Дубайда COP28 форуми доирасида Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳамда Таdwееr (Аbu Dabi Waste Management Company — Абу-Даби чиқиндиларни бошқариш компанияси) ўртасида меморандум имзоланди.
Меморандумдан сўнг Шавкат Мирзиёев ва Таdwееr компанияси бош директори Али ал-Дҳаҳери ўртасида икки томонлама учрашув бўлиб ўтган. Учрашувда 2019 йилдан буён йўлга қўйилган ҳамкорликнинг кенгайиши БАА ва Ўзбекистон ўртасидаги мустаҳкам ва ижобий муносабатлардан далолат бериши қайд этилган. Шунингдек, меморандум имзоланиши ҳамкорликнинг янги босқичга кўтарилганини ифодалаши таъкидланган.
Таъкидланишича, меморандум қаттиқ маиший чиқиндиларни бошқаришда замонавий, инновацион ва экологик тоза технологиялар ҳамда хизматларни жорий этиш ҳамда барқарорликни оширишга хизмат қилади. Шунингдек, Ўзбекистонда “Чиқиндиларни энергияга айлантириш” заводи ишга туширилиши ҳам режалаштирилган.
Лойиҳа Навоий, Бухоро вилоятлари ва Фарғона водийсига қаратилган техник-иқтисодий асослашдан бошланади, ҳар бир ҳудудда чиқиндиларни йўқ қилиш амалиёти ўрганилади. Таdwееr компаниясининг бошқарувчи директори ва бош директори Али ал-Дҳаҳери ҳамкорликдан мамнун эканлигини билдирди.
Ҳамкорлик доирасида маиший чиқиндиларни йиғиш ва олиб чиқиш, шунингдек, саралаш, қайта ишлаш ва утилизация қилишни бошқариш тизими ишлаб чиқилади. Электр ва иссиқлик энергияси ишлаб чиқариш учун полигон газини қазиб олишга ҳам эътибор қаратилади. Лойиҳа доирасида қаттиқ маиший чиқиндиларни ишлаб чиқарувчи корхоналарда чиқиндиларни саралаш линиялари ўрнатиш, пластмасса, қоғоз, шиша ва алюминий каби иккиламчи хомашёни қайта ишлаш корхоналарини ташкил этиш ҳам кўзда тутилган.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг