;
сифатли тиббий ёрдам чораларини ўз вақтида кўрсатиш имкони яратилади;
психиатрик ва наркологик беморларни даволаш учун қулай шарт-шароитлар яратилади, уларни даволашнинг кенг қамровлилиги таъминланади.
аҳолига кўрсатиладиган психиатрик, наркологик ва тиббий психологик ёрдам самарадорлиги сезиларли даражада ошади.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг